Беларусь терма жамоаси Польша чегарасида 12 соат ушлаб турилди

Спорт

image

Беларусь миллий терма жамоаси Данияга қарши 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаши доирасидаги ўйин учун Копенгагенга сафар чоғида жиддий логистика муаммоларига дуч келди. Футболчилар ва мураббийлар штаби Польша чегарасида 12 соат ушлаб турилди. Бу ҳақда Беларусь футбол федерацияси хабар қилди.

Режага кўра, жамоа Минскдан автобусда Вильнюсга етиб бориб, у ердан чартер рейс билан Дания пойтахтига учиши керак эди. Аммо Литванинг 29 октябрдан бошлаб Беларусь билан чегарани тўлиқ ёпиш қарори сабаб, йўналиш ўзгартирилган ва жўнаш Варшавага кўчирилди.

Федерация маълумотига кўра, терма жамоа 13 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 20:00 да Минскдан Беларусь футбол федерацияси (АБФФ) томонидан ажратилган автобусда йўлга чиққан. Беларусь чегараси тезда кесиб ўтилган бўлса-да, Польша томонда кутилмаган муаммо юзага келган.

“Номаълум сабабларга кўра нейтрал ҳудуд ва Польша назорат-ўтказиш пункти орқали ўтиш жараёни 12 соатдан ортиқ вақт олди”,  дейилади АБФФ баёнотида.

Ушбу катта кечикиш туфайли белгиланган чартер рейси жадвали бузилган. Федерация зудлик билан Варшава – Копенгаген йўналишидаги рейс вақтини ўзгартириш учун музокара олиб боришга мажбур бўлган.

Кечикишларга қарамай, режадаги тадбирлар ўзгармаган. Жорий йилнинг 16 ноябрь куни бўлиб ўтиши керак бўлган Дания – Беларусь учрашуви ва “Паркен” стадионида ўйинолди матбуот анжумани ҳам ўз вақтида бўлиб ўтиши режалаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Футбол Польша Беларусь мураббий Дания

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг