Билакдаги $50 минг: Халқ хизматчисининг ҳашамати қаердан?
Таҳлил
−
21 Апрель 10753 5 дақиқа
Ўзбекистонда жамоатчилик ҳеч тинч ўтирмайди. Ҳар кунга муҳокама қилишга мавзу топилади. Кечагина санъаткорларнинг солиқ тўлаши билан боғлиқ можароли муҳокамалардан қутулган ўзбекистонликлар бугун Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитасининг раиси Шерзод Қудбиевнинг 50 минг АҚШ долларига баҳоланаётган соатини муҳокама қилмоқда. Хўш, ойликка кун кўрадиган давлат хизматчисининг билагига бундай қимматбаҳо соат қандай келиб қолди? Умуман, бу соатнинг ҳақиқий баҳоси қанча? Бугун шу ҳақда гаплашамиз.
Бир неча кундирки, ижтимоий тармоқ тинмаяпти. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 14 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида қимматбаҳо соат тақиб олган деб Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитасининг раиси Шерзод Қудбиев тармоқда сазойи қилиняпти. Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган суратларга кўра, Шерзод Қудбиев Breguet Marine Chronographe 5527 русумли соатни тақиб олган. Бироқ, ўрганишларимиз натижасида шу маълум бўлдики, Қудбиев ушбу соатни Президент томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида тақмаган. У йиғилишда умуман билагида соат билан иштирок этмаган. У ушбу соатни Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган Қурилиш соҳаси тадбиркорлари, лойиҳачилар ва кадастр муҳандислари иштирокидаги очиқ мулоқотда тақиб, кўриниш берган.
Breguet Marine Chronographe 5527 модели илк бор 2018 йилда (Baselworld кўргазмасида) тақдим этилган. Ўша пайтдаги расмий чакана нархлар (Retail Price) корпус материалига қараб белгиланган.
Масалан, 2018 йилдаги Титан версияси илк сотув нархлари тахминан 22 600 АҚШ доллари бўлган. Бу материал "Marine" коллекцияси учун янгилик бўлиб, енгиллиги ва чидамлилиги билан юқори баҳоланган.
Олтин корпусли моделларининг бошланғич нархи анча баланд бўлиб, тахминан 33 800 АҚШ долларини ташкил этган. Аммо бу 2018 йилдаги нарх. Breguet каби топ-брендлар ҳар йили ўз маҳсулотлари нархини 3–7 фоизга ошириб боради. Бугунги кунда худди шу моделнинг янгисини бутикдан сотиб олмоқчи бўлсангиз, нархлар 2018 йилга нисбатан 15–20% га қимматроқ (титан учун ~$25 000, олтин учун ~$40 000) эканини кўришимиз мумкин.
Breguet Marine Chronographe 5527 каби юқори тоифадаги соатларни сотиб олиш жараёни оддий буюмларни харид қилишдан бироз фарқ қилади. Бу бренд "Patek Philippe" ёки "Rolex"нинг баъзи моделлари каби йиллаб навбат кутишни талаб қилмаса-да, ўз тартиб-қоидаларига эга.
Ўзбекистонда Breguet’нинг расмий монобрендли бутиги мавжуд эмас. Энг яқин расмий бутиклар Дубай (Dubai Mall), Истанбул, Москва ёки Европа шаҳарларида жойлашган.
5527 модели одатда витринада тайёр туради. Агар сиз истаган комбинация (масалан, оқ олтин корпус ва кўк резина камар) мавжуд бўлмаса, бутик сиз учун буюртма беради. Буюртма кутиш муддати одатда 2 ҳафтадан 2 ойгача давом этиши мумкин.
Сизнинг номингизга расмий халқаро кафолат расмийлаштирилади ва бренднинг VIP мижозлари рўйхатига кирасиз.
Соат нархи $20,000 дан баланд бўлгани учун, уни чет элдан олиб келаётганда Ўзбекистон божхона қонунчилигига асосан декларация қилиш ва бож тўловларини амалга ошириш лозимлигини унутмаслик керак. Хўш, Қудбиев бож тўлаганмикин?
Ижтимоий тармоқлардаги муҳокама Қудбиев қўлидаги соатнинг қиймати ва уни сотиб олиш учун керак бўладиган даромад манбаи ҳақида бормоқда. Соатнинг муҳокамаси унинг йиғилишда кўриниш берганидан кейин бошланди. Блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари соатни люкс модель (тахминларга кўра, Constantin Overseas ёки Breguet Marine) сифатида тахмин қилиб, унинг нархини 50 минг долларга баҳолади. Шунингдек, кенг жамоатчилик амалдорларнинг мол-мулкига жамият эътибори қаратилиши демократик давлат учун норма эканини билдирди.
Ижтимоий тармоқларда муҳокамалар қизиган бир пайтда, Шерзод Қудбиев видеомурожаат эълон қилди ва соат атрофидаги гап-сўзларга жавоб берди.
Қудбиев ўз мурожаатида амалдорлар касбий этикага, айниқса, оммавий тадбирлар ва йиғилишларда қатъий амал қилишлари зарурлигига қўшилган.
Ушбу соат ўзи учун қадрли эканини айтаётган Қудбиев уни қаердан олганига ва нимаси билан қадрли эканига аниқлик киритмаган. Тармоқда эса, соат унинг марҳум отаси Давлат Қудбиевга тегишли бўлгани ва шу сабаб Қудбиевга отамерос ўлароқ қадрли экани ёзилмоқда.
Қудбиевнинг қўлидаги соат яна бир бор давлат хизматчиларининг мол-мулкини декларация қилиш мажбурияти билан боғлиқ бошланган қадамлар тўхтаб қолганини кун тартибига олиб чиқди.
Ўзбекистонда 2022 йилнинг 1 январидан амалдорларнинг мол-мулки декларация қилиниши айтилган эди. Бу талаб Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 6 июлда қабул қилган ва 7 июлдан бошлаб кучга кирган “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида назарда тутилган. Бироқ, ҳужжат қабул қилинганидан 5 йил ўтди ҳамки, бу қонундан ҳали ҳам дарак йўқ.
“Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилиши керак эди. QALAMPIR.UZ манбаларига кўра, 2021 йилнинг август-сентябрь ойларида қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ДХХ, ИИВ, ДСҚ, Олий суд, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банки билан дастлабки ва идоравий келишувлардан ўтказилиб, уларнинг таклифлари асосида такомиллаштирилган. Қонун лойиҳаси 2021 йилнинг 1 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелда имзоланган “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 2025 йил май ойида тайёр бўлиши айтилган эди. Аммо, ҳали ҳам кутилган натижа бўлмади.
Яқиндагина QALAMPIR.UZ Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков Андижон вилоятида ўтган ёшлар билан учрашувга Hermes брендининг АҚШда ўртача 1275 доллардан сотиладиган пойабзалида борганини, бу эса Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2022 йилнинг 14 октябрида қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга зид эканини айтиб чиққанди. Ушбу мақоладан кейин кўпчилик, айниқса, Назарбековнинг мухлислари QALAMPIR.UZ’ни вазирнинг шахсий ҳаёти, нима кийишига аралашишда айблади. Ҳолбуки, Назарбеков шунчаки санъаткор эмас. У бюджет ташкилотининг раҳбари, мамлакатда амалдорларга ўрнатилган тартибларга риоя қилиши керак бўлган Ҳукумат вакили, халқ олдида ҳисобдор бўлган шахс. Ва бу ҳисобдорликни нафақат у ёки Қудбиев, бошқалар ҳам унутмаслиги керак.
Live
Барчаси