Бир ҳафтада Тошкентдаги барча иссиқхоналар газга уланади
Жамият
−
25 Ноябрь 2314 2 дақиқа
Бир ҳафта муддатда пойтахт Тошкент ва унга туташ ҳудудлардаги барча иссиқхоналарга табиий газ етказиб берилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда сўз борган.
Унда Энергетика вазирлиги бир ҳафта муддатда Тошкент шаҳри ва унга туташ бўлган ҳудудлардаги барча иссиқхона объектларига табиий газ етказиб бериш бўйича шартномалар тузилишини ташкил этиш ва узлуксиз табиий газ етказиб берилишини таъминлаш бўйича масъул этиб белгиланган.
Фармонга мувофиқ, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси бир ҳафта муддатда майдони 200 кв метр ва ундан юқори бўлган иссиқхоналарда чанг-газ тозалаш ускуналари носоз ишлаши ёки мавжуд бўлмаганлиги учун маъмурий жарималар миқдорларини юридик шахсларнинг мансабдор шахсларига 5 бараварга ва жисмоний шахсларга 3 бараварга ошириш ҳамда майдони 200 кв метр ва ундан юқори бўлган иссиқхоналарда ёқилғи моддалар, материал ва чиқиндилар (шина, битум, мазут, ишлатилган автомобиль мойи плёнка, резина, жун толаси ва бошқалар) ёқилгани аниқланганда иситиш қозонхонасини давлат фойдасига мусодара қилишни назарда тутувчи жиноий жавобгарликни жорий этиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиши керак.
Маълумот учун, Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда жами 6517 та иссиқхона рўйхатга олинган бўлиб, улардан 2925 таси фаолият юритмайди. 195 тасида ностандарт қозонхоналар мавжуд, шундан 53 таси табиий газга уланган, 100 тасида фильтрлар бор, 1827 тасида фильтр йўқ, 3592 таси кўмирдан фойдаланади.
Live
Барчаси