Биз курашдик ва Украинани сақлаб қолдик – Зеленский бункердан халққа мурожаат қилди
Олам
−
24 Февраль 11063 3 дақиқа
Бугун, 24 февраль куни Украина Президенти Владимир Зеленский Россия томонидан бошланган кенг кўламли урушнинг тўрт йиллиги муносабати билан халққа видеомурожаат йўллади. Бу ҳақда давлат раҳбари ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Зеленский нутқи давомида урушнинг илк кунлари, халқнинг танлови, оғир йўқотишлар ва тинчлик масаласи ҳақида кўплаб баёнотлар берган. Президент дастлаб ушбу тарихий санани эслаган. Унинг таъкидлашича, ўша кунларда кўпчилик Украина тез таслим бўлади, деб ўйлаган. Аммо украиналиклар бошқача йўлни танлаган.
“Бугун Путин Киевни уч кунда эгаллаб олишни ваъда қилганига тўрт йил тўлди. Бизнинг ҳозирги ҳолатимиз Украина шу вақт давомида қандай курашгани ҳақида кўп нарсадан дарак беради. Бу ютуқларимиз ортида улкан жасорат, машаққатли меҳнат, сабр-тоқат ва 2022 йилнинг 24 февралидан буён босиб ўтилган катта йўл турибди”, дейди Зеленский.
Украина раҳбари уруш бошида халқнинг руҳий ҳолати ҳақида ҳам гапирган.
“Биз ҳаммамиз инсонмиз ва ўша вақтда ҳар биримиз қўрқув ва кучли оғриқни ҳис қилдик. Ана шундай мураккаб ҳолатда барчамиз бошқа Украинамиз йўқлигини тушундик”, дейди у.
Зеленский 2022 йилда ўзига мамлакатни тарк этиш таклиф қилинганини яна бир бор эслатган.
“Менга бу вақтда зарур ҳарбий қуроллар керак эди. Давлатимни қийин аҳволда ташлаб кетиш ҳақида эса ўйлаганим йўқ. Мен Россия армиясининг ҳаракатларини кескин қоралайман. Ҳақиқий инсонлар бундай йўл тутишмайди”, дейди давлат раҳбари.
Президент Россиянинг ҳужумларини “суверен давлатга қарши тажовуз” деб атаган.
“Бу шунчаки оддий уруш эмас – бу “ақлсиз” давлатнинг суверен давлатга ҳужуми. Путиннинг бу қарорини ҳеч қандай сабаблар билан оқлаб бўлмайди”, дейди у.
Зеленский Украинанинг қаршилиги ва матонати ҳақида алоҳида тўхталган.
“Украинани мағлуб этишнинг имкони йўқ. Биз қатъий равишда қаршилик кўрсатамиз ва курашишда давом этамиз. Украина нафақат зарбаларга туриб бера олди, балки қарши ҳужум ҳам қилди. Биз узоқ йўлни босиб ўтдик. Оддий жилетлардан тортиб, миллионлаб дронлар ишлаб чиқарадиган даврга етдик”, дейди Зеленский.
Украина раҳбари Россия босими давом этаётганини таъкидлар экан, ўз навбатида тинчлик масаласига ҳам тўхталган.
“Путин Украинани жанг майдонида мағлуб эта олмаслигини тушунади. Албатта, барчамиз урушнинг тугашини хоҳлаймиз. Лекин ҳеч ким Украинанинг таслим бўлишига йўл қўймайди. Биз тинчлик тарафдоримиз. Музокараларда ҳам Украина манфаатларини ўйлаган ҳолда кучли ва адолатли қарорлари қабул қилиниши лозим”, дейди у.
Сўзининг охирида Украина раҳбари халқига мурожаат қилган.
“Мен сизлар билан фахрланаман. Ҳар бирингизга аҳолида ҳурматимни изҳор қиламан. Биз курашдик ва Украинани сақлаб қолдик. Бирлигимиз ва қатъиятимиз билан ғалабага эришамиз. Украинага шон-шарафлар бўлсин”, дейди Владимир Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Женевада Россия делегацияси билан ўтказилган икки кунлик музокаралар натижаларини етарли эмас деб баҳолаганди.