БМТ пулсиз қолиши мумкин – Гутерриш
Олам
−
31 Январь 4436 2 дақиқа
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш жаҳон ташкилоти жиддий молиявий инқироз ёқасига келиб қолганини маълум қилди. Унинг айтишича, бунинг асосий сабабларидан бири ташкилотдаги эскирган бюджет қоидалари. Бу ҳақда кеча, 30 январь куни “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 28 январь куни Гутерриш БМТга аъзо давлатларга “яқинлашиб келаётган молиявий инқироз” хавфи ҳақида огоҳлантирувчи мактуб йўллаган. Унда вазият тобора ёмонлашаётгани ҳақида сўз борган.
“Инқироз тобора чуқурлашиб бормоқда, бу дастурларни амалга оширишни хавф остига қўймоқда ва тўлиқ молиявий инқирозга олиб келиши мумкин. Вазият яқин келажакда фақат ёмонлашади”, деб ёзган Гутерриш БМТга аъзо давлатларнинг доимий вакилларига.
БМТ қоидаларига кўра, аъзолик бадаллари ҳар бир давлатнинг иқтисодий салоҳиятига қараб белгиланади. Хусусан, АҚШ мунтазам бюджетнинг 22 фоизини, Хитой эса 20 фоизини молиялаштиради. 2025 йил якунига беш ҳафта қолганида 48 та давлат БМТга аъзолик бадалларини тўлиқ тўламаган. Улар орасида АҚШ ва Россия ҳам бўлган, Хитой эса ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарган. Кейинчалик Россия қолган 71 миллион АҚШ долларини мунтазам бюджетга ўтказгани маълум қилинган.
Гутерриш ўз мактубида “тасдиқланган мунтазам бюджетнинг катта қисмини ташкил этувчи бадалларни ушлаб қолиш тўғрисидаги қарорлар расман эълон қилинганини” таъкидлаган. У аниқ давлатларни айтмаган бўлса-да, БМТ расмийларига кўра, АҚШ ҳозирда ташкилотга 2,19 миллиард АҚШ доллари қарздор.
Бундан ташқари, Вашингтон БМТнинг давом этаётган тинчликпарварлик миссиялари учун 1,88 миллиард доллар, якунланган миссиялар бўйича эса 528 миллион доллар тўлаши лозим. АҚШ Давлат департаменти Гутерришнинг мактубига изоҳ бериш ҳақидаги сўровларга ҳозирча жавоб бермаган.
Шу фонда, 2026 йил учун бюджет 7 фоизга қисқартирилиб, 3,45 миллиард АҚШ доллари миқдорида белгиланганига қарамай, ташкилот июль ойига бориб нақд пул танқислигига дуч келиши мумкин. Бунинг сабабларидан бири – БМТдан ҳар йили юз миллионлаб долларлик “сарфланмаган маблағларни” аъзо давлатларга қайтаришни талаб қилувчи эскирган қоидадир.
“Бошқача айтганда, биз мавжуд бўлмаган маблағни қайтариб бериш талаб қилинадиган Кафкаона циклга тушиб қолдик”, дея хулоса қилди Гутерриш.
Аввалроқ, Қўшма Штатлар БМТ агентликлари учун ихтиёрий молиялаштиришни қисқартирган, шунингдек, мунтазам бюджет ва тинчликпарварлик операциялари учун мажбурий бадалларни тўлашдан бош тортган. АҚШ Президенти Дональд Трамп БМТнинг “улкан салоҳиятини” тан олган бўлса-да, ташкилот бу имкониятлардан фойдалана олмаётганини айтиб, муқобил “Тинчлик Кенгаши” тузилганини маълум қилганди.
Live
БарчасиЭрдўған Саудияга борди
18:52