“Бориб ўз булбулинг билан ўйна”. Бобур Бекмуродов Соловьёвга кескин жавоб қайтарди (видео)

Жамият

image

Аввалроқ, Россиялик машҳур телебошловчи, Кремлга яқин асосий пропагандист Владимир Соловьёв ўзининг жонли эфирида Украина ҳудудига уюштирилган “махсус ҳарбий амалиёт”ни “Россия таъсир доирасидаги бошқа ҳудудларда” ҳам, жумладан, Марказий Осиё давлатлари ва Арманистонда ўтказиш зарурлигини айтгани ҳақида хабар берилганди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов Соловьёвнинг мазкур гапларига муносабат билдирдиб, унинг гапларини “сафсата” ўзини эса “нусха” деб атади. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

“Соловьёвнинг гапларига тупурдик, унинг империялистик амбицияларига ҳам тупурдик. Биз унга сўзма-сўз таржимада шундай маънони берадиган ўзбекча иборани ўрганишни тавсия қиламиз: бориб, ўз булбулинг билан ўйна”, дейди Бекмуродов.

Шунингдек, у Кремль фантаст-журналисти Владимир Соловёвнинг навбатдаги эфирда Марказий Осиёда “махсус операциялар” ўтказиш ҳақидаги гапларини сафсата деб атаган.

“Халқаро ҳуқуққа “тупуришни” таклиф қилган бу нусха, минтақамизни ўзининг империяча доктриналарига киритишни таклиф қилибди. Замон ўзгарди. Халқлар тақдири телестудиялардаги бақир-чақирлар ёки “катта оғалар”нинг кўрсатмаси билан ҳал қилинадиган даврлар тарих ахлатхонасига кетганига анча бўлди. Сарҳадларимиз – бизнинг ор-номусимиз. Мустақиллигимизга бўлган ҳар қандай таҳдид “итоаткорлик” билан эмас, миллатимизнинг бирдамликдаги қатъий зарбаси билан қарши олинади. Бундай провокациялар фақат ва фақат қўшниларни душманга айлантиради.  Бизда ўз уйимизни ҳимоя қилиш учун ирода ҳам, ресурс ҳам, жасорат ҳам етарли!” дейди Бобур Бекмуродов.

Қайд этиш жоиз, Бобур Бекмуродов Россиядаги миллатчилик ғояларига ва турли провакатсион баёнотларга қарши дадил чиқишлар қиладиган ўзбекистонлик саноқли сиёсатчилардан бири ҳисобланади. У олдинроқ Россияда тожикистонлик мигрант оиланинг 10 яшар боласи мактабда ваҳшийларча 15 яшар ўқувчи томонидан ўлдирилишига ҳам муносабат билдириб, бу ҳолатни “мамлакатда узоқ йиллардан буён олиб борилаётган антимигрант сиёсатининг меваси”, деб атаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Марказий Осиё Бобур Бекмуродов ладимир Соловьёв

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг