Чилонзорда кран қулаши оқибатида 1 йигит вафот этди (видео)
3-саҳифа
−
09 Сентябрь 9302 2 дақиқа
Кеча, 8 сентябрь куни Тошкент шаҳар Чилонзор туманида минорали қурилиш крани ағдарилиши оқибатида 25 ёшли йигит воқеа жойида вафот этди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, тахминан соат 18:00 ларда Чилонзор тумани Тирсакабод кўчасида олиб борилаётган қурилиш ҳудудида минорали қурилиш кранини ўрнатиш жараёнида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаган. Оқибатда кран қулаб тушган ва уни ўрнатиш ишларини олиб бораётган 2000 йилда туғилган ёлланма ишчи Л.А. олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, ёлланма ишчилар 2004 йилда туғилган И.Қ. ҳамда 2000 йилда туғилган М.А. турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми “а” ва “б” бандлари (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, одам ўлишига, бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятида 5 киши канализация қувурида оқиб кетгани ва улардан 3 нафарининг жасади топилгани хабар қилинганди. Ҳолат юзасидан Бухоро вилояти ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” банди билан билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган.