“Чуст оши” ҳам патентланди
Жамият
−
12 Июнь 2587 2 дақиқа
“Чуст оши” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Интеллектуал мулк агентлиги маълум қилди.
Фарғона водийсининг энг қадимий гўшаларидан бири бўлган Чуст нафақат ҳунармандчилиги, балки ўзига хос палов тайёрлаш анъаналари билан ҳам машҳур. Бу ерда ош пишириш асрлик тажриба, маҳорат ва миллий қадриятларни ўзида мужассам этган ошпазлик санъати ҳисобланади.
“Чуст оши” асосан очиқ ҳавода, баланд оловда, алюмин қозонларда тайёрланади. Таомнинг ўзига хос тўқ олтин-жигарранг ранги сунъий бўёқларсиз, суякли гўшт ва пиёзнинг баланд оловда қовурилиши натижасида ҳосил бўлади.
Ҳудуднинг ўзига хос микроклимати, шувоқ ва кийикўт билан боқилган қора қўчқор гўшти ҳамда Гавасой ва Косонсой ҳавзаларининг табиий юмшоқ булоқ суви “Чуст оши”нинг бетакрор таъми ва сифатига хизмат қилади.
“Чуст оши”га географик кўрсаткич мақомининг берилиши унинг номи ва анъанавий тайёрлаш технологиясини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилади.
Шу билан бирга, мазкур мақом маҳсулот сифатининг озиқ-овқат маҳсулотлари учун белгиланган давлат меъёрларига мувофиқлигини кафолатлайди ҳамда ҳудуднинг гастрономик брендини халқаро миқёсда тарғиб этиш имкониятларини кенгайтиради.
Бугунги кунда “Чуст оши” гастрономик туризмни ривожлантириш, маҳаллий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ўзбек миллий маданиятини дунёга танитишда муҳим ўрин тутади.
Маълумот учун, географик кўрсаткич маҳсулотнинг муайян ҳудуд билан боғлиқлигини ҳамда унинг сифати ва обрў-эътибори айнан шу ҳудуднинг табиий ва ижтимоий омиллари билан чамбарчас боғлиқ эканини тасдиқловчи интеллектуал мулк объекти ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ "Андижон девзира оши" ҳам географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганди.
Live
Барчаси