Дания ва Гренландия Арктикада НАТО миссиясини тузишни таклиф қилди
Олам
−
20 Январь 1583 3 дақиқа
Дания ва Гренландия Мудофаа вазирлари Гренландияни эҳтимолий таҳдидлардан ҳимоялаш мақсадида НАТО миссиясини (Альянс қўшинларини) Арктика минтақасига жойлаштиришни таклиф қилди. Бу ҳақда кеча, 19 январь куни Дания Мудофаа вазири Троэльс Лунд Поульсен матбуот анжуманида маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур ташаббус АҚШ президенти Дональд Трампнинг Гренландия бўйича баёнотлари фонида илгари сурилган. Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ хавфсизлигини таъминлаш учун ушбу оролни ўз назоратига олиши зарур, акс ҳолда Гренландияни Хитой ёки Россия босиб олиши мумкин.
НАТО Бош котиби Марк Рютте ҳозирча Арктикада альянс миссиясини тузиш таклифига расмий муносабат билдирмаган. Бироқ, у ижтимоий тармоқларда Дания ва Гренландия вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда Арктика, жумладан, Гренландиянинг умумий хавфсизликдаги ўрни муҳокама қилинганини ёзди.
“Биз бу муҳим масалалар бўйича иттифоқчилар сифатида биргаликда ишлашда давом этамиз”, деди Рютте.
Шунингдек, НАТО Бош котиби жорий йил 18 январь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп билан Гренландия ва Арктикадаги хавфсизлик ҳолатини муҳокама қилганини маълум қилди. Унинг айтишича, томонлар бу борадаги мулоқотни давом эттиради ва Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми доирасида яна учрашув режалаштирилган.
Дания Мудофаа вазири эса Қўшма Штатлар Европа хавфсизлиги учун муҳим шерик эканини маълум қилган.
“Европада биз мустақил равишда ҳал қила олмайдиган кўплаб муаммолар бор. Шу билан бирга, АҚШ Президентининг айрим баёнотлари жиддий таъсир кўрсатди”, дейди Дания Мудофаа вазири.
Маълумот ўрнида, Гренландия атрофидаги вазият сабаб жорий йилнинг 22 январь куни Европа Иттифоқининг фавқулодда саммити ўтказилиши режалаштирилган. Унда ЕИ давлатлари ва ҳукумат раҳбарлари Трампнинг Германия ва яна етти Европа давлатига нисбатан 10 фоизлик тарифлар жорий этиш таҳдидига умумий жавоб чораларини муҳокама қилади.
Бунгача АҚШ томонидан билдирилган иқтисодий таҳдидлардан сўнг Европа Парламенти аъзолари Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасидаги трансатлантик савдо шартномасини ратификация қилиш жараёни тўхтатилиши мумкинлигини билдирган эди. Мазкур келишувга кўра, ЕИ АҚШ экспортига божларни бекор қилиши, эвазига эса АҚШ ЕИ импортига 15 фоизлик тариф жорий этиши кўзда тутилган.
Мазкур можаро Гренландия масаласида АҚШ ва Дания ўртасида юзага келган қарама-қаршиликлар билан боғлиқ. Ҳозирда Гренландия Дания қироллиги таркибидаги автоном ҳудуд ҳисобланади. Дания ва бошқа Европа расмийлари орол, аллақачон НАТОнинг коллектив мудофаа тизими билан ҳимояланганини таъкидламоқда.
Бундан ташқари, Гренландияда АҚШ ҳарбийларининг мавжудлиги 1951 йилда имзоланган келишув билан кафолатланган. Ушбу келишувга кўра, Вашингтон қўшимча қўшин юборишни истаса, Дания ҳукуматини шунчаки хабардор қилиши кифоя.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Қўшма Штатларни “Хитой таҳдиди” баҳонасидан фойдаланган ҳолда ўз манфаатларини излашни тўхтатишга чақирган эди.
Live
Барчаси