Давлатларнинг БМТдан қарзи 1,6 млрд долларга яқинлашди
Олам
−
02 Декабрь 2276 2 дақиқа
Аъзо давлатларнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти олдидаги қарзи қарийб 1,6 миллиард долларга етди. Қарзларни қайтаришдаги сурункали кечикишлар эса БМТнинг самарали фаолият юритиш имкониятини издан чиқармоқда. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, БМТ 2024 йилни 760 миллион долларлик тўланмаган бадаллар билан якунлаган, уларнинг катта қисми эса ҳануз қопланмаган. Шунингдек, 2025 йил учун тўланиши лозим бўлган 877 миллион доллар ҳам ташкилот ҳисобига ҳали тушмаган. Шу тариқа умумий қарздорлик 1,586 миллиард долларни ташкил қилмоқда.
Йилнинг тугашига беш ҳафтадан ҳам кам вақт қолганда, 193 давлатдан атиги 145 таси 2025 йил учун аъзолик бадалларини тўлиқ тўлаган. Бир қатор асосий давлатлар, жумладан АҚШ ҳали тўловни амалга оширмаган, Хитой эса 29 октябрь куни барча суммани тўлаган. Россия ҳам ҳали бадални тўламаган давлатлар қаторида.
“Мен давлатларни бадалларини тўлиқ ва ўз вақтида тўлашга қайта-қайта чақирдим”, дейди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш.
Хабар қилинишича, БМТнинг 2026 йилги мунтазам бюджети 3,238 миллиард долларни ташкил этади. Бу 2025 йилга нисбатан 577 миллион долларга (15,1 фоизга) кам. Режада 2 минг 681 та штат қисқартирилиши кўзда тутилган, бу ҳозирги даражанинг 18,8 фоизини ташкил қилади.
Махсус сиёсий миссиялар ҳам бу йилги кўрсаткичларга нисбатан 21 фоиздан кўпроқ қисқартиришга дуч келади. Бунинг асосий сабаби айрим миссияларнинг ёпилиши ва ходимлар сонининг оптималлаштирилиши.
Тежамкорлик чораларини кучайтириш мақсадида БМТ иш ҳақи ҳисоб-китобини ягона глобал тизимга бирлаштиришни, шунингдек, Нью-Йорк ва Бангкокда умумий маъмурий марказлар ташкил этишни режалаштирмоқда.
Ташкилот котибият, шунингдек, айрим функцияларни харажатлар паст бўлган минтақаларга кўчириш имкониятларини ўрганмоқда. 2017 йилдан буён Нью-Йоркдаги ижара шартномаларининг бекор қилиниши БМТга 126 миллион доллар тежашга ёрдам берган. 2028 йилга қадар эса йилига қўшимча 24,5 миллион доллар тежаш кутилмоқда.
Live
Барчаси