Мансабдорга айланган Мирзаёрова. Грандлар нишонидаги Ҳусанов

Спорт

Қайсидир чет давлатда томирини ўзбек қони оқаётган футболчи мамлакат довруғини ошираман, дунёнинг энг зўр жамоаларида тўп тепиб, Ўзбекистонни дунёга танитаман деб турган бир вақтда, ўзимиздагилар ўзаро келишолмай ўйинни кеч бошлайди, минглаб мухлисларнинг вақтини ўғирлайди, бу эса табиийки эътирозларга сабаб бўлади. Тушунганингиздек, ортда қолаётган ҳафтада Европанинг гранд клубларидан бирига ўтиши кутилаётган Абдуқодир Ҳусанов, “Бунёдкор” расмийси ва ИИБ ходими ўртасидаги тортишув ҳамда Паралимпиада чемпиони Асила Мирзаёрованинг лавозимга тайинланиши каби воқеликлар спорт ҳафталигида диққат марказида бўлди.  Шу ва бошқа мавзулар ҳақида бугун QALAMPIR.UZ’нинг Спорт дайжестида сўз очамиз. Ассалому алайкум.

Абдуқодир Ҳусанов Франция чемпионати рамзий жамоасига киритилди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси ва Франциянинг “Ланс” клуби аъзоси Абдуқодир Ҳусанов мамлакат чемпионатининг 8-тур рамзий жамоасидан ўрин олди. Бу ҳақда “L’Equipe” хабар берди.

Лига 1 нинг охирги турида “Ланс” сафарда “Ренн” билан баҳс олиб бориб, 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди. 20 ёшли ҳимоячининг мазкур ўйиндаги хатти-ҳаракатлари 7 баллга лойиқ кўрилди. Ҳусановдан ташқари “Ланс”дан ярим ҳимоячи Томассон ҳам рамзий жамоага киритилди. Томассоннинг ўйини эса 8 балл тўплади.

Қайд этиш жоиз, “Ренн”га қарши баҳсда ўзбекистонлик ҳимоячининг 88,7 фоиз узатмалари аниқ чиққан. Рамзий жамоага энг кўп “Марсель” клуби аъзолари киритилди. “Жанубликлар”дан 3 нафар футболчининг хатти-ҳаракатлари юқори баҳоланди.

Ҳусанов “Арсенал”га ўтиши мумкин

Ўзбекистон терма жамоаси ва Франциянинг “Ланс” клуби аъзоси Абдуқодир Ҳусановга Англиянинг “Арсенал” клуби қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда “BeFutbol” Х саҳифаси хабар берди.

Манбага кўра, “Арсенал” клуби Франция чемпионатининг 20 ёшли юлдузига кўз тиккан. “Ланс” ҳимоячиси тезкорлик ва совуққонлик борасида “канонирлар” аъзоси Уильям Салибага қиёсланмоқда.

Шунингдек, Франция ОАВда футболчига Парижнинг ПСЖ клуби ҳам қизиқиш билдираётгани ҳақида хабар тарқалди. Қайд этилишича, Париж клуби ўзбекистонлик ҳимоячини бразилиялик Маркиньосга ўринбосар сифатида кўрмоқда. Ҳозирда ПСЖ Маркиньосга ўринбосар қидирмоқда, 20 ёшли Ҳусанов эса бу ўринга муносиб номзод.

“Ланс” клуби келаси ёзда Ҳусановнинг трансферидан камида 40 миллион евро ишлаб олишни режалаштирган. Француз мутахассисларининг фикрича, унинг трансфер бозоридаги қиймати 30-40 миллион еврогача ошиши мумкин.

Ҳусанов топ-5 чемпионатнинг энг яхши ёш ҳимоячиси деб топилди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Франциянинг “Ланс” клуби аъзоси Абдуқодир Ҳусанов топ-5 чемпионатнинг 20 ёшгача бўлган энг яхши ҳимоячиси деб топилди. Бу ҳақда “Datamb.football” портали хабар берди.

Манбага кўра, Европанинг етакчи чемпионатларида 20 ёшгача бўлган футболчилар орасида ҳимоявий ҳаракатлар бўйича энг яхши кўрсаткич Абдуқодир Ҳусановда қайд этилган. Ҳимоячи 93 балл билан рейтингда етакчилик қилмоқда.

Кейинги ўринларни “Монако” ҳимоячиси Ламин Камара (70 балл) ва “Валенсия” аъзоси Кристиан Москера (68 балл) банд этди.

Маълумот учун, Ҳусанов жорий мавсум клубининг барча ўйинларида иштирок этди ва ҳимоядаги ишончли ҳаракатлари билан ажралиб турди.

Ҳусанов йилнинг энг яхши ёш футболчиси бўлишга даъвогарлик қилмоқда

Ўзбекистон терма жамоаси ва Франциянинг “Ланс” клуби аъзоси Абдуқодир Ҳусанов йилнинг энг яхши ёш футболчиси бўлиш учун номзодлар қаторига киритилди. Бу ҳақда футбол тарихи ва статистикаси халқаро федерацияси (IFFHS) хабар берди.

20 ёшли Ҳусанов Ламин Ямал, Гави, Арда Гулер ва бошқа бир қатор таниқли футболчилар қаторида соврин учун даъвогарлик қилмоқда. Ҳусановдан ташқари яна 24 нафар тўп устаси йилнинг энг яхши ёш футболчиси бўлиш учун курашади.

Ҳусановга яна 3 та Англия клуби қизиқиш билдирмоқда

“Ланс” клубининг ўзбекистонлик футболчисини Англиянинг бир қатор клублари ўз сафига қўшиб олиш ниятида. Бу ҳақда “Daily football” нашри хабар берди.

Дастлаб футболчига Лондоннинг “Арсенал” клубидан қизиқиш борлиги ҳақида гап-сўзлар тарқалганди. Ҳозирга келиб эса 20 ёшли ҳимоячига “Ньюкасл”, “Эвертон” ва “Челси”дан ҳам қизиқиш бўлаётгани айтилмоқда.

Айниқса, “аристократлар”нинг ўзбекистонлик футболчига оғиз солаётгани ҳақида бир неча инглиз нашрлари бонг урмоқда.

Ҳусанов “Ланс” тизимида жами 63 марта майдонга тушиб, 4 та гол урди ва худди шунча голли узатмани амалга оширди. Трансфер нархи 5 миллион еврони ташкил этувчи футболчининг Франция клуби билан шартномаси 2027 йил ёзига қадар мўлжалланган.

Асила Мирзаёрова қандай лавозимга тайинлангани маълум бўлди 

Париж-2024 Паралимпиадаси ғолиби Асила Мирзаёрова Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус вакили сифатида иш бошлайди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

Манбага кўра, 22 октябрь куни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида бўлиб ўтган тадбирда Мирзаёрова янги лавозимга тайинланган. 

“Агентлигимиз оиласига яна бир паралимпия чемпиони қизимиз келиб қўшилди. Биз Асила билан Парижда бирга ишлашни ният қилган эдик. Бугун шу ниятимиз амалга ошди. Асила Мирзаёрова Агентлик махсус вакили бўлди. Агентлик оиласига хуш келибсиз, Асила! Асила жуда кучли ва ақлли қиз. Асила ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Энди бизнинг жамоамизда Диёра ва Асила каби чемпион қизларимиз бор. Мен ишонаман биз янада кучли бўлдик ва янги юксак марраларни биргаликда забт этамиз!”, дейди Шаҳноза Мирзиёева.

Тадбирда сўзга чиққан Паралимпиада чемпиони билдирилаётган ишонч учун ўз миннатдорлигини билдириб, агентлик махсус вакили бўлишга рози бўлганининг сабабини изоҳлади.

“Мен учун ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус вакил сифатида иш бошлаш катта шараф ва масъулият. Бу вазифа менга ногиронлиги бўлган инсонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тенг имкониятлар яратишга ўз ҳиссамни қўшиш имкониятини беради. Паралимпия спортчиси сифатида мен жисмоний ва ижтимоий тўсиқларни қандай енгишни биламан ва ҳар бир инсон жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиши керак, деб ишонаман”, дейди Мирзаёрова.

Тадбир давомида Асила Мирзаёрова, махсус вакил сифатидаги янги вазифасида давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб, инклюзив муҳит яратишда ўз ҳиссасини қўшишидан мамнунлигини алоҳида билдирди.

Қайд этиш жоиз, мазкур Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида Париж-2024 Олимпиадаси чемпиони, дзюдочи Диёра Келдиёрова ҳам Гендер тенгсизлиги ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича махсус вакил ҳисобланади. 

Маълумот учун, Асила Мирзаёрова 1999 йилда Қарши шаҳрида туғилган. У пара енгил атлетика бўйича Токио-2020 Паралимпиада ўйинлари кумуш медали соҳиби ва икки карра Жаҳон чемпионати ғолиби ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг