Ғалати жиноятлар, педофилларга “зарба” ва АҚШдан эътироф — ҳафта таҳлили

Таҳлил

Тошкентда эркак ҳамкасбини зўрламоқчи бўлди. Она меҳрининг чексизлиги: ёнғиндан икки боласини ҳимоя қилишга уринган аёлнинг болаларини қучоқлаган ҳолатдаги жасади топилди. Ниҳоят педофилия учун умрбод қамоқ жазоси тайинланди. Қайнонасига 14 марта пичоқ тиққан келин қамалди. Қамоқдаги Мубашшир Аҳмаднинг аҳволи оғирлашди. Журналистика университетида форма киймаган талабалар дарсга киритилмади. Трамп Мирзиёевни тан олди.

Бу галги ҳафта таҳлилини жуда таъсирли, аламли ва фожиали ҳолат шарҳи билан бошлаймиз. Жорий йилнинг 16 февраль куни хонадонда чиққан ёнғин оқибатида она ва унинг икки ёш боласи вафот этди. Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Белтепа кўчасида юз берган фожиа она меҳрининг қай даражада кучли эканини яна бир бор эслатди. Олов қуршовида қолган вақтида марҳума болаларини ҳимоя қилиш мақсадида уларни ўз танаси билан тўсишга уринган, фарзандларини ерга ётқизиб, устиларида қалқон бўлиб турган. Ҳатто жони узилган она болаларини маҳкам қучоқлаб олган ҳолатда топилган. У фарзандларини қутқаришга қанчалик уринганини тасаввур қилиш қийинмас.

Гувоҳларнинг айтишича, аёл ва унинг икки жигарбандини эшикдан олиб чиқишнинг иложи бўлмаган, шу сабаб қўшнилар деворни бузиб, ичкарига киришган. Аммо барибир кеч бўлган. Хонадондаги бошқа шахсларга тезкор ёрдам кўрсатилган, бир нафар фуқаро эса шифохонага етказилган. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ўрганилмоқда.

Ортда қолаётган 7 кунликда яна бир она-бола билан боғлиқ ҳолат муҳокамаларга сабаб бўлди. Фақат бу сафар вазият сал бошқачароқ. Тошкентда 25 ёшли аёл фарзандини 7-қават деразасидан чиқариб, унинг ҳаётини хавф остига қўйди. Энг ажабланарлиси, бу ҳолатни ўзи видеога олиб ижтимоий тармоққа жойлаган. Маълум бўлишича, бу ҳолат Янгиҳаёт тумани “Янги Чоштепа” маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Онанинг ҳаракатлари муҳокамаларга сабаб бўлгач, зудлик билан вазият ўрганилди ва аёлнинг руҳий ҳолатини текшириш учун руҳий-асаб касалликлари шифохонасига юборилди. ИИБ билдирган расмий муносабатга кўра, унинг фарзандига жиддий зарар етмаган ва бола яқин қариндошлари назоратига топширилган.

Онанинг болага меҳри ҳақида гап кетаркан, нафақат Ўзбекистонда балки, бутун дунёда кенг муҳокама қилинаётган, кўпчиликни таъсирлантирган митти маймунча ва унинг ўйинчоқ онаси ҳақида ҳам маълумот бериб ўтамиз. Сиз ҳам бу каби видеоларни томоша қилганингиз аниқ, агар ижтимоий тармоқларда фаол бўлсангиз. Хўш, гуруҳидан ажралиши ортидан машҳур бўлган пингвиндан кейин энди одамлар нега бу маймунчани диққат билан кузатмоқда? Нега у ўйинчоқ билан юради доим?

Бу маймунчанинг лақаби — Панч. 2025 йилнинг жазирама июлида Япониядаги Ичикава ҳайвонот боғида дунёга келган. Манзилдаги мутахассисларнинг айтишича, ўз онаси ундан воз кечган. Бунга сабаб сифатида эса макака биринчи марта она бўлгани, ундаги туғруқ чарчоғи ва жазирама иссиқ кўрсатилган. Ҳа, баъзи маймунлар шунақа бўлади ўзи. Туғади-ю, боладан қутулишни ўйлаб қолади. Гап ҳақиқатда жониворлар ҳақида кетяпти.

Хуллас, хавфли вазиятга тушиб қолган, 500 граммгина вазн билан туғилган Панчнинг ҳаётини сақлаб қолиш, уни овқатлантиришга боғ ходимлари масъул бўлишган. Бу ишни аъло даражада қилишган ҳам. Аммо маймун болалари учун озуқадан ташқари онасининг юнги ва иссиқ тафти ҳам жуда муҳим. Уларнинг ўрнини босиш учун ходимлар унга сочиқлар, турли матолар бериб кўришди, бироқ миттивой уларга кўникмади. Кундан-кунга тушкунлиги ошиб борган макакага охир-оқибат, юмшоқ орангутан ўйинчоғи берилди. Панч гўё ўз онасини топгандек унга ёпишиб олган. Ҳатто ухлаганда ҳам ундан айрилмайди. Энг таъсирли қисми эса кейин бошланган.

Жорий йил, январь ойида у ўз тўдасига қайтарилди, бироқ у ерда уни қабул қилишни исташмади. Бошқа маймунлар бегона ҳид келаётган ва ғалати ўйинчоқ кўтарган Панчга таҳдид қила бошлашди. Уни ўзларидан итарган, турткилаган, айлантириб улоқтиришган ҳатто. 6 ойлик бўлган маймунчанинг айнан мана шу хўрлангани, ёлғизлангани, меҳр, нажот кутиб атрофга аланглагани, тўдасидан аранг қочиб ўйинчоқ онасининг бағрига ётиб олгани, тирик қолиш учун курашаётгани акс этган тасвирлар ижтимоий тармоқларни ларзага келтирди. Ростдан ҳам уларни шунчаки томоша қилиб бўлмайди. Аввалига Х тармоғида оммалашган видеолар кейинчалик Instagram, Tik-Tok каби платформаларда ҳам миллионлаб томоша қилинди.

У учун #ҒайратҚилПанч ҳэштеги остида миллионлаб постлар ёзилди. Одамлар унинг мардлигига, ёлғизликка қарши курашига қойил қолишди, олқишлашмоқда ҳозиргача ҳам. Панчни кўриш учун ҳайвонот боғига рекорд даражада кўп одам ташриф буюрди. 19 февраль ҳолатига кўра, келувчилар сони одатдагидан 4 баравардан кўпроққа ошган. Панчнинг ўйинчоқ онаси — жигарранг орангутаннинг савдоси ҳам кескин ошган. Ҳозирда ушбу ўйинчоқ 15 дан ортиқ мамлакатларда "Бэстселлер", яъни энг кўп сотилаётган маҳсулот мақомини олган. Машҳурлик шунчалик юқори бўлдики, ҳатто ўйинчоқни ишлаб чиқарувчи “IKEA Japan” компанияси директори ҳайвонот боғига шахсан ташриф буюриб, Панч учун "захира она" сифатида бир нечта янги ўйинчоқларни совға қилди.

Бугунги кунда Панч 2 килограмм вазнга эга. У ҳали ҳам ўз жамоасига тўлиқ қўшилиб кета олгани йўқ. Кўп вақтини четда, алоҳида, яккаланган ҳолатда ўша севимли ўйинчоғи билан ўтказади. Аммо мутахассислар ижобий ўзгаришларни қайд этишяпти. У аста-секин бошқа маймунлар билан мулоқотга киришмоқда. 

Панчнинг бу таъсирли ҳикояси шунчаки ҳайвонот оламининг шафқатсиз стандартларини кўрсатмаяпти. У инсониятга ойна тутгандек гўё. Чунки оналик мақомини лаҳзалик ҳисга алмашaётганлар бизда ҳам йўқ эмас. Ҳар ҳолда, чиқинди идишидан топилган чақалоқ, ҳожатхонага ташлаб кетилган гўдак воқеаларини ҳали унутганимиз йўқ. Қолаверса, хулоса сифатида ўзаро меҳрсизлик, ўзидан бошқани ўйламаслик, атрофга эътиборсизлик, кўпчиликка етишмаётган самимият масаласида ҳам рамзий тарсаки бўлди дейиш мумкин.

Панч ўзининг ўйинчоқ "онаси"га ёпишиб олиб, дунёга бир ҳақиқатни бақириб айтаётгандек: "Ҳар бир митти жон ҳимояга ва хавфсиз бағрига муҳтож!" Ҳайвонот оламидаги бу кураш ортида инсоний жамиятдаги мудҳиш бир иллат — болаларга нисбатан шафқатсизлик ва педофилия сояси кўринади. Ҳайвонот дунёсида она ўз боласидан воз кечишини, бошқалари уни қабул қилмаслигини тушуниш мумкин, бу инстинкт, “ҳа энди бир ҳайвонда” деб. Аммо "ақлли мавжудот" саналган инсонлар орасида митти гўдакларнинг ҳаётини поймол қиладиган, уларнинг беғуборлигини ўлдирадиган "махлуқлар"нинг борлиги — бу кечириб бўлмас жиноятдир.

“Янги ҳаёт” туманида аввал зўрлаб, кейин ўлдирилган 12 ёшли қизни, Тошкент шаҳрида автобус ичида 13 ёшли ўғил болага шилқимлик қилган эркакни, Хоразмдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини ойлаб зўрлаб келган амалдорларни яхши эсласангиз керак. Бу воқеалар ҳаммани шокка туширганди. Аммо кечириб бўлмас жиноятни содир этганлар учун берилган жазолар инсонларнинг янада ҳайратини оширган, “нега” деган саволларни келтириб чиқарганди.

Аммо энди болаларга нисбатан жинсий зўравонликка кескин чора кўрилади. Президент Шавкат Мирзиёев педофилия учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини жорий қилишни маъқуллади. Бу ҳақда жорий йил, 16 февраль куни энг устувор ислоҳотлар дастурлари ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2026 йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастури лойиҳалари юзасидан ахборот билан танишув чоғида маълум қилинди. Ҳа, узоқ кутилган кунлар бу. Қанчадан-қанча оналарнинг аччиқ кўз ёши, кўплаб ожиз болаларнинг барбод қилинган ҳаёти, ўнлаб оталарнинг фарёди ва давлат раҳбарининг сиёсий иродаси ортидан қабул қилинган бу қарорни бемалол тарихий деб аташ мумкин!

Президент Шавкат Мирзиёевнинг яна бир қарори кўпларни хурсанд қилди. 16 февраль куни Рамазонда эҳтиёжманд аҳоли учун 1 трлн сўмдан ортиқ пул ажратилиши маълум қилинди. Бунда “Вакф” хайрия жамоат фондига 750 миллиард сўм ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали 300 миллиард сўм ажратилади. Бу маблағлар ҳисобидан эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш, ногиронлиги бор шахсларнинг даволаниш ва жарроҳлик амалиётлари харажатларини қоплаб бериш кўзда тутилган. Рақамлар ҳам аниқ: 700 мингта оилага моддий ёрдам берилади. 6 минг нафар фуқаронинг даволаниши ва зарур жарроҳлик амалиётларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлари қопланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган бу ташаббус фуқаролар томонидан олқишланди. Шавкат Мирзиёев амалга ошираётган ишларни АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам тан олди. 19 февраль куни ҳафтанинг энг йирик сиёсий тадбирига гувоҳ бўлдик. АҚШда президент Трамп томонидан ташкил этилган “Тинчлик кенгаши”нинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унга камида 40 та давлат вакиллари, жумладан, давлат раҳбарлари ташриф буюрган. Меҳмонларни бирма-бир таништирган АҚШ президенти Шавкат Мирзиёевни дўсти деб ҳисоблашини билдирди. 

Дональд Трамп Ўзбекистон ва яна 8 та давлат Ғазони тиклаш учун 7 млрд доллар ажратишни зиммасига олганини маълум қилди. Бироқ қайси давлат қанчадан беришини очиқламади. Учрашув давомида Шавкат Мирзиёев ҳам нутқ сўзлади. Президент Ўзбекистон Ғазода турар жойлар, болалар боғчалари, мактаблар ва шифохоналар қурилишига муносиб ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирди. “Янги Ғазони барпо этишимиз керак”, деди давлат раҳбари.

“Авваламбор, Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп Жаноби Олийларига “Тинчлик кенгаши”нинг инаугурация мажлисини чақиргани учун чин дилдан миннатдорлик изҳор этаман. Ҳеч шубҳасиз, бугунги саммит бу Президент Трампнинг сиёсий иродаси ва прагматизми натижасидир. Ишончим комил, кенгаш иши Ғазо минтақасини иқтисодий ва ижтимоий қайта тиклаш учун қулай шароит яратишга имкон беради. Таъкидлаб айтаманки, Ўзбекистон ушбу ҳудудда турар жойлар, болалар боғчалари, мактаб ва шифохоналар барпо этишга имкон қадар ҳисса қўшишга тайёр. Бизнинг учрашувимиз халқаро бирдамлик, тинчликсеварлик ва Яқин Шарқдаги вазиятни яхшилашга бўлган умумий интилишимизнинг ёрқин ифодасидир. Биз Янги Ғазони – иқтисодиёти фаровон, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларига эга бўлган минтақани барпо этиш учун ушбу тарихий имкониятдан фойдаланишимиз зарур”, деди Ўзбекистон етакчиси.

Тинчлик кенгашининг биринчи йиғилиши ҳақида QALAMPIR.UZ жамоаси катта материал тайёрлаган. Уни “Трамп Мирзиёевни тан олди” сарлавҳаси билан қидириб, томоша қилишингиз ва кўпроқ маълумотга эга бўлишингиз мумкин. Ҳозир эса биз ушбу саммитдан бир кун олдин бўлиб ўтган Президент Шавкат Мирзиёевнинг Америка ишбилармон доиралари вакиллари билан ўтказган учрашувига тўхталмоқчимиз. Чунки бу жараёнлар мамлакат иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга яхши янгиликларни тақдим этди. 

Аслида Қўшма Штатлар билан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари қаторида ўта муҳим хомашё, нефть-кимё, энергетика, қишлоқ хўжалиги, паррандачилик ва бошқа тармоқлар кўрсатиб ўтилди. Аммо биз фақат биттасига, Американинг нуфузли Gulf Oil компанияси Ўзбекистон бозорига кенг кўламли инвестициялар билан кириб келаётганига эътиборингизни қаратамиз. 

Gulf корпорацияси вице-президенти Крейг Крамернинг маълум қилишича, компания яқин икки йил ичида Ўзбекистонда ғарб стандартларига тўла мос келадиган 100 та замонавий ёқилғи қуйиш шохобчасини барпо этади. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 150 миллион долларни ташкил этиб, маблағлар чакана савдо активларини ривожлантиришга йўналтирилади. Крамернинг сўзларига кўра, ҳар бир объект ўзининг ноёб дизайни ва технологик жиҳозланиши билан ажралиб туради. Муҳими, ушбу лойиҳа нафақат ёқилғи савдоси, балки магистрал йўлларда сайёҳлар ва транзит ташувчилар учун махсус транспорт марказларини қуришни ҳам ўз ичига олади. Бу эса мамлакат бўйлаб жами 3 мингта янги иш ўрни яратилишини англатади.

Gulf компаниясининг режалари фақат Ўзбекистон билан чекланиб қолмайди. Компания ўзининг бутун Марказий Осиё бўйича операцион базасини айнан Тошкентда жойлаштиришга қарор қилди. Бу қадам Ўзбекистон пойтахтини минтақавий логистика ва чакана савдо инфратузилмасининг бошқарув марказига айлантиради. Компания вакили Ўзбекистоннинг барча вилоят ҳокимларидан қисқа фурсатда 200 га яқин шахобча бўйича аниқ таклифлар олинганини юқори баҳолади.

Бир муҳим жиҳатни айтиш керак. Gulf компанияси бозорга тенг рақобат шартлари асосида кирмоқда. Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, компания учун алоҳида имтиёзлар кўзда тутилмаган. Ёқилғи маҳсулотлари Товар-хомашё биржасида умумий тартибда харид қилинади ёки мустақил равишда импорт қилинади. Вашингтондаги учрашув якунида Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов ва Крейг Крамер ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди. Ушбу ҳужжат ўтган йилнинг кузида имзоланган 100 миллион долларлик меморандумнинг мантиқий давоми бўлиб, лойиҳани амалга оширишнинг кейинги босқичлари жорий йилнинг март ва август ойларига белгиланган.

АҚШдаги жараёнларнинг Ўзбекистонга алоқадор қисмини тугатгач энди бироз ортга қайтамиз. “Тинчлик кенгаши”га аъзо бўлган Марказий Осиёнинг икки давлатидан бири Қозоғистон Ғазода тинчликни таъминлаш учун ўз ҳарбийларини юбориши маълум бўлди. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ўз нутқи давомида АҚШ Президенти Дональд Трамп номидаги мукофотни таъсис этиш таклифини билдирди. 

“Мен Президент Трампнинг тинчликпарварлик соҳасидаги улкан ютуқларини эътироф этиш учун унинг номидаги махсус “Тинчлик кенгаши” мукофотини таъсис этишни таклиф қилмоқчиман” деган Тўқаев.

“Тинчлик кенгаши”нинг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун Вашингтонга борган Озарбайжон президенти Илҳом Алиев эса умуман бошқа вазият сабаб муҳокамалар марказига чиқди. У жойлашган меҳмонхона олдида сиёсий муҳожирлар томонидан намойиш ўтказилди. Америкада яшаётган озарбайжонлик мухолифатчилар Озарбайжонда сақланаётган сиёсий маҳбусларга, хусусан, Озарбайжон Халқ фронти партияси раиси Али Каримлига озодлик берилишини талаб қилган. Шунингдек, улар қўлларида овоз кучайтиргич билан бир неча маротаба “Сиёсий маҳбусларга озодлик”, “Диктатор” деб бақирган. Шундан сўнг, намойишчиларни Президент қўриқлов хизмати ходимлари дўппослаган. Намойишни бостиришда АҚШ полицияси ҳам иштирок этган.

“Мақсадимиз – Илҳом Алиев жойлашган меҳмонхона қаршисида сиёсий маҳбусларга озодлик сўраб, тинч намойиш ўтказиш эди. Бизнинг ҳеч қандай провокация қилиш ниятимиз йўқ. Биз Озарбайжон Халқ фронти партияси раиси Али Каримлига озодлик берилишини сўрадик. Илҳом Алиевга Озарбайжонда эътироз қилишнинг иложи йўқ. Биз эса ҳеч бўлмаса хорижда овозимизни эшиттиришни хоҳладик. Илҳом Алиевнинг қўриқчилари эса бунга қаттиқ жавоб қайтарди. Улар бизга зарар бердилар, менинг кийимимни йиртишди, мени дўппослашди”, деган намойиш иштирокчиларидан бири.

Сўнгги пайтларда сиёсий воқеликлар шу қадар кўп ёки давомий бўляптики, уларнинг ҳар бирига батафсил тўхталиш имконсиздек. Ана шундай серияли янгиликлардан бири шубҳасиз Қирғизистондаги “тозалаш”. Жапаров ва Ташиев тандеми кутилмаганда “синиши” ҳалигача турли тахмин ва муҳокамаларни келтириб чиқармоқда. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари ортидан учта вазир ҳам ишдан олинди. 16 февраль куни Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида қатор кадрлар ўзгариши амалга оширилди. 

Транспорт ва коммуникация вазири Абсаттар Сирғабоев, Табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири Медер Машиев ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазири Бообек Ажикеев эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Шу билан бирга, бўшаган лавозимларга вақтинчалик раҳбарлар тайинланган. Жумладан, Транспорт ва коммуникация вазири вазифасини вақтинча бажариш Талантбек Солтобаев зиммасига юклатилган. Табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири вазифасини бажарувчи этиб Ақил Токтобаев тайинланган. Фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини эса вақтинча Урматбек Шамирканов бажариши белгиланган.

17 февраль куни эса Қамчибек Ташиевнинг сафдоши экани айтилган Женали Орозбаев Антимонополия хизмати раҳбари лавозимидан озод қилинган. Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги ҳузуридаги монополияга қарши тартибга солиш хизматига янги раҳбар — Ойбек Мамиралиев тайинланган. У 2023 йил 7 сентябрдан буён Антимонополия тартибга солиш хизматининг раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритган. Аввалроқ эса Прокуратура тизимида ҳам кетма-кет бўшатишлар амалга оширилганди. Ўзбекистонга қўшни бўлган мамлакатда содир бўлаётган бу жиддий силкинишнинг сабаблари ҳақида батафсил билмоқчи бўлсангиз, QALAMPIR.UZ’нинг YouTube саҳифасидан “Бир қозонда қайнамаган икки қўчқор калласи” номли видеоматериални томоша қилинг.

Энди эса маҳаллий хабарларга, аниқроғи жорий ҳафтада тафсилотлари очиқланган жиноятларга тўхталамиз. Дастлаб сизни ғижинтириб юбориши мумкин бўлган вазиятга тўхталсак. Тошкентда эркак ҳамкасбини зўрламоқчи бўлди. 

Гап шундаки, ўтган йили Наманган вилоятидаги банклардан бирининг ходимлари мусобақада қатнашиши учун Тошкентга юборилган. 18 декабрдан 19 декабрга ўтар кечаси эркак бирга кечки овқат қилиш баҳонаси билан аёл яшаётган меҳмонхона хонасига кирган. Рад жавобини олгач, аёлга нисбатан шилқимлик қила бошлаган ва жинсий характердаги ҳаракатларни содир этишга уринган. Аёлнинг кўрсатмасига кўра, унинг “розилик бергандан кўра, ўлганим афзал” деган сўзларидан кейин эркак уни кароватга йиқитиб, ёстиқ билан бўға бошлаган ва “ундай бўлса ўл” деб зўрлик ишлатган. Аёл бир амаллаб қочиб чиқишга муваффақ бўлган. 

Судда тажовузкор айбини тан олиб, ўз ҳаракатларини ҳамкасбини “ёқтириши” билан изоҳлаган. Зўр а? Суд эркакни Шаҳвоний шилқимлик бўйича айбдор деб топган ва 5 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган. Ростдан шундай жазо берган. Номусга тегмоқчи бўлган шахсга! Нималарнидир қайта кўриб чиқиш керакдек гўё.

Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида қайнонасига 14 марта пичоқ уриб, ўлдирган келин эса 10 йилга қамалди. Қайнона-келин можароси теленовеллаларнинг энг асосий, ўзгармас, битмас-туганмас мавзусига айланган жамиятимизда бунақа воқеалар бўлиши янгиликдек қабул қилинмаяпти негадир. Балки онг ости аллақачон “нормал ҳолат” деган хулосани чиқариб бўлгандир. Аммо оилавий жанжалнинг сабабини эшитсангиз “ия” деб қолишингиз мумкин. Бир кишини ўлимга, бошқасини қамоққа ҳукм қилган тортишув ҳали туғилмаган бола учун режа қилинган “бешиктўйи” сабаб келиб чиққан. Аслида 2025 йил куз ойларида содир бўлган бу ҳолат ҳукми жорий ҳафтада эълон қилинди.

“Мана шу ўйлаб топиладиган янгича урф-одатлар, худди мусобақадагидек ким ўзарга қилинадиган исрофгарчиликлар қачон тугайди” деган савол бундан юз йил олдин ҳам берилган. Жавобни эса бугунги воқеалар овозсиз равишда беряпти. Энг ачинарлиси, бу каби дабдабабозликлар “ҳа энди ўзбекчиликда” деб изоҳланади. Одамларга ўзини кўз-кўз қилиши учун, “вой фалончихон зўр маросим қилди” дейиши учунгина болаларига ҳам егизмайдиган маҳсулотларни меҳмонларни олдига қўйиш бу ўзбекчилик эмас. Одамлар нимадир дейишидан қўрқиб қарзга ёки кредитга ботиб бўлса ҳам тўй ёки бошқа зиёфат ташкил қилиш бу ўзбекчилик эмас! Токи мана шу энг оддий ҳақиқат тушунилмас, англанмас экан, маиший нарсалар учун чиқадиган оилавий жанжаллар йўқ бўлиб кетмайди.

Навбатдаги ҳолат тафсилотига ўтамиз. Ёдингизда бўлса 2025 йилнинг сентябрь ойида Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар оммавий заҳарланган эди. Мазкур ҳолат бўйича айблов хулосаси тасдиқланиб, иш судга оширилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ сўровига жавобан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди. 

Унинг билдиришича, жорий йил 10 февраль куни Тошкент вилояти прокуратураси томонидан айблов хулосаси тасдиқланиб, судловга юборилган. Ҳозирда 11 кишига хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш ва санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш билан айблов эълон қилинган. Уларнинг 10 нафарига қамоққа олиш ва 1 нафарига уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган.

“Жабрланганлар сони қанча” деган саволга ўша пайтда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков жавоб берганди. Унга кўра жами 1922 нафар, шу жумладан, бемор болалар билан мулоқотда бўлган бошқа болалар ҳам тиббий кўрик билан қамраб олинган, улардан 959 нафарида ҳеч қандай клиник белгилар бўлмагани учун дарҳол уйларига жавоб бериб юборилган. Қолаверса, 269 болага даволанишдан сўнг уйига жавоб берилган. Кейинроқ эса яна 694 бола даволанган. 

Энди эса бевосита бизга, журналистларга ҳам қисман алоқадор бўлган ва ҳафта аввалида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган вазиятга тўхталамиз. 16 февраль куни ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида форма киймаган ўнлаб талабалар дарсга киритилмагани ҳақида хабарлар тарқалди. 

Бу масала доим баҳсли бўлган. Кимлардир аниқ тартиб-қоида керак деса, айримлар форманинг билим берилиши ёки олинишига қандайдир таъсири йўқку деб мантиқ талаб қилади. 17 февраль куни мазкур ҳолатга ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжа изоҳ бериб, талабалар галстук тақмагани учун эмас, балки дарсга кечикиб келгани сабабли машғулотларга киритилмаганини айтиб чиқди. Муҳокамалардан сўнг, 17 февраль куни воқеаларда асосий фонга чиқиб қолган талаба Акмал Йўлдошев ўзининг Facebook саҳифасида формада тушган расмини эълон қилди. Бу масалада якуний хулосани бериб ўтирмаймиз. Чунки ҳар икки томонда ўзича ҳақ деб биладиган асос бор.

Биз шунчаки бундан 103 йил олдин айтилган миллат жадидларидан бири Мунавварқори Абдурашидхоновниг гапини эслатамиз: “Бугунгача Оврупо халқи осмонға учар экан, бизда соч ва соқол низолари, овруполилар денгиз остида сузар экан, бизда узун ва қисқа кийим жанжаллари, Оврупо шаҳарлари бутун электрик билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жўғрофия ва табиёт ўқитиш, ўқитмаслик ихтилофлари давом этади”.

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги колонияда сақланаётган диний олим ва блогер, “Azon Global” ахборот-таҳлилий портали асосчиси Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов) соғлиғи ёмонлашгани сабаб Тошкентдаги Жазони ижро этиш департаментига қарашли “Сангород” шифохонасига кўчирилди. 

Аввалроқ Турсуновнинг адвокати Абдуллоҳ Содиқ QALAMPIR.UZʼга Турсуновнинг соғлиғи яхши эмаслиги, қандли диабет касаллигининг II-тури билан ҳасталангани, шу сабаб анча йиллардан буён азият чекиб келаётгани, ушбу шахсни қамоқда сақлаб бўлмаслиги юзасидан илтимосномалар киритилган бўлса-да, эҳтиёт чораси ва жазо тайинлаш масаласида ушбу ҳолатлар инобатга олинмаганини айтганди. Бу мавзу бўйича ҳам кенгайтирилган репортаж жамоамиз томонидан тайёрланган. “Мубашшир Аҳмаднинг аҳволи оғирми” деб қидирув бериш орқали уни томоша қилишингиз мумкин.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов “Мубашшир Аҳмаднинг ҳасталигидан келиб чиқиб ИИВ Жазони ижро этиш департаменти инсонпарварлик тамойиллари асосида жазони енгилроқ чорага алмаштириш бўйича судга тақдимнома киритишига умид билдирилмоқда” дея ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига ёзиб қолдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Шавкат Мирзиёев Энергетика вазирлиги Ўзбекистон Дональд Трамп Озарбайжон Илҳом Алиев ИИБ Рамазон фожиа Марказий Осиё талабалар Журналистика форма жазо Мубашшир Аҳмад Абдураҳмон Ташанов Ғазо шилқимлик эҳтиёжманд аҳоли Tik-Tok Панч Ҳайвонот олами

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг