ДХХ Россиядаги мигрантларни огоҳлантирди
3-саҳифа
−
05 Август 17759 2 дақиқа
Сўнгги йилларда ёшлар орасида турли жиноий гуруҳ ва субмаданиятларнинг таъсири кескин ошмоқда. Шулардан бири – “А.У.Е.” деб аталувчи жиноий ҳаракат бўлиб, у нафақат ўсмирларни, балки чет элга, айниқса Россияга бориб ишлаётган Ўзбекистон фуқароларини ҳам ўз домига тортмоқда. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
ДХХ нафақат ота-оналар, балки меҳнат муҳожирларини ҳам огоҳликка, ҳаёти ва эркинлигига бефарқ бўлмасликка чақирган.
Қайд этиш жоиз, “А.У.Е.” (“Арестантский уклад един” — “Маҳбуслар қоидаси ягона”) Россия Федерациясида пайдо бўлган бўлиб, у ерда жиноятчиликнинг алоҳида шакли сифатида эътироф этилган хавфли ҳаракатдир. У “ўғрилар қонунлари”ни идеаллаштириб, қамоқхона маданиятини оддий ҳаётга сингдиришни мақсад қилган.
Россияда бу ҳаракат 2020 йилда расман экстремистик ташкилот сифатида тақиқланган, унинг фаолияти учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Маълум қилинишича, бу тузилма таъсири Россияда вақтинчалик ишлаб юрган айрим Ўзбекистон фуқароларига ҳам етиб бормоқда. Оммавий ахборот воситаларида ва расмий манбаларда қайд этилишича, сўнгги йилларда бир нечта ўзбекистонлик “А.У.Е.” ҳаракатини қўллаб-қувватлагани ёки унда иштирок этгани учун Россия қонунчилигига асосан жиноий жавобгарликка тортилган.
“Бу ҳолат нафақат уларнинг эркинлигига, балки Ўзбекистон фуқаролари имиджига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, “А.У.Е.” гуруҳи аъзолари асосан интернет орқали — ижтимоий тармоқлар, чатлар ва видеоплатформаларда ўз сафларига одам жалб қилади. Шунингдек, улар меҳнат муҳожирлари орасида ҳам “братва”, “общак”, “закон по понятиям” каби иборалар орқали таъсир ўтказишга ҳаракат қилади.
“А.У.Е.” сафида юриш шунчаки “ишдан кейинги дўстона гуруҳ” эмас — бу ҳаракат билан боғланиш инсонни жиноий фаолиятга тортади”, дейилади хабарда.
Россия Федерацияси қонунчилигида “А.У.Е.” ҳаракатларига алоқадорлик учун 300 минг рублдан 600 минг рублгача жарима ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 1 йилдан 4 йилгача мажбурий меҳнат (ахлоқ тузатиш) ишларига жалб этиш ёхуд 2 йилдан 6 йилгача озодликдан маҳрум қилиш каби жазолар белгиланган.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь