Доғистонда вертолёт қулаб тушди. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
07 Ноябрь 2025 3954 1 дақиқа
Бугун, 7 ноябрь куни Доғистонда вертолёт ҳалокатга учради. Оқибатда тўрт киши ҳалок бўлган, яна уч киши жароҳат олган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигига таяниб, РИА Новости хабар берди.
Қайд этилишича, Кизлярдан Избербашга учаётган Ка-226 вертолёти Доғистоннинг Ачи-Су посёлкасида қулаган. Бортда жами етти киши бўлган. Ускуна Кизляр электромеханик заводига тегишли бўлиб, ишчиларни ташиган. Вертолёт қурилиш босқичидаги меҳмон уйининг устига қулаган. У пайтда бино ичида ҳеч ким бўлмаган. Дастлабки тахминларга кўра, ҳалокат сабаби парвоз вақтида двигателнинг ёниб кетиши бўлган.
Воқеа жойида 80 квадрат метр майдонда ёнғин чиққан ва кейинроқ ўчирилган. Ҳалокат оқибатларини бартараф этиш ишларига 16 киши ва 4 та техника воситаси жалб қилинган. Доғистон минтақавий бошқарув маркази раҳбари Исрофил Исрофилов маълум қилишича, ҳалокат оқибатида 4 киши ҳалок бўлган, 3 киши тан жароҳати олган. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги жароҳат олганлар Избербаш марказий шаҳар шифохонасига етказилганини билдирган. Улардан икки нафари ниҳоятда оғир, яна бири оғир аҳволда.
Воқеа юзасидан бир нечта одамнинг ўлимига сабаб бўлган хавфсизлик қоидаларини бузиш моддасига биноан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Филиппиннинг Агусан-дель-Сур вилоятининг Лорето туманида ҳарбий вертолёт қулаши оқибатида олти киши ҳалок бўлганди.