Дунёда ОАВ эркинлиги бўғилмоқда. Ўзбекистонда аҳвол қандай?
Бу қизиқ
−
02 Май 8110 4 дақиқа
Дунё бўйича матбуот эркинлиги тарихий энг паст даражага тушиб кетди. Бу ҳақда “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) ташкилотининг 2025 йилги ҳисоботида сўз боради.
Ҳисоботда 180 та мамлакатдаги оммавий ахборот воситалари ҳолати бешта мезон – сиёсий контекст, ҳуқуқий база, иқтисодий муҳит, ижтимоий-маданий шарт-шароитлар ва хавфсизлик асосида баҳоланган.
Таҳлилчиларга кўра, 90 та мамлакатда журналистлар учун “қийин” ёки “жуда жиддий” вазият юзага келган. Бундай ҳолатга нафақат хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар ва автократик режим таъсири, балки оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий ночорлиги ҳам сабаб бўлмоқда. RSF раҳбари Анья Остерхауснинг таъкидлашича, “мустақил журналистика автократлар кўзида хақиқатни ошкор қилувчи тикандек”. Унинг сўзларига кўра, агар ОАВ молиявий қийинчиликларга дучор бўлса, дезинформация ва пропаганданинг ёлғонини ким фош қилиши сўроқ остида қолади.
Ҳисоботда қайд этилишича, 180 давлатдан 160 тасида ОАВ барқарор фаолият юрита олмаяпти ёки фақат жуда қийин шароитда фаолият юритмоқда. Қарийб учдан бир мамлакатда таҳририятлар иқтисодий сабаблар билан ёпилган, кўп ҳолларда бунга расмий босим сабаб бўлган. 46 давлатда ОАВ фақат бир неча бой шахслар томонидан назорат қилинади. Россия ҳам шулар қаторида тилга олинган.
Россия RSF рейтингининг энг охиридаги ўнликка кирган. Мамлакат бир йилда 9 поғона пастлаб, 171-ўринни эгаллади (100 баллик тизимда 24,57 балл), яъни рейтингдаги энг ёмон натижалардан бири. Россия ёнида Миср ва Никарагуа қайд этилган.
Постсовет давлатлари ичида энг ёмон кўрсаткич Туркманистонда – 174-ўрин, 19,14 балл. Бундан пастда фақат Афғонистон, Эрон, Сурия, Хитой, Шимолий Корея ва Эритрея жойлашган.
Беларусь (166-ўрин, 25,73 балл) ва Озарбайжон (167-ўрин, 25,47 балл) Россиядан юқорироқда турибди. Марказий Осиё мамлакатлари ҳам паст поғоналарда жойлашган: Тожикистон 153-ўрин (32,21 балл), Ўзбекистон 148-ўрин (35,24 балл), Қирғизистон 144-ўрин (37,46 балл), Қозоғистон 141-ўрин (39,34 балл).
Грузия эса бир йил ичида 11 ўрин пастлаб, 114-поғонага тушиб кетди (50,53 балл). Бунга сабаб мамлакатдаги парламент сайловлари ва “Грузия орзуси” партиясининг ҳокимиятда қолиши ортидан келиб чиққан халқаро танқидлар ва ички норозиликлар бўлди.
Ўзбекистон кетма-кет иккинчи йил 148-поғонада қолмоқда. Бироқ аҳвол 2024 йилга нисбатан ёмонлашган. Чунки ўтган йили Ўзбекистон ОАВ эркинлигига 37,27 балл берилган бўлса, бу йил 35,24 балл берилган. 
Америка қитъасидаги 28 мамлакатдан 22 тасида оммавий ахборот воситалари учун иқтисодий шароит ёмонлашган. АҚШда (57-ўрин) Дональд Трампнинг иккинчи президентлик муддати матбуот эркинлиги учун салбий таъсир кўрсатган. Аргентинада (87-ўрин) Президент Хавьер Милей журналистларни оммавий равишда ҳақорат қилиб, давлат оммавий ахборот воситаларини тарқатиб юборди. Перу (130-ўрин) ва Сальвадорда (135-ўрин) эса матбуот эркинлиги ҳукуматни танқид қилувчи ОАВга қарши пропаганда ва ҳужумлар туфайли таназзулга юз тутган.
Мексика (124-ўрин) журналистлар учун энг хавфли мамлакат бўлиб қолмоқда ва у ерда иқтисодий кўрсаткичлар ҳам жиддий пасайган. Ҳудудда энг охирги ўринни Никарагуа (172-ўрин) эгаллаб, рейтингнинг энг паст қаторида жойлашган. Бу мамлакатда Ортега-Мурильо режими мустақил ОАВни тўлиқ йўқ қилган.Шу билан бирга, Бразилия (63-ўрин) Болсонару давридан кейин тикланишни давом эттирмоқда.
Европа ҳали ҳам матбуот эркинлиги бўйича минтақавий етакчи бўлиб турибди, аммо у ҳам тобора кўпроқ бўлинмоқда. Шарқий ва Марказий Европа минтақаси дунёда энг кучли пасайишни бошдан кечирган. Бироқ Европа Иттифоқи ва “болқон”лар минтақаси энг юқори умумий бални қайд этган ва дунёдаги бошқа минтақалар билан фарқи ортиб бормоқда.
Шу билан бирга, ЕИ-Болқон ҳудудида ҳам иқтисодий инқироз ўз таъсирини кўрсатган: 40 мамлакатнинг 28 тасида иқтисодий баллар пасайган. Европада ОАВ иқтисодий муҳитини яхшилаши мумкин бўлган “Европа матбуот эркинлиги тўғрисидаги акт” (EMFA) ҳалигача амалга оширилмаган.
Португалия (8-ўрин), Хорватия (60-ўрин) ва Косово (99-ўрин)да вазият ёмонлашган. Шу билан бирга, Норвегия тўғри келувчи барча беш мезонда “яхши” баҳо олган ягона мамлакат бўлиб қолмоқда ва тўққизинчи йил кетма-кет рейтингнинг биринчи поғонасини эгаллаб турибди. Эстония иккинчи ўринга кўтарилган бўлса, Нидерландия (3-ўрин) Швецияни (4-ўрин) ортда қолдириб, биринчи учликка кирган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2024 йилда “The Economist” журнали таркибидаги Economist Intelligence Unit таҳлилий бўлими томонидан тузилган демократия индексида 0,2 балл йўқотиб, шунга қарамай, умумий рейтингда бошқа давлатлардаги ёмонлашувлар ҳисобига 2 поғона юқорилаганди.
Live
Барчаси