Экологга куч ишлатган “замҳоким”га жиноят иши қўзғатилди
3-саҳифа
−
25 Ноябрь 2025 14447 3 дақиқа
Аввалроқ, Фарғона вилоятининг Бувайда туманида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси инспектори Аҳроржон Ниёзовга туман ҳокими ўринбосари Саидали Хизиров куч ишлатиб, орган ходимлари ёрдамида туман Ички ишлар бўлимига олиб кетгани, кейинроқ эса Хизиров ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берилган эди. Энди эса унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Фарғона вилояти прокуратураси томонидан тегишли идоралар иштирокида ушбу ҳолат ўрганилган.
Аниқланишича, бугун, 25 ноябрь куни Бувайда тумани ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникация, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Саидали Хизиров мансабдор шахс бўла туриб, мансаб ваколатидан четга чиқиб, Бувайда тумани “Найман” маҳалласидан ўтган Найман зовури атрофидаги дарахтларни “Д.С.” МЧЖнинг ишчиси томонидан кесилаётганлигидан хабар топиб, уни олдини олиш чораларини кўраётган Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Бувайда туман бўлими инспекторининг қонуний талабларига фаол қаршилик кўрсатган. Шунингдек, хизмат вазифасидан кечишга мажбур қилиб, ҳодиса жойидан олиб кетиб, давлат ва жамоат манфаатларига жиддий зиён етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Саидали Хизиров ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 198-моддаси 2-қисми (экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят иши тергови шахсан Бош прокурор томонидан назоратга олинган.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси маслаҳатчиси Расул Кушербоевнинг билдиришича, аҳоли мурожаатига асосан ҳолат жойига тезкор етиб борган Экология қўмитаси инспектори ноқонуний дарахт кесиш ҳолатини аниқлаб, уни тўхтатиб, белгиланган тартибда ҳужжатларни расмийлаштирмоқчи бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 19 ноябрь куни қабул қилинган “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг ҳудудий бўлинмалар ва туман (шаҳар) бўлимлари ходимлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тузилмасига кирмайди ҳамда ўз фаолиятини мустақил амалга оширади ва Экология қўмитаси олдида ҳисобдор бўлади, деб ёзилган. Фармон имзоланганидан бир ҳафта ўтгани ва мамлакатда экология масаласи кун тартибида турганига қарамай, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари экологларни менсимай, уларга куч ишлатиши, фаолиятига тўсқинлик қилиши давом этмоқда. Ё улар Президент имзолаган фармонни ўқимайди, ё ўқиса ҳам парво қилмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Расул Кушербоев шунга ўхшаш ҳолат ҳақида гапирган эди. Ўшанда у ўтган йили пойтахтда экологияни заҳарлаётган ташкилотларга чора кўрилаётганда ўша пайтдаги экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг биринчи ўринбосари номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилганини очиқлаганди.
Live
Барчаси