Электрон сигареталар инфаркт хавфини оширади – тадқиқот
Олам
−
11:23 372 2 дақиқа
Электрон сигареталар юрак инфаркти ва инсульт хавфини оширади. Бу ҳақдаги тадқиқот натижалари BMC Public Health журналида эълон қилинган.
Тадқиқотчилар электрон сигаретадан фойдаланиш билан инфаркт ва инсульт хавфи ўртасидаги боғлиқликни ўрганган. Ишлар доирасида илгари ўтказилган 12 та тадқиқот маълумотлари таҳлил қилинган: инфаркт хавфини ўрганишда 430 875 киши, инсульт хавфини таҳлил қилишда эса 1 миллиондан ортиқ иштирокчи қамраб олинган. Натижалар шуни кўрсатганки, электрон сигаретадан фойдаланувчиларда инфаркт хавфи уларни ишлатмайдиганларга нисбатан 53 фоизга юқори. Айниқса, илгари оддий сигарета чекиб, кейинчалик электрон сигаретага ўтганлар учун бу хавф юқори.
Шунингдек, илгари чекишни ташлаган, лекин электрон сигаретани ишлатишда давом этаётганлар орасида инсульт хавфи 73 фоизга ошган. Тадқиқотчилар электрон сигареталарни “зарарсиз” восита сифатида қабул қилмаслик кераклигини таъкидлайди. Узоқ йиллик чекиш эса юрак-қон томир касалликлари, жумладан, ишемия касаллиги, гипертензия ва инсульт ривожланишининг асосий хавф омилларидан биридир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон парламентининг юқори палатаси спикери Рустам Имомали Тожикистонда миллат генофондини ҳимоя қилиш ва электрон сигареталардан фойдаланиш оқибатидаги салбий таъсирларнинг олдини олиш мақсадида электрон сигареталардан (вейплардан) фойдаланиш, уларни ишлаб чиқариш ва муомалага чиқариш тақиқланиши мумкинлиги ҳақида айтганди.
Қолаверса, Ўзбекистонда жорий йил 27 ноябрдан электрон сигареталар (вейплар) ва улар учун суюқликлар муомаласи тўлиқ тақиқланган. Бу харид қилиш, сақлаш, ташиш ва импорт-экспортни ҳам қамраб олади. Қоидабузарликлар учун катта жарималар ва айрим ҳолатларда бир неча йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Ўтган йили апрель ойида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев соғлиқни сақлаш масалалари бўйича қонунчиликка электрон сигареталар олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотишни тақиқлашни ўз ичига олган ўзгартиришларни маъқуллаганди. Қозоғистонда электрон сигареталарни олиб кириш, уларни сотиш ва турли тамаки маҳсулотларни реклама қилишни тақиқловчи қонун июнь ойида кучга кирди.
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров эса ўтган йил ноябрь ойида тамаки маҳсулотлари ва никотин моддаларининг зарарли таъсиридан аҳолининг соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтиришга қаратилган қонунни имзолади. Қонун 2025 йил 1 июлдан бошлаб кучга кирди.
Live
Барчаси