Энди болаларнинг уятсиз видеоларини сақлаш жиноят деб топилиши мумкин (видео)
Жамият
−
03 Октябрь 3923 2 дақиқа
Энди болаларнинг уятсиз видеоларини сақлаганлар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 3 октябрь куни Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида дастлабки тарзда кўриб чиқилган “Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.
Унга кўра, Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғисидаги кодексда 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан телекоммуникация тармоқлари ёки интернетдан фойдаланиб уйтатсиз ҳаракатлар қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Хусусан, вояга етмаганлар тасвирланган порнографик видеоларни тарқатиш мақсадида сақлаганлик учун маъмурий жавобгарлик, бир йил давомида такрорланган тақдирда жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, вояга етмаган иштирокчиларнинг ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш мақсадида вояга етмаган гувоҳнинг қонуний вакили институти жорий этилмоқда. Вояга етмаган гувоҳни ёки жабрланувчини сўроқ қилишнинг бир кун мобайнида умумий давомийлиги вояга етмаганнинг ёши ва ҳолатидан келиб чиқади. Жумаладан, 7 ёшгача бўлганларга танаффусларсиз 30 дақиқадан, жами 1 соатдан, 7 ёшдан 14 ёшгача бўлганларга танаффусларсиз 1 соатдан, жами 2 соатдан, 14 ёшдан 18 ёшгача бўлганларга танаффусларсиз 2 соатдан, жами 4 соатдан ошмаслиги белгиланмоқда.
Муҳокама жараёнида сенаторлар томонидан ушбу қонун лойиҳаси жиноятларнинг олдини олишга, содир этиладиган жиноятлар учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга, шунингдек, болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши таъкидланган. Мажлис якунида кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишида муҳокама қилингани ҳақида хабар берилган эди. Йиғилишда айтилган маълумотларга кўра, 2025 йилнинг 8 ойида вояга етмаганларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш жинояти 36 фоизга ортган.
Live
Барчаси