Энди машинага газ баллон ўрнатгандан кейин “техпаспорт”ни алмаштириш шарт эмас (видео)
Жамият
−
03 Октябрь 11862 2 дақиқа
Жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб автомобилга газ баллон ўрнатилганидан сўнг “техпаспорт” (автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома)ни алмаштириш талаб этилмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 16 сентябрдаги “Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорида сўз боради.
Унга кўра, 1 ноябрдан бошлаб транспорт воситасига газ баллони ўрнатилганига оид маълумотларни электрон шаклда юритиш орқали транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини қайта расмийлаштириш тартиби бекор қилинади.
Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг сентябрь ойи охирида Ўзбекистондаги газ қуйиш шохобчалари ва фуқаролар хавфсизлиги ҳамда ҳисоб-китоблар шаффофлигини таъминловчи UGaz тизими ишга туширилган. Ушбу тизим орқали ҳар бир газ қуйиш шохобчасида жараёнлар реал вақт режимида қайд этилади. Бу эса:
- қўлда ҳисоб-китоб олиб бориш заруриятини камайтиради;
- ноқонуний ҳолатларнинг олдини олади;
- жараён шаффофлигини таъминлайди;
- истеъмолчилар учун хавфсизлик даражасини оширади.
Шунингдек, автомашина газ қуйиш шохобчасига кирганда унинг техник кўрикдан ўтганлиги автоматик тарзда текширилади. Агар техник кўрик муддати тугаган бўлса, тизим операторга хабар беради. Шунингдек, агар ёқилғи тури мос келмаса ёки баллон рўйхатдан ўтказилмаган бўлса, тизим бу ҳақда ҳам операторни шу жойнинг ўзида огоҳлантиради. АГТШК, ҳайдовчи ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлайди.
Live
Барчаси