Энди Россия ва Беларусь ёшлари Олимпия ўйинларида қатнашиши мумкин
Олам
−
12 Декабрь 2992 2 дақиқа
Кеча, 11 декабрь куни Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) Россия ва Беларусдан келган ўсмир спортчиларга ўз давлат байроқлари ва мадҳиялари остида мусобақаларда қатнашишга рухсат берди, бироқ ушбу давлатлар ҳукуматларига қарши қўлланилган қоидалар ўз кучида қолмоқда. Бу ҳақда Лозаннада бўлиб ўтган Олимпия саммитида маълум қилинди.
Қайд этилишича, ХОҚ спорт федерацияларига Россия ва Беларусь спортчиларига якка ва жамоавий спорт турлари бўйича ёшлар мусобақаларида иштирок этишга рухсат беришни тавсия қилган.
ХОҚ байроқлар, мадҳиялар, формалар ва бошқа элементларга оид “стандарт протоколлар” миллий федерация “яхши ҳолатда” бўлса, ёш спортчилар иштирокидаги турнирларда ҳам қўллаб-қувватланишини билдирди. Ушбу тавсиялар 2026 йилда Сенегалнинг Дакар шаҳрида бўлиб ўтадиган Ёзги Ўсмирлар Олимпия ўйинларига қадар амалга оширилиши кераклиги айтилди.
“Бугунги Олимпия саммитида спортчилар, хусусан, ёш спортчилар ўз ҳукуматларининг хатти-ҳаракатлари учун жавобгар бўлмасликлари тан олинди”, дейилади ХОҚ баёнотида.
Бироқ қўмита спортчилар “Олимпия ҳаракатининг бирлик ва тинчликни тарғиб қилиш миссиясини қўллаб-қувватлашлари” кераклигини таъкидлади. Бунга қарши бўлганлар четлаштирилиши мумкин.
ХОҚ, шунингдек, 2022 йилдан бери амалда бўлган Беларусда халқаро турнирларни ўтказмаслик ҳақидаги тавсиясини бекор қилди. Ушбу тавсия тўлиқ кўламли уруш бошланишида баъзи рус қўшинлари Украинага Беларусдан кирганидан кейин жорий этилганди. Бироқ ХОҚ халқаро федерациялар ҳали ҳам Россияда спорт тадбирларини ўтказиш ёки қўллаб-қувватлашдан тийилиши кераклигини таъкидлади.
Ташкилот, шунингдек, Россия ва Беларусь ҳукуматларига қарши қўлланилган санкцияларни сақлаб қолди. Хусусан, буларга ушбу мамлакатлар расмийларини халқаро спорт тадбирларига аккредитация қилиш ёки таклиф қилиш, шунингдек, улар билан учрашувларга чекловлар киради.
Маълумот ўрнида, қўмита катталар мусобақаларида россиялик ва беларуслик спортчилар учун амалдаги чекловларни сақлаб қолди. Масалан, 2024 йилги Париж Олимпиадасида Россия ва Беларусь спортчиларига фақат Украинага қарши урушни фаол қўллаб-қувватламаган ва ўз мамлакатлари хавфсизлик кучлари ёки миллий терма жамоалари билан алоқаси бўлмаган спортчиларгина нейтрал байроқ остида қатнашишига рухсат берилган эди. Шунингдек, ўйинларнинг расмий майдонларида Россия ва Беларусь байроқлари ҳамда бу давлатларнинг бошқа рамзларини намойиш этиш тақиқланган.
Худди шундай чекловлар 2026 йил февраль ойида Италиянинг Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида бўлиб ўтадиган Қишки Олимпия ўйинларида ҳам сақланиб қолади.
Live
Барчаси