Эпштейн файллари: БМТ экспертлари айбдорларни жазолашга чақирди

Олам

image

БМТнинг мустақил экспертлари Эпштейн файлларида одам савдосида айбланаётган шахсларни жавобгарликка тортишга чақирди. Бу ҳақда ташкилотнинг янгиликлар хизмати хабар берди.

“Биз Эпштейн файлларида келтирилган, ёш аёллар ва қизларни жинсий эксплуатация мақсадида тизимли равишда савдога чиқарилганига оид асосли айбловлардан жиддий хавотирдамиз ва бу масала юзасидан ҳар томонлама ҳамда шаффоф тергов ўтказишга чақирамиз”, дейилади баёнотда.

Ҳуқуқ ҳимоячилари, шунингдек, бундай жиноятларнинг олдини олиш соҳасида “ҳалокатли муваффақиятсизликлар” мавжудлигини, тегишли органлар жабрланувчиларни аниқлаш ва ҳимоя қилиш ҳамда айбдорларни таъқиб қилишда ожизлик қилаётганини қайд этган.

“Болалар савдосининг глобал миқёсда узоқ вақт давом этгани, қолаверса, бунда кўплаб дунёга машҳур шахслар иштирок этгани – аёлларга нисбатан дискриминация ва зўравонлик патриархал тизимларда қанчалик чуқур илдиз отганини кўрсатади”, дейилади баёнотда.

Экспертларнинг таъкидлашича, ёш аёллар ва қизларнинг танасини буюм сифатида ишлатган, болаларнинг камситувчи ҳолатлардаги суратларини тарқатган шахслар албатта жавобгарликка тортилиши керак.

“Болалар ва ёш аёллар савдоси бу оғир жиноят ҳамда инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилишидир. Биз давлатлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг эътибори мутлақо етарли бўлмаганидан чуқур хавотирдамиз”, дейилади баёнотда.

Экспертлар айбдорларни жавобгарликка тортмаслик – жазосизлик маданиятининг шаклланишига олиб келишини, бу эса аёллар ва қизларга катта зарар етказишини таъкидлаган.

“Биз давлатларга жинсий эксплуатация мақсадида одам савдосининг олдини олиш, жабрланувчиларни аниқлаш, уларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш халқаро ҳуқуқ доирасида уларнинг мажбурияти борлигини эслатамиз”, дея таъкидлаган экспертлар.

Эпштейн иши

2025 йилнинг 19 декабрь куни АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича федерал терговнинг қолган материалларини эълон қилган. Улар 3 миллиондан ортиқ саҳифа ҳужжатлар, 2 мингдан зиёд видеоёзув ва 180 мингта суратни ўз ичига олади. Ҳужжатларда Трампнинг исми 3 минг мартадан кўпроқ тилга олинган.

Шунингдек, махфийликдан чиқарилган ҳужжатларда 30 йилдан ортиқ вақт аввал Нью-Жерсида 13 ёки 14 ёшли қиз Трамп билан жинсий алоқага мажбурлангани ҳақида тасдиқланмаган маълумот тарқалган. Бу маълумотлар тахминий жабрланувчининг “аниқланмаган дугонаси”дан келиб тушган.

Трамп эса Эпштейн билан тахминан 20 йил аввал алоқани узганини ва унинг жинсий жиноятларидан бехабар бўлганини айтмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ баёнот Эпштейн

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг