Эрдўған туркий давлатларни йўлдан адашмай, ШКТРни қўллашга чақирди

Олам

image

Шимолий Кипр Турк Республикаси узоқ бўлмаган келажакда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо сифатида қўшилади. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 21 май куни Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилоти давлат ва ҳукумат раҳбарларининг норасмий саммитидаги нутқида сўз очди. 

У сўзи аввалида ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатлардан ўзлари тўғри деб билган йўлдан адашмай, қалбан яқин бўлган Шимолий Кипр туркларининг озодлик ва адолат курашини янада кўпроқ қўллаб-қувватлашларини кутаётганини билдирди. 

“Ўтмишда Кипр, Қорабоғ, Боснияда ва бугун Ғазода содир бўлган фожиалар бизга чегараларимиздан ташқарини ҳам ўйлашимиз кераклигини эслатмоқда. Овозимизни эшиттириш учун фойдаланиладиган ҳар қандай имконият инсониятнинг адолатли тартиб, ҳақли тақсимот ва қонунга асосланган тизимга бўлган эҳтиёжига жавоб беради”, дейди Эрдўған. 

Шу маънода Туркия раҳбари, Туркий Давлатлар Ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши йиғилишининг май ойи бошида Шимолий Кипр Турк Республикасида ўтказилганини алоҳида воқелик сифатида эътироф этди. 

“Туркий дунёнинг оилавий фотосурати Шимолий Кипр Турк Республикасисиз тўлиқ бўлмаслигига ишонамиз. Шу сабабли, Шимолий Кипр Турк Республикасининг Туркий Академияда кузатувчи мақомини олишига доир бугун саммитимизда қабул қилган қароримизни жуда муҳим қўшимча қадам сифатида кўряпмиз. Умид қиламанки, Шимолий Кипр Турк Республикасини ташкилотимизга тўлақонли аъзо сифатида қабул қиладиган кунни узоқ бўлмаган келажакда ҳам кўрамиз”, дейди Эрдўған.

У давлат раҳбарларини Шимолий Кипр Турк Республикасини қўллаш орқали ўртадаги ҳамжиҳатликни янада кўпроқ ифода этишга чақирди. 

Ушбу норасмий йиғилишда Туркий Давлатлар Ташкилотида кузатувчи мақомига эга икки иштирокчи – Туркманистон ва (тан олинмаган) Шимолий Кипр Турк Республикасидан вакиллар иштирок этмади. 

ШКТР ва Самарқанд саммити

Эслатиб ўтамиз,  жорий йилнинг 3-4 апрель кунлари Марказий Осиё – Европа Иттифоқи биринчи саммити бўлиб ўтди. Саммит якунлари бўйича Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Республикаси Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Европа кенгаши президенти Антониу Кошта, Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо томонидан қабул қилинган баёнотнинг 4-бандида айтилишича, барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига халқаро ва минтақавий доирадаги ҳар қандай форумларда ҳурмат кўрсатиш, шунингдек, бу тамойилларга зид ҳаракатлардан тийилиш мажбурияти олинган.

“Худди шу руҳда, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 541(1983) ва 550(1984)-сонли резолюцияларига содиқлигимизни яна бир бор тасдиқладик. Минтақавий ҳамкорлик тузилмалари доирасида иштирок этишда ушбу халқаро тамойилларга риоя қилиниши кераклигини таъкидладик — бу эса ЕИ ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар ривожида муҳим аҳамиятга эга. Шу муносабат билан Туркманистон ўзининг халқаро мажбуриятларини доимий бетарафлик мақоми тамойилларига қатъий мувофиқ амалга оширишини эслатди”, дейилган баёнотнинг айнан 4-бандида.

541 ва 550 резолюциялар эса Шимолий Кипр Турк Республикасини тан олмаслик, улар билан ҳамкорлик қилмасликни англатади. Бундан кўринадики, Марказий Осиёнинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган 3 давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва кузатувчи давлат мақомида қолаётган Туркманистон ўзи билан бир тузилма, яъни Туркий давлатлар ташкилотида бўлиб турган ШКТР билан бир стол атрофида тўпланса-да, уни рад этади. Яъни, Шимолий Кипр Турк Республикаси Туркий Давлатлар Ташкилотининг 2022 йилнинг ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган саммитида имзоланган декларация билан ташкилотда кузатувчи мақомини олган. 

Шимолий Кипр Турк Республикасининг ҳуқуқий мақоми

Кипр оролининг Грецияга қўшилиши тарафдорлари томонидан амалга оширилган давлат тўнтариши натижасида 1974 йилда Туркия қуролли босқинидан бери этник жиҳатдан иккига бўлинган. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида Кипр ҳудудининг тахминан 37 фоизи Туркия назорати остида бўлиб, Шимолий Кипр – 1983 йилда ташкил топган ва жаҳон ҳамжамиятида фақат Анқара томонидан тан олинган. Туркия Шимолий Кипрда 40 минг кишилик ҳарбий контингентни сақлаб турибди. Оролнинг жанубий қисми асосан Кипр юнонлари яшайдиган Кипр Республикаси назорати остида қолган. 

Шимолий Кипр Турк Республикаси Туркиянинг иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий ёрдамига жуда боғлиқ. Кипр Республикаси ва БМТ уни босқинчи куч деб ҳисоблайди. Шимолий Кипр Турк Республикаси номини олган тузилма Туркий давлатлар ташкилоти ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига кузатувчи сифатида аъзо. 

Шимолий Кипр Турк Республикаси аҳолиси тахминан 294 906 киши бўлиб, 3355 км² майдонда яшайди. Аҳолининг катта қисмини этник турклар ташкил этади. Уларнинг анклавларида Кипр юнонлари ва ливанлик маронитлар ҳам яшайди. Шимолий Кипр Республикаси пойтахти – Кипр Республикаси ва Шимолий Кипр Республикаси ўртасида бўлинган Лефкоса (Никосия) шаҳри. 

Шимолий Кипр Турк Республикаси Кипрнинг қолган қисмидан буфер зона билан ажратилган. Оролни икки секторга ажратувчи чизиқ Кипрдаги БМТ тинчликпарвар кучлари контингенти томонидан қўриқланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Туркий давлатлар ташкилоти Шимолий Кипр Турк Республикаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг