Эрон ҳарбийлари жанговар тайёргарликни энг юқори даражага кўтарди
Олам
−
11 Январь 18715 2 дақиқа
Мамлакатдаги барқарорликка жиддий таҳдид солаётган оммавий халқ норозилик намойишлари фонида Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий мамлакатнинг куч тузилмалари жанговар шайлик даражасини максимал ҳолатга кўтарди. Бу даража ҳатто ўтган йил июнь ойида Исроил билан бўлган уруш пайтидагидан ҳам юқори. Бу ҳақда “The Telegraph” газетаси юқори мартабали эронлик манбага таяниб хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Оятуллоҳ ҳарбийлар ва полиция сафида хиёнат ва дезертирлик бўлишидан жиддий хавотирда. Улардан айримлари намойишчиларга қарата ўқ узишдан бош тортгани учун аллақачон ҳибсга олинган.
Эроннинг раҳбари ўз тақдирини тўлиқ Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига ишониб топширган. Айнан шу тузилмага қўзғолон қамраб олган кўчаларни тўлиқ назоратга олиш буйруғи берилган.
Шунингдек, ер остидаги “ракета шаҳарлари” ҳам тўлиқ жанговар шай ҳолатга келтирилган, уларнинг камида тўрттаси мавжуд. Расмий равишда бу қадам ташқи таҳдидларга қарши чоралар билан изоҳланмоқда. Теҳронда АҚШ Президенти Дональд Трампнинг ҳар қандай аралашуви ўтган йилги Исроил билан бўлган чекланган можародан тубдан фарқ қиладиган “апокалиптик уруш”ни қўзғатиши мумкин, деган хавотир мавжуд.
9 январь куни Эрон ҳарбий кемалари Жанубий Африка сувларида Хитой ва Россия кемаларига қўшилиб, Кейптаун соҳиллари яқинида ўтказилиши режалаштирилган ҳарбий-денгиз машғулотларида иштирок эта бошлади. Айтиш жоизки, ушбу маневрлар Претория ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларни янада мураккаблаштириши мумкин.
Шунга қарамай, нашр манбаларига кўра, Эрон тузуми ҳозир омон қолиш режимида ҳаракат қилмоқда. Хоманаийнг яқин сафдошлари эса Олий раҳбар Москвага қочиб кетмоқчи деган миш-мишларни рад этиб, у Теҳронда қолишини айтган.
Маълумот учун, мамлакатда оммавий намойишлар 28 декабрдан буён давом этмоқда. Улар Теҳрондаги марказий бозорда бошланган бўлиб, кўплаб дўкон эгалари гиперинфляция ва нархларнинг кескин ошишига норозилик сифатида савдо шохобчаларини ёпган.
29 декабрь куни Эрон миллий валютаси – риал тарихий минимум даражага тушди: бир риал тахминан 0,00002 еврога тенг бўлди. Жаҳон банки маълумотига кўра, октябрь ойида Эронда озиқ-овқат инфляцияси 64,2 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич бўйича мамлакатни антирейтингда фақат Жанубий Судан ортда қолдирган.
Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши тартибсизликларни АҚШ ва Исроил томонидан уюштирилган, дея баҳолаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эроннинг сўнгги шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг ўғли – Ризо Паҳлавий АҚШ Президенти Дональд Трампдан мамлакатидаги оммавий норозилик намойишларига аралашиб, Оятуллоҳ режимини ағдаришда ёрдам беришни сўраганди.
Live
Барчаси