Эрон кемалар учун тўлов олмаслиги керак – Трамп
Олам
−
08:49 2544 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Эронни Ҳормуз бўғози орқали ўтувчи танкерлар учун тўлов олишни дарҳол тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари Truth Social тармоғида ёзиб қолдирди.
Трампга кўра, Эроннинг бундай ҳаракатини қабул қилиб бўлмайди.
“Эрон Ҳормуз бўғози орқали ўтаётган танкерлар учун тўлов олаётгани ҳақида хабарлар келмоқда – улар буни қилмаслиги керак, агар қилаётган бўлса, дарҳол тўхтатиши лозим!” деган АҚШ Президенти.
Кейинги хабарида Трамп яқин орада нефть етказиб бериш ҳажми ошишини айтиб, бу жараён Эрон билан ёки усиз амалга ошишини таъкидлаган.
Қолаверса, Трамп Теҳронни сулҳ шартларини бузишда ҳам айблаган. Унинг сўзларига кўра, Эрон Ҳормуз бўғози орқали нефть ташувчи кемалар ҳаракатига тўсқинлик қилмоқда.
Аввалроқ, эронлик расмий Ҳамид Ҳоссайини вақтинчалик сулҳ даврида Эрон танкерлар орқали ташилаётган ҳар бир баррель нефть учун 1 доллар миқдорида тўлов жорий этишини маълум қилган. Бўш (юксиз) кемалар эса бепул ўтиши мумкинлиги айтилган.
Эслатиб ўтамиз, 8 апрелга ўтар кечаси АҚШ ва Эрон икки ҳафталик сулҳга тайёр эканини билдирганди. Эрон Ҳормуз бўғозини очишга рози бўлган, бироқ бу жараён ҳарбийлар билан мувофиқлаштирилишини таъкидлаган. 9 апрель куни Эрон АҚШни келишувни бузишда айблади, жумладан дронлар орқали ҳаво ҳудудига киришда.
Шунингдек, Исроилнинг Ливанга берган зарбалари фонида Эрон Ҳормуз бўғози орқали нефть танкерларининг ҳаракатини вақтинча тўхтатган.
Маълумотга кўра, ҳозирда ушбу денгиз йўлида 800 дан ортиқ кема тўхтаб қолган.
Live
Барчаси