Эрон ЖЧ-2026 да қатнашиш учун мезбонларга бир нечта шарт қўйди
Спорт
−
10 Май 4351 2 дақиқа
Эрон футбол федерацияси футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун кафолатлар талаб қилиб, 10 та шарт қўйди. Бу ҳақда “Le Parisien” газетаси хабар берди.
“Биз албатта 2026 йилги жаҳон чемпионатида қатнашамиз, бироқ мезбон давлатлар бизнинг хавотирларимизни инобатга олиши керак. Биз мусобақада иштирок этамиз, аммо ўз эътиқодимиз, маданиятимиз ва қарашларимиздан воз кечмаймиз”, дейилади федерация баёнотида.
Эрон томони илгари сурган шартлар орасида Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси сафида ҳарбий хизмат ўтаган футболчилар ва мураббийлар штаби аъзоларига виза берилиши, жамоа ходимлари, Эрон байроғи ва мадҳиясига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, аэропортлар, меҳмонхоналар ва стадионларга олиб борувчи йўлларда юқори даражадаги хавфсизликни таъминлаш каби талаблар бор.
11 март куни Эрон Спорт вазири Аҳмад Донямали миллий жамоа жаҳон чемпионатида қатнашмаслигини маълум қилган эди. Бироқ, 16 март куни Осиё футбол конфедерацияси бош котиби Виндсор Жон Эрон томонидан турнирни бойкот қилиш ҳақида ҳеч қандай расмий хабар келмаганини айтди.
Кейинроқ Эрон терма жамоаси жаҳон чемпионатини бойкот қилмаслигини, федерация эса ФИФА билан жамоа ўйинларини Мексикага кўчириш масаласини муҳокама қилаётганини билдирилган. ФИФА президенти Инфантино эса Эрон терма жамоаси турнирда қатнашишига умид қилаётганини ва ташкилот жамоа учун энг яхши шароитларни яратишга ҳаракат қилишини таъкидлаган.
Эрон терма жамоаси гуруҳ босқичидаги барча учрашувларини АҚШда ўтказиши керак. Жамоа бир гуруҳдан Бельгия, Миср ва Янги Зеландия терма жамоалари билан жой олган.
Турнир 11 июндан 19 июлгача давом этади ва илк бор 48 та жамоа иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ФИФА президенти Жанни Инфантино Канаданинг Ванкувер шаҳрида ўтказилган конгрессда Эрон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этишини ва ўйинларини АҚШ ҳудудида ўтказишини маълум қилганди.
Live
Барчаси