Эронда талабалар яна бош кўтарди (видео)
Олам
−
22 Февраль 4797 2 дақиқа
Эрон университетларида ҳукуматга қарши янги норозилик намойишлари бошланган. Бу — ўтган ойдаги қонли тазйиқлардан сўнг илк йирик талабалар чиқиши бўлган. Бу ҳақда BBC ёзди.
Манба томонидан текширилган видеоларда Теҳрондаги Шариф технология университети ҳудудида юзлаб талабалар тинч марш уюштиргани кўринади. Улар “Диктаторга ўлим!” шиори остида ҳаракатланган. Бу мамлакат Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Ҳоманаийга ишора сифатида баҳоланмоқда. Кейинчалик намойишчилар ва ҳукумат тарафдорлари ўртасида тортишувлар кузатилган.
Пойтахтдаги Шаҳид Беҳештий университетида ўтириш акцияси ўтказилган, Амир Кабир технология университетида ҳам ҳукуматга қарши шиорлар янграган. Машҳад шаҳрида эса талабалар “Озодлик!” ва “Ҳуқуқларинг учун овоз чиқар!” деган чақириқлар билан чиқиш қилган.
Январь фожиаси хотираси
Талабалар ўтган ойдаги оммавий норозиликларда ҳалок бўлган минглаб одамларни ёд этмоқда. АҚШда жойлашган “Human Rights Activists News Agency” маълумотига кўра, ўша намойишлар чоғида камида 6 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган. Эрон расмийлари эса 3 мингдан зиёд қурбон бўлганини тан олган, аммо уларнинг кўпчилиги хавфсизлик ходимлари ёки “тартибсизлик иштирокчилари” бўлганини айтган.
Ташқи босим ва ядровий музокаралар
Намойишлар АҚШ билан муносабатлар яна таранглашган бир пайтга тўғри келган. Вашингтон Эрон ядровий дастури юзасидан музокаралар олиб бормоқда. Президент Дональд Трамп келишувга эришилмаса, ҳарбий чоралар кўрилиши мумкинлигини билдирган.
Швейцарияда бўлиб ўтган музокаралар “илгарилаш” сифатида баҳоланган бўлса-да, Трамп “яқин 10 кун ичида” вазият ойдинлашишини айтган.
Ноаниқлик давом этмоқда
Ҳозирча намойишчилар орасида ҳибсга олинганлар бор-йўқлиги ҳақида расмий маълумот йўқ. Бироқ таҳлилчилар бу чиқишлар мамлакат ичидаги норозилик кайфияти сўнмаганини кўрсатишини таъкидламоқда.
Эрон мухолифати ичида ҳам фикрлар иккига бўлинган: айримлар ташқи аралашувни қўллаб-қувватласа, бошқалар бунга қарши. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда ахборот уруши ҳам авж олган, ҳар икки томон жамоатчилик фикрини ўз томонига оғдиришга уринмоқда. Эронда вазият яна қай даражада кескинлашиши — бу нафақат ички сиёсий жараёнларга, балки халқаро музокаралар тақдирига ҳам боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Эсалтиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Эроннинг қайси объектларига ҳужум қилиш ёки нималар нишонга олинишига қарор қилмагани, аммо режалар ҳафтанинг охирида амалга оширилиши мумкинлиги айтилан эди.
Live
Барчаси8 нафар хитойлик Байкал кўлига чўкиб кетди
22 Февраль