Эрондаги намойишларда 17 ёшли футболчи отиб ўлдирилди
Спорт
−
14 Январь 2057 2 дақиқа
Эронда маҳаллий “Сайпа” клубининг 17 ёшли футболчиси Ребин Моради мамлакатдаги норозилик намойишлари вақтида отиб ўлдирилди. Бу ҳақда “Hengaw” хабар берди.
Маълумотларга кўра, Моради жорий йилнинг 8 январь куни ўлдирилган. Иш тафсилотларидан хабардор манбанинг Hengaw га маълум қилишича, Морадининг оиласи унинг вафот этгани ҳақида жорий йилнинг 12 январь куни – тўрт кун давомида унинг қаерда эканлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот бўлмаганидан сўнг хабардор қилинган. Манбага кўра, ҳозирга қадар марҳумнинг жасадини оиласига топширишга рухсат берилмаган.
Моради фаол ёш футболчи бўлиб, “Сайпа” клубининг ёшлар жамоалари сафида Теҳрон ёшлар лигасида иштирок этган. У лига учрашувларида “Сайпа” учун голлар урган ва Теҳрон ёшлар футболида истиқболли иқтидорлардан бири сифатида баҳоланган. “Сайпа”га келишидан аввал у “Парсиан Javan Иля Новин” каби бошқа ёшлар жамоаларида ҳам ўйнаган ҳамда Теҳрон вилояти футбол федерацияси томонидан ташкил этилган расмий учрашувларда қатнашган.
Футболдан ташқари, Моради ўз ёш тоифасида сузиш бўйича чемпион бўлган, шунингдек, кураш каби бошқа спорт турлари билан ҳам шуғулланган.
Эрон бўйлаб норозилик намойишлари ўтган йилнинг 28 декабрь кунидан бери давом этмоқда. Намойишлар мамлакатдаги иқтисодий аҳволга норози фуқаролар томонидан уюштирилган. Ҳозирда норозиликлар вақтида жароҳатланган ёки ҳалок бўлганларнинг аниқ сонини аниқлаш қийин, чунки бутун мамлакат бўйлаб интернет ва мобил алоқа узилган.
Инсон ҳуқуқлари фаоллари ахборот агентлиги (HRANA)нинг сўнгги тасдиқланган маълумотларига кўра, 12 январь ҳолатига кўра, норозилик намойишларини бостиришда 646 киши, жумладан, 133 нафар хавфсизлик ходими ҳалок бўлган ва 10 000 дан ортиқ намойишчи ҳибсга олинган. Яна бир инсон ҳуқуқлари ташкилоти, “Iran Human Rights” эса 648 нафар намойишчи ҳалок бўлганини хабар қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Reuters” Эронда норозилик намойишлари бошлангандан бери хавфсизлик ходимлари билан бирга 2000 га яқин одам ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганди.
Live
Барчаси