Ёзувчи Эркин Аъзамга ҳам уй совға қилинди
Маданият-санъат
−
29 Ноябрь 5450 3 дақиқа
Кеча, 28 ноябрь куни Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг 75 йиллиги кенг нишонланди ва шоирга Термиз шаҳридан уй совға қилинди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Термиз шаҳрида адибнинг юбилейига бағишланган тантанали маданий тадбир бўлиб ўтган. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, ўзбек адабиётининг ўзига хос ва бетакрор намояндаларидан бири – Эркин Аъзамни 75 йиллик юбилейи билан воҳа аҳли номидан самимий муборакбод этган.
Тадбирда ёзувчи ва жамоат арбоби Мурод Муҳаммад Дўст, режиссёр Жаҳонгир Қосимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Қулман Очил, Республика маънавият-маърифат маркази тадқиқотчиси Икром Чориев, шоир ва носир Эшқобил Шукур, адабиётшунос Олимжон Давлатов, Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев, шоир ва ёзувчи Ғайрат Мажид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Олим Тошбоев ҳамда адабиёт ва санъат соҳасининг кўплаб вакиллари, атоқли адибнинг яқинлари ва китобхонлар иштирок этган.
Тадбир доирасида Эркин Аъзамнинг асарларидан парчалар ўқиб эшиттирилган, унинг ижоди асосида яратилган фильмлар намойиш этилган.
Маълумот учун, Эркин Аъзам 1950 йил 10 августда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида туғилган. 1967 йилда ўрта мактабни аъло баҳоларга тамомлаганидан сўнг, Эркин Аъзам Тошкент давлат университетига ўқишга кирган. 1972 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетини тамомлаган.
Эркин Аъзамнинг ёзувчиликдаги илк учқунлари мактаб давридаёқ порлай бошлаган. Унинг “Инсон” ҳикояси 1966 йилда вилоят газетасида чоп этилган. Кейинчалик унинг “Чироқлар ўчмаган кеча” номли ҳикоялар тўплами 1977 йилда чоп этилган. Бироз танаффусдан кейин, анқироғи 1981 йилда ёзувчининг “Отойининг туғилган йили” номли қисса ва ҳикоялар тўплами чоп этилган. Эркин Аъзам “Отойининг туғилган йили” тўплами учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг махсус мукофоти билан тақдирланган. Шундан сўнг, истеъдодли ёзувчининг “Олам ям-яшил“ (1984), “Жавоб” (1986), “Байрамдан бошқа кунлар” (1988), “Пакананинг ошиқ кўнгли” (2001), “Кечикаётган одам” (2002) сингари бир қатор роман, қисса ва ҳикоялари кетма-кет чоп этилган. Ёзувчининг “Жаннат ўзи қайдадур”, “Шажара”, “Фаррош кампирнинг туши” каби ёзилган асарлари асосида республика театрларида пьесалар саҳналаштирилган ва муваффақиятга эришган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳридаги “Санъат саройи” мажмуасида Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг 75 йиллиги кенг нишонланганди ва шоирга Президент Шавкат Мирзиёев номидан 3 хонали уй совға қилинганди.
Live
Барчаси