“Фалокатлар даври”. Моди сўнгги ўн йиллик ҳақида гапирди
Олам
−
09:24 3064 1 дақиқа
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди сўнгги бир неча йил ичида юз берган воқеаларни “фалокатлар ўн йиллиги” деб таърифлади. Бу ҳақда у ўз халқаро турнеси доирасида ташриф буюрган Гаага шаҳридаги нутқида баён қилди.
“Дастлаб COVID-19 пандемияси бўлди, кейин урушлар авж олди, энди эса – энергетик инқироз. Бу ўн йиллик дунё учун фалокатлар ўн йиллигига айланиб бормоқда”, дейди у.
Модининг фикрича, ушбу муаммоларни тезкорлик билан ҳал эта олмаслик глобал ривожланиш ютуқларини йўққа чиқариши мумкин. Бунинг оқибатида “дунё аҳолисининг жуда катта қисми қашшоқликка ботади”.
Иқтисодиёт барқарорлигини мустаҳкамлаш борасидаги глобал саъй-ҳаракатларга тўхталар экан, Моди Ҳиндистон ва Нидерландия ишончли таъминот занжирларини яратишга эътибор қаратаётганини кўрсатиб ўтган.
“Ҳиндистон ва Нидерландия келажакка тайёр бўлган, ишончли ва шаффоф таъминот занжирини яратиш учун ҳаракат қилмоқда”, дейди Ҳиндистон Бош вазири.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Моди энергетик инқироз фонида Ҳиндистон фуқароларини хорижий сафарлардан воз кечишга, ёнилғини тежашга ва олтин сотиб олмасликка чақирган эди.
Live
Барчаси