Фарғона аэропортида янги йўловчи терминали қурилади

Жамият

image

Бугун, 28 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи доирасида Фарғона халқаро аэропортини ривожлантириш концепцияси тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Фарғона аэропортидаги терминал ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида фаолият юритиб келмоқда. Унинг ўтказувчанлик қуввати, йўловчиларга қулайлик даражаси, шунингдек авиация ва ноавиация хизматларини ривожлантириш имкониятлари замонавий талабларга тўлиқ жавоб бермай қолган.

Шу боис парвозлар географиясини кенгайтириш, ҳудуднинг ўсиб бораётган иқтисодий фаоллиги ва сайёҳлар оқимига мос равишда хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида аэропорт инфратузилмасини комплекс ривожлантириш режалаштирилган.

Тақдимотда учиш-қўниш йўлагини узайтириш ва кенгайтириш, аэродром инфратузилмасини модернизация қилиш, янги йўловчи ва юк терминалларини барпо этиш масалалари кўриб чиқилган.

Майдони 20 минг квадрат метр бўлиши кутилаётган янги йўловчи терминали ҳозирги имкониятларга нисбатан икки баравар кўп – 1,2 минг нафаргача йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Шунингдек, қўшимча самолёт тураргоҳлари барпо этилиб, ҳаво кемаларини сақлаш имконияти 10 тагача етказилади.

Янги терминалда кенг кутиш заллари, замонавий сервис нуқталари, қулай рўйхатдан ўтиш ва назорат тизимлари, шунингдек, юқори мартабали меҳмонлар учун алоҳида хизмат кўрсатиш шароитлари яратилиши кўзда тутилган.

Давлат раҳбари аэропорт ҳар қандай ҳудуднинг “дарвозаси” эканини таъкидлаб, бу ерда замонавий сервисни йўлга қўйиш, транспорт ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ёндош тармоқларни ривожлантириш бўйича тавсиялар берган.

Лойиҳалаш, қурилиш ва янги терминални кейинчалик бошқаришни халқаро стандартлар асосида, тегишли тажрибага эга хорижий операторларни жалб қилган ҳолда амалга ошириш муҳимлиги таъкидланган.

Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Фарғона водийсида транспорт боғлиқлигини кучайтириш, сайёҳлар оқимини ошириш ва ҳудуднинг логистик марказ сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилиши айтилган.

Шу билан Президентнинг Фарғона вилоятига ташрифи якунланиб, давлат раҳбари Тошкентга қайтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳридаги IT-парк мажмуасида яратилган шарт-шароитлар билан танишганди. Шунингдек, давлат раҳбари Фарғона вилояти футбол ассоциациясига қарашли футбол маркази ва “Нефтчи” болалар футбол академиясида яратилган шароитлар билан танишди.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент Шавкат Мирзиёев концепция Фарғона вилояти халқаро аэропорт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг