Фарғонада заҳарланган боғча болаларининг 22 нафари уйига жўнатилди
3-саҳифа
−
25 Февраль 1264 2 дақиқа
Аввалроқ, Фарғона вилоятидаги боғчаларда болалар оммавий заҳарлангани ҳақида хабар берилган эди. 22 нафар боланинг аҳволи яхшилангани сабабли уларга жавоб берилди. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси хабар берди.
Бошқармага кўра, Фарғона шаҳридаги айрим давлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларнинг овқатланиши билан боғлиқ ҳолат тўлиқ назоратга олинган.
25 февраль соат 08:00 ҳолатига кўра, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ҳамда Фарғона шаҳар болалар шифохонасида даволанган 22 нафар бола соғлиғи яхшилангани муносабати билан уйига рухсат этилган. Улар амбулатор назоратда.
“Қолган беморларнинг аҳволи нисбатан қониқарли. Бугун кун охирига қадар яна бир неча нафар болани уйига жавоб бериш режалаштирилган”, дейилади хабарда.
Мутахассислар томонидан МТТ ошхоналари ва озиқ-овқат етказиб берувчи корхонада текширувлар ўтказилиб, лаборатория намуналари таҳлилга юборилган. Натижалар 10 кун ичида жамоатчиликка эълон қилинади.
Қўшимча қилинишича, ҳолат тегишли идоралар томонидан белгиланган тартибда ўрганилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 21 феврал куни Фарғона шаҳар ИИБ навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, шаҳардаги 58-, 2- ва 61-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари “тана ҳарорати кўтарилиши, қоринда оғриқ, ич ўтиши” белгилари билан Юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, барча тегишли турдаги экспертизалар тайинланган ҳолда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Live
Барчаси