“Фармонбоз”нинг 2025 йил хотиралари ёхуд замонавий “қирол”
Таҳлил
−
30 Декабрь 2025 6511 13 дақиқа
АҚШ – бу дунё шахмат доскасидаги йирик сипоҳлардан бири. Гарчи дунё қутблари кўпайган бўлса-да, ҳануз унинг овози баландроқ ва таъсирлироқ бўлиб қолмоқда. Бундай қудратли давлат ҳокимиятида ўтирган инсон қарорлари шубҳасиз халқаро майдондаги воқеалар ривожига таъсир қилади. Қайсидир маънода Оқ уйда имзоланган қарор ёки фармон бошқа бир халқаро доирадаги ҳужжатга қўйиладиган имзони ҳал қилиши мумкин.
2025 йил уникал воқеалар, инқилобий қарорлар ва алдамчи сулҳларга бой бўлди. Баъзида икки турли қитъа давлатлари ўртасида бошланган уруш ҳақидаги янгиликни ўқиб, “Учинчи жаҳон уруши бошланди”, деб қўрқувга тушган бўлсак, яна баъзида тарихий можаро тугагани ҳақида ўқиб фильмлардагидек келажакка умид уйғонди. Совуқ уруш якунлангандан кейинги энг хавфли ядро ҳуружини ўз танамизда ҳис қилиб кўрдик. Ҳатто XXI асрда асрнинг энг даҳшатли геноцидини бир муддат шаффоф парда билан беркитишмоқчи бўлишди. Буларнинг барчаси биргина шахс, ўз мамлакатида “қирол” ёки “диктатор” деб ҳақоратланган, лекин халқаро доирада “Тинчлик ўрнатувчиси” ва “Халоскор” деб мукофотланган инсон атрофида содир бўлди ва у – АҚШнинг 47-президенти Дональд Трамп.
2025 йил – “Трамп йили”
Дональд Жон Трамп – бу АҚШ замонавий тарихидаги энг таъсирли шахслардан бири. Трамп – жўшқинлантирувчи нутқлар, кутилмаган қарорлар, тахмин қилиб бўлмас ҳаракатлар, сиёсатчига хос бўлмаган чиқишлар, миллионлаб қарсаклар ва худди шунча танқидлар, болаларга хос инжиқликлар ва қарияларга хос ўжарликларни шов-шувли карьера атрофида жамлаган феномен. У имзолайдиган қарорлар мақсади тушунарсиз, у ҳимоя қилаётган позиция тушунарсиз ва баъзан ҳатто у амалга ошираётган ишлар ҳам шундай. Ҳеч ким уни нимани хоҳлашини, нима қилмоқчлигини олдиндан айтиб беролмайди, бугунги дўсти эртага душманга ёки душмани бир кунда дўстига айланиб қолиши мумкин. Бизнесдан сиёсатга сакраган бу инсон мураккаб шахсият ва ғалати дунёқараш соҳиби. Бундай “хавфли” феъл-атвор эгасининг қўлида эса айни дамда дунёнинг энг қудратли иқтисоди ва армияси бор.
2025 йил, иккинчи президентлик муддатини ўташ, ваколатини бажаришга келган Дональд Трамп сайлангандаги ёшига кўра АҚШ тарихидаги энг кекса президент бўлиб тарихга кирди. АҚШнинг 47-президенти 79 баҳорни қаршилаган бўлса-да, ундан ёшроқ баъзи сиёсатчиларга нисбатан сезиларли даражада шижоатли кўринади. Унинг минбар ва камералар қаршисида ўтган муддатининг илк йили Трампнинг ўзи учун анчайин муваффақиятли келди, бир қанча мўрт тинчлик сулҳлари ортидан эришилган “Тинчлик ўрнатувчиси” тахаллуси ва кўкрагини тўлдирган фахрий медаллар унинг шахсий коллекциясини кенгайтиргани аниқ. Қайсидир маънода 2025 йил – “Трамп йили” бўлди дейиш мумкин. Ҳар холда, бутун йил давомида янгиликлардан унинг исми тушмади, сурати, исми ёки фамиляси қатнашган видео, мақола ёки хабарнинг талабгори кўп, ошиғи олча бўлди. Шу сабаб ҳам унинг мукофотлари сонини яна биттага кўпайтириб, унга “Йил кликбейти” норасмий унвонини бериш ҳам хато бўлмайди.
Ичкаридаги эътирозлар
Камола Ҳаррис устидан кичик фарқ билан қозонилган 2024 йилги ғалаба ўз навбатида АҚШ фуқаролари орасида Трамп ва Республикачилар таклиф қилаётган сиёсий йўлни ёқловчилар кўп эканидан далолатдир. Биринчи муддатидаёқ ўзининг устувор мақсадлари ва сиёсат юритиш технологияси билан кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлган Дональд Трампнинг иккинчи марта ҳокимиятга келиши кўпчилик учун кутилмаган ҳодиса бўлди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Трамп каби ғалати шахсиятга эга инсоннинг қайта ҳокимиятга келишига сабаблар ўрганилар экан, кўплаб мутахассислар аслида Жо Байден давридаги олиб борилган, АҚШга унчалик ҳам хос бўлмаган пассив сиёсат ва бунинг оқибатида юзага келган инфляция ва миграция муаммолари, халқаро майдондаги обрўсизланиш демократларга бўлган ишончни мамлакат фуқаролари орасида кескин тушиб кетишига олиб келгани ҳамда Камола Ҳаррис ушбу муамоларга ишончли ечимлар тақдим этолмагани кўрсатади.
.jpg)
Биринчи муддати тугагандан бошлаб ҳанузгача АҚШ ва дунёнинг барча муаммоларига ягона сабабчи сифатида Байденни айблаб келаётган Трамп 2025 йил 20 январдаги инауграцияси кунида улкан ўзгаришларни бошлади ва бир ҳафта ичида 37 та фармон ва 5 та қарорни имзолаб, кенг доираларда жиддий муҳокамаларга сабаб бўлди. “MAGA” номи билан танилган “Американи қайта буюк қилиш” шиори ички сиёсатдаги асосий йўналишни белгилаб берди ва йил якуни арафасида олиб борилган ҳисоб-китобларга кўра, Трампнинг бир йил давомида имзолаган фармонлари сони баъзи АҚШ раҳбарларининг бутун ваколати давомида тасдиқлаган фармонларидан кўпроқ, яъни 220 тадан ортиқ экани маълум бўди. Рекордларни янгилашни, омма эътиборида бўлишни хушловчи Дональд Трамп бу кўрсаткичлари билан ҳам сўнги 80 йилдаги АҚШ президентларининг рекордларини забт этди. Кўплаб доираларда бу кўрсаткичлар асосий ҳуқуқ тизими шаклланиб бўлган, шундоқ ҳам қонунлари яхши ишлайдиган мамлакат учун ниҳоятда кўп экани айтилмоқда.
АҚШ сайловларида ғалаба қозониш учун пухта сайловолди режасини тузишдан, кучли сиёсий нутқ қилишдан ва дебатларда уддабурон жавобларни беришдан ташқари, бой ва таъсирли ҳомий ҳам зарур. 2024 йил ноябрдаги сайловларда Трамп ортида турган шахс эса керагидан ортиқ пулдор ва машҳур Илон Маск эди. Миллионлаб долларлар харажат қилган Маск Трамп ваколатини бошлагач ўз талаблари билан чиқиши табиий эди ва бу воқеа расмий муддатнинг дастлабки кунидаёқ амалга ошди. 20 январь куни эълон қилинган фармонга кўра, АҚШ учун мутлақо бегона бўлган янги идора, “Ҳукумат самарадорлиги департаменти” (DOGE) тузилди ва унга миллиардер бизнесмен Илон Маск раҳбар этиб тайинланди. Департаментнинг асосий вазифаси сифатида федерал ҳукумат харажатларини камайтириш ва самарадорлигини ошириш ҳамда шу масалада Президентга маслаҳат бериш юклатилди. Мазкур идора бошқаларидан анчайин фарқ қилиб, вақтинчалик иш юритиши 2026 йил 4 июль куни тугатилиши белгилаб қўйилган эди, бироқ барча бизнесменлар ҳам муваффақиятли сиёсатчи бўлолмагани каби Маск ҳам бир қанча муддатдан сўнг ўзининг “креслоли” лавозимидан воз кечади. Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, Трамп ва Маск ўртасида зиддият юзага келгани туфайли миллиардер ўз хоҳиши билан сиёсатдан кетган. Бошсиз қолган департамент эса кўп яшамади ва ноябрда буткул тарқатиб юборилди.
Қисқа муддат давомида Трамп ноодатий қарорлари билан йилнинг энг кўп муҳокамадаги инсонига айланди. Унинг Таълим вазирлигини тугатиш, Мексика чегарасида янги девор қуриш, Канададан кириб келувчи гиёҳванд моддаларнинг оқимини тўхтатиш учун жорий қилинган божлар ёки бутун дунёга нисбатан эълон қилинган оширилган тариф ислоҳотлари чинакамига баҳс марказида бўлган мавзулар бўлди. Яхшиямки, Конгресс Трампнинг барча қарорларини ҳам тасдиқлайвермайди. Сиёсий доираларда “аҳмоқона” деб топилган кўплаб қарорларнинг ижроси Конгресс томонидан тўхтатиб қолинди.
Бу ерда Дональд Трамп даврида қабул қилинган энг муҳим фармонларни санаб ўтамиз:
- “Аёлларни гендер мафкураси экстремизмидан ҳимоя қилиш ва федерал ҳукуматга биологик стандартни тиклаш”.
- “Қўшма Штатлар ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги иқтисодий ва савдо келишувига мувофиқ ўзаро тариф ставкаларини ўзгартириш”.
- “Шимолий чегара орқали ноқонуний гиёҳванд моддалар оқимини бартараф этиш бўйича мажбуриятларни юклаш”.
- “Ядро саноат базасини қайта тиклаш”.
- “Энергетика департаментида ядро реактори синовларини ислоҳ қилиш”.
- “Миллий хавфсизлик учун илғор ядровий реактор технологияларини қўллаш”.
- “Ота-оналар, штатлар ва жамоаларга имкониятлар яратиш орқали таълим натижаларини яхшилаш”.
Трамп маъмуриятининг дастлабки даврида чиқарилган фармонларнинг ҳаммаси ҳам илиқ қабул қилинди, деб бўлмайди. АҚШ бўйлаб бошланган “No kings” намойишлари ҳам бунга яққол мисол бўла олади. Жорий йилнинг июнь ойида АҚШнинг турли штатларидаги кўплаб маҳаллий аҳоли “Қиролларга йўқ” шиори остида намойишларга чиқди. Дастлаб, Трампнинг таваллуд айёми ва АҚШ армиясининг 250 йиллиги арафасида 14 июнь куни бошланган чиқишлар Трамп маъмуриятини авторитарликка оғишда айблади ва бу норозиликлар халқаро “Диктаторларга йўқ” сериали чиқишларига уланиб кетди. Ҳукумат томонидан қаттиқ ҳарбий чоралар кўрилмаган бўлса-да, тарқатиб юборилган омма октябрда қайта ҳаракатларни бошлади. Трампнинг эса бунга муносабати жиддий эмас ва у ўзининг халқ хизматчиси эканини, намойишлар эса оппозициянинг спектакли эканини такрорлаб келади.
.jpg)
“Мен у одамларни кўрдим. Улар бу мамлакатнинг чинакам вакиллари эмас ва мен пул учун қилинган барча янги плакатларга ҳам эътибор бердим. Менимча, бу Сорос ва бошқа радикал сўлчи аҳмоқлар томонидан молиялаштирилган… Бир қарашда ҳаммаси эътиборга молик кўринади. Аммо намойишлар ўта кичик ва заиф. Уларнинг юзларига қарасангиз улар бу мамлакат халқининг асл юзини ифодаламаслигини кўришинггиз мумкин”, дейди Президент Трамп.
Аммо намойишлар у айтганчалик заиф эмаслиги кўриниб турибди. Фақатгина очиқланган ҳисоботларнинг ўзида ҳам АҚШ бўйлаб 2100 та намойиш бўлиб ўтгани, уларда 4 миллиондан ортиқ аҳоли қатнашгани айтилган. АҚШ расмийлари қанчалик ички эътирозларни яширишга уринмасин замонавий технологиялар орқали маълумотлар тарқалишда давом этмоқда.
Ташқаридаги тўполонлар
Шубҳасиз, 2025 йилда халқаро муносабатлардаги энг фаол ўйинчи Дональд Трамп бўлди. (Агар сиёсат футбол бўлганда Трамп “Man of the Match” мукофотини ҳам оларди) Унинг ташқи сиёсатининг устувор мақсадлари протекционизм – мамлакат иқтисодиётини чет эл босимларидан ҳимоялаш ва сайловолди ваъда қилинган тинчлик битимларига эришишга қаратилди. Бундан ташқари, ноқонуний миграцияга ва мамлакатга кириб келаётган конртабанда маҳсулотлари, хусусан, наркотик моддаларга қарши курашиш ҳам кун тартибининг асосий бандларидан бири бўлди.
Шу йилнинг 1 февралида Канада ва Мексикага қарши бошланган савдо уруши натижасида жорий қилинган янги оширилган бож сиёсати аввалига Хитойга, кейинчалик бутун дунё мамлакатларига нисбатан 10-41% оралиғидаги тарифларнинг эълон қилиниши билан давом этди. 31 июль куни дунёнинг деярли барча мамлакатлари товарларига нисбатан эълон қилинган янги бож ставкалари Трампгача бўлганларидан ўртача ҳисобда 10 баробар оширилган бўлиб, кўплаб давлатларнинг норозилигига сабаб бўлди. АҚШ расмийлари эса ушбу сиёсатдан кўзланган асосий мақсад мамлакат ичкарисидаги ишлаб чиқарувчиларни қўллаб қувватлаш, ишсизликни камайтириш, кичик бизнес лойиҳаларини яратишни рағбатлантириш ва бозордаги нархларни мақбуллаштириш каби сабабларни рўкач қилди. Ушбу фонда юзага келган Хитой билан конфликтларда ҳам АҚШ ўз позициясида мустаҳкам қолди, аммо янги рақибига нисбатан 100 фоизлик бож жорий қилиш фикридан қайтишга мажбур бўлди. Гарчи АҚШнинг қудратли савдо ҳамкорлари жорий қилинаётган янги тизимга кескин қаршилик билдирган бўлса-да, 7 августдан ушбу тарифлар кучга кирди. АҚШ қарорлари учун ҳисоб бермайди.
2025 йилни “Трамп йили” бўлишига асосий сабаблардан яна бири – у бошчилигида ўрнатилган бир қанча алдамчи тинчлик сулҳлари десак бўлади. Ҳокимиятга келишидан олдин дунёга тинчликни қайтариш ваъдасини берган Трамп ушбу йилда бир қанча тинчлик битимларини имзолашда иштирок этди. Қуйида унинг иштирокида ва қисман бўлса-да таъсирида имзоланган тинчлик келишувлари рўйхати билан танишинг:
- 27 июнь – Конго–Руанда тинчлик битими;
- 8 август – Арманистон–Озарбайжон келишуви;
- 10 октябрь – Исроил–ҲАМАС сулҳи;
- 26 октябрь – Таиланд ва Камбожа.
Аммо рўйхатдаги деярли барча можароларда ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланган. Бунда баъзи манбалар Трамп сиёсатини муаммоларга аниқ ечим таклиф қилмасдан, демагогликда, яъни, манипуляция ёрдамида қийин муаммоларга содда ечим беришда айблайди. Кўплаб сиёсий таҳлилчилар фикрича, Арманистон ва Озарбайжон муаммоси Трампгача ҳам деярли ҳал бўлган. Улар Трампни “тайёр ошга хўранда” бўлганини таъкидлашади. Бу фикрлардан Трампнинг “Тинчлик келтирувчи” норасмий унвонига ҳам шубҳалар пайдо бўлиши табиий.
.jpg)
Трамп берган энг муҳим ва ўша вақт учун ҳам ишониб бўлмас ҳисобланган ваъда бу – Россия ва Украина урушини 24 соатда тугатиши эди. Ҳокимият тепасига келган кунидан бугунгача мана қанча 24 соатлар ўтган бўлишига қарамай, уруш ҳануз ўз ранги-рўйини ўзгартирмаган ҳолда давом этмоқда. Бир неча бор ўртада муросага келишга ҳаракат бўлганига қарамай, муносабатлар аввалги кескинлигини йўқотгани йўқ. Йил давомида Трампнинг ушбу можарога нисбатан позицияси ҳам очиқланди. Украинани қурбон қилиб бўлса-да тинчликка эришишга бўлган уриниш ўзини оқламади. Европани ҳимоялаб турган Украинани Ғарб давлатлари томонидан қўлланиши ва Россиянинг “еб тўймас ошқозони” ўртада келишув бўлишига йўл қўймади. Путиннинг сулҳга хоҳиши йўқлиги ва тобора таҳқирловчи бўлиб бораётган шартлар фонида икки эски “қадрдонлар” ўртасида чинакам ядровий хуруж даражасидаги таранглик юзага келди. Йил охирига келиб эса шу маълум бўлдики, Трамп 1 кунда эришмоқчи бўлган сулҳга 1 йилда ҳам етолмади.
Бундан ташқари, “тинчликпарварнинг” ушбу йилда Яқин Шарқдаги “хуштори”, Исроилнинг ёнини олиб Эронга қилган ҳужумлари ҳам йилнинг энг шов-шувларга бой воқеаларидан бири бўлди. Эрон Ислом Республикасининг МАГАТЭ билан муносабатлари ёмонлашуви ортидан вужудга келган, “Эрон ядровий қурол дастурини давом эттиряпти”, мазмунидаги шубҳалар Исроил разведкаси – Моссаднинг Хоманаий бошчилигидаги ҳукумат аъзолари ва мамлакатнинг номдор олимларига нисбатан суиқасд уюштиришига баҳона бўлди. Оқибатда дунё тарихга “12 кунлик уруш” (13-24 июнь) номи билан кирган йилнинг энг кескин минтақавий можаросига гувоҳ бўлди. Урушнинг ҳал қилувчи нуқтаси 21 июнда Трамп буйриғи билан Эрон ҳудудидаги 3 та ядровий бойитиш объектлари: Фордов, Натанз ва Исфаҳон бомбордимон қилинди. Гарчи ҳужум олдидан бойитилган ураннинг олиб чиқиб кетилгани ҳақида миш-мишлар рост бўлган тақдирда ҳам, Эрон иқтисодиёти сезиларли силкинишга дучор бўлди, мамлакат қиммат технологиялар ва кўплаб илм намоёндаларини йўқотди. 24 июнда босимлар туфайлигина сулҳга кўнган Хоманаий маъмурияти ҳали қасос олиш кайфиятидан тўла қайтган эмас ва бу келажакда ушбу мавзуга ҳали яна қайтилишига белги.
Американинг эски даврлардаги қудратини қўмсовчи ретроспектив Трамп АҚШни яна бир пайтлардагидек Ғарбий яримшар полициячиси ролига қайтармоқчи кўринади. Жанубдан ноқонуний наркотик моддалар контрабандасига қарши курашиш баҳонасида Лотин Америкаси мамлакатларига бошланган зўравон муносабат йил охирига келиб Мадуро бошчилигидаги Венесуэала маъмуриятига нисбатан чинакам классик қуролли таҳдид шаклига айланиб улгурди. Наркокортел ва авторитар ҳокимиятга қарши ҳаракатлар ниқобида Венесуэланинг йирик нефть ва олтин заҳираларини эгаллашга уриниш Трампнинг эскича “нефтомания” қарашларига содиқлигини кўрсатиб берди. Ҳозирда Мадуродан зудлик билан лавозимни тарк этишни талаб қилаётган Трамп маъмурияти Венесуэла осмонини ҳам, денгиз йўлларини ҳам ва ҳатто ичкаридаги мухолифатни ҳам қўлга олиб турибди. Жорий йилги тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Мария Мачадо ҳам гарчи Вашингтоннинг асл ниятини англаб турган бўлсада АҚШ ҳаракатларини очиқчасига қўлламоқда.
.jpg)
Албатта, Трампнинг ҳаракатлари мукофотсиз қолмади. Гарчи Нобелга “тиши ўтмаган” бўлсада, у йил давомида анча-муча мукофотларни йиғиб олди. Кореядан тортиб, футбол федерацяларигача ҳамма унга турли совринлар тақдим этди. Қуйида 2025 йилда қўлга киритган асосий мукофотлар ва фахрий унвонларни келтириб ўтсак:
- 15 май – Бирлашган Араб Амирликларининг фахрий фуқаролик Зайд ордени
- 13 октябрь – Исроилнинг "Исроил президентининг фахрий ордени"
- 13 октябрь – Мисрнинг фахрий “Нил ордени”
- 22 октябрь – Ричард Никсон жамғармаси томонидан ташкил этилган “Тинчлик меъмори” мукофоти
- 29 октябрь – Жанубий Кореянинг “Олий Мугунҳва ордерни” ва “Чеонмачонг” тожининг нусхаси
- 5 декабрь – FIFA’нинг янги “FIFA Тинчлик мукофоти – футбол дунёни бирлаштиради”
Ҳали йил тўлақонли ниҳоясига етгани йўқ ва қисқа вақт ичида Трамп яна бирор бир совринга эга чиқиши мумкин.
Умумий картинада Трампнинг ташқи сиёсати фақатгина бир соҳага боғланиб қолмаган, аксинча бир пайтнинг ўзида кўплаб “фронтларда жанг қилмоқда”. Балки айнан шу учун ҳам ҳали Трамп бошини тутган бирор бир иш охиригача битказилгани йўқдир. Нима бўлганда ҳам ҳали бу бошланиши эди, олдинда Трампнинг яна 3 йили бор, бизда эса шов-шувли “тўполонлар”га бой 3 йил кутмоқда.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, 2025 йил сиёсий майдонда янги юзлар ва муҳим воқеалар билан ўтганига қарамай, “Дональд Трамп йили” бўлди дейиш мумкин. Негаки ўша янги юзлар ҳам, муҳим воқеалар ҳам Дональд Трамп билан қайсидир масалада чамбарчас боғлиқ эди. Шу туфайли ҳам йил давомида оғизлардан тушмаган Трамп феноменига “Йил кликбейти” номини бериш ўринли бўлади.
Live
Барчаси