FIFA Ўзбекистон U-17 ҳақида мақола эълон қилди

Спорт

image

Эртага, 8 ноябрь куни Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионати “Ж” гуруҳи 2-тури доирасида Ирландияга қарши баҳс олиб боради. Ушбу учрашув олдидан FIFA расмий саҳифасида Ўзбекистон U-17 терма жамоаси бош мураббий Исломбек Исмоилов ҳамда футболчи Азизбек Абдумўминов ҳақида мақола эълон қилинди.

“Ўзбекистон Қатар мезбонлик қилаётган FIFA U-17 Жаҳон чемпионатидаги иштирокини ажойиб тарзда бошлаб, Парагвай устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва барчанинг эътиборини ўзига қаратди. Бу натижага бош мураббий Исломбек Исмоиловнинг муҳим қарори сабаб бўлди. Тактик сирлар узоққа чўзилмайдиган замонда Исмоилов одатда ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида ўйнайдиган, қанотда ҳам ҳаракатлана оладиган Азизбек Абдумўминовга ҳужумдаги асосий ролни топширди ва футболчи Парагвайга қарши баҳсда ўзини кўрсатди”, дейилади FIFA мақоласида.

Шунингдек ташкилот Исмоилов ва футболчи Абдумўминов ҳақида тўхталиб ўтар экан, мураббийнинг ўйиндан кейинги фикрларини ҳам қўшган.

“Ҳар бир ўйинга икки асосий мақсад билан чиқамиз: мамлакатимиз учун ғалаба қозониш ва ҳар бир футболчидан максимал фойдаланиш. Тан олишим керак, Абдумўминов бу учрашув учун бизнинг махфий қуролимиз эди. У ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёр эди”, дея Исмоиловнинг сўзларини келтиради FIFA.


Шу билан бирга ташкилот Исмоилов шогирдининг барқарорлигини ҳам алоҳида таъкидлаган ва Абдумўминовнинг U-17 терма жамоасидаги статистикасига эътибор бериб, бу ўйинда футболчининг очилишини тахмин қилингани қайд этган. Шунингдек, FIFA Абдумўминовнинг ўйиндан кейинги фикрлари билан ҳам бўлишган.

“Мен ниҳоятда бахтиёрман. Бу ҳисни сўз билан ифода этиш қийин. Бу жамоавий ғалаба. Менга ишонч билдирган мураббийлардан жуда миннатдорман. Барчамиз жуда яхши ўйин кўрсатдик. Мураббийлар менга ўзимни кўрсатиш имкониятини берганидан жуда миннатдорман. Майдонга тушган заҳоти бор кучимни бердим ва ўйиннинг “Энг яхши футболчи” бўлиш мен учун катта фахр. Биз бу ерга кубокни қўлга киритиш учун келдик. Бу осон бўлмайди, лекин биз турнирда илгарилаш ва юртимизни фахрлантириш учун бор кучимизни сарфлаймиз”, дея Абдумўминовнинг сўзларини келтиради FIFA.

Мақола сўнгида ташкилот Азизбек Абдумўминов Криштиану Роналду ва Жуд Беллингемнинг ашаддий мухлиси эканини таъкидлаб, биринчи голини мураббий билан, иккинчисини эса Роналду услубида нишонлаганига алоҳида урғу берган. Шунингдек, халқаро футбол ташкилоти Абдумўминовни шунга ўхшаш голларни Ирландия Республикаси билан бўладиган учрашувда ҳам киритиш умидида, деб мақолни якунлайди.

Эслатиб ўтамиз, Ислом Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатининг дастлабки учрашувида Парагвайга қарши 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

FIFA Ўзбекистон U-17 Исломбек Исмоилов Азизбек Абдумўминов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг