Дайдилар “плани”, ўчирилган жарималар — ИИВ юзидаги доғлар
Таҳлил
−
09 Апрель 4242 11 дақиқа
Дайдиларни тутиш бўйича профилактика инспекторларига қатъий талаб қўйилди. Рақам ҳам аниқ 300 та. Нормани бажармаслик умуман мумкин эмас. Участка нозирлари ҳатто ўзи ё қариндошларини бўлса ҳам “дайди” сифатида кўрсатиб, режани тўлиқ ёпиши керак.
Жорий йил 6 апрель куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Олмазор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимининг профилактика инспекторларига дайди топиб, баённома расмийлаштиришни буюргани ҳақида аудио ва видео тарқалди.
“Профилактика инспекторлари, мен сизларга яна қайтиб айтяпман, яна бир марта айтяпман: дайди ноль бўлиб ётибди, виждонсиз. Дайди йўқми Олмазор туманида? Дайдини қўйиб юбораверасанлар протокол ёзиб. Дайди қани ҳозир?”, дейди у.
Шунингдек, аудиода ходимлар дайди бўлмаса қариндошини дайди қилиб кўрсатиб, маъмурий баённома расмийлаштириши кераклиги айтилган.
“Протоколлар ҳамма нарсадан ноль бўлиб ётибди. Ҳамма йўналишинг ноль: дайди ноль, маъмурий баённома ноль, маъмурий назорат ноль. Э, бу сенлар нима ўзингдан кетиб қолганмисанлар, виждонсиз? Биттанг қани дайди қилмачи? Қариндошингни олиб бориб ёп, дайди қилиб. Ўзинг дайни бўласан сен”, дейди у.
Жамоатчилик ўртасида кескин муҳокама қилинган бу вазият кўплаб саволларни келтириб чиқарди. Биргина Олмазор туманида 300 та дайдини тутиш “плани” бўлса, Пойтахтнинг қолган 11 та туманига ҳам шунақа мажбурият қўйилганми? Агар шундай бўлса умумий 12 та тумандан 300 тадан уйсизлар йиғилса, демак 3600 та дайди Тошкент кўчаларида бор деганими? Умуман уларни тутишга аниқ сон билан чегара белгилаб, буйруқ бериш қанчалик қонуний? Уйсизларни тутиш деганда айнан нима, қандай вазиятдаги шахслар назарда тутилган? Бировга зиён бермай, жамоат тартибини бузмай юрганлар ҳам айтилганми? Мақсад сон жиҳатдан режани тўлдириш холосми? Кейинчалик жиноятчиликни жиловлаш деб айтиладими? Статистика учун керакми? Бу айрим фуқароларнинг зиёнига ишламайдими? Савол кўп. Аммо изоҳ қандай бўлишидан қатъий назар натижа битта бўлади. Бу оҳангдаги ва мазмундаги топшириқ жамоатчилик орасида тизимга нисбатан муносабатни сўроқли ҳамда ундовли қилади.
Бугун мана шу Ички ишлар вазирлиги ходимларининг айримлари сабаб соҳага тушган доғларнинг баъзилари ҳақида гаплашамиз. Уларнинг ичида юқоридаги мавзу, турмуш ўртоғининг 100 дан ортиқ жаримасини мансабидан фойдаланиб ўчиритиб юборган раҳбар, ППХ ходимини калтаклаган укасини ҳимоя қилишга уринган Подполковник, фуқарони автомашинасида уриб юбориб, жиноятини яшириш мақсадида мурдани каналга оқизган тезкор ходим ва жиноятчиларга пул эвазига ёрдам бермоқчи бўлган махсус форма эгалари бор.
Кўпчиликнинг фикри бўйича, аслида, танқид қилиш осон. Ростдан ҳам Ички ишлар тизими шу даражадаки, биз билмаган қанчадан-қанча хавфлар олди олинади, маълум бир сабабларга кўра улар очиқланмайди, қаҳрамонлик кўрсатганлар ҳам ўз ишини мақтаниб чиқмайди. Улар сабаб хавфсизлик таъминланган, тунда хотиржам уйқуга кетамиз, ота-оналар ёш болаларини ҳам бехавотир мактабга жўнатади.
Чунки ишонч бор!
Тизимда ўз қасамёдига содиқ, ҳар қандай порадан вазифасини устун кўрадиган, ҳаётини хавфга қўйиб бўлса-да адолатни ҳимоя қилаётган асл посбонлар жуда кўп. Лекин бу соҳа шу қадар масъулиятлики, унга тушган мингта раҳмат биргина қора доғнинг соясида қолиб кетиши мумкин. Биргина ходимнинг хатоси, минглаб ҳалол ҳамкасбларининг йиллар давомида йиққан обрўсига путур етказади. Биз бугун бу хунук ҳолатларни соҳани ёмонлаш учун эмас, балки ўша тизимнинг аслиятини асраш, халқнинг ишончини ҳимоя қилиш учун гапиришга мажбурмиз. Зеро, адолат ҳамма учун баробар бўлиши керак.
Охирги кунларнинг энг кўп эътибор жалб қилган, кимлардир кесатиб гапираётган, айримлар кулаётган ва баъзилар мантиқсизлик дея баҳолаётган, бироқ яна бир қанча шахслар тўғри ҳаракат деб эътироф этаётган ҳолат 6 апрель куни ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Кимлар учундир ғалати кўринган “дайдиларни тутиш” топшириғини Тошкент шаҳар Олмазор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходими беряпти. “Ҳамма нарсадан ноль бўлиб ётибди. Ҳамма йўналишинг ноль: дайди ноль, маъмурий баённома ноль, маъмурий назорат ноль” деб туман шаъни учун қайғураётган ходимнинг гапидан англаш мумкинки демак қайсидир йўналишларда ноль умуман бўлмаслиги керак. Аммо бу бироз ғалатимасми? Бундан “план” қўйилган деган хулосага келиш мумкинми?
Бироқ расмий муносабатда ҳеч қандай режа ва сон талаб сифатида қўйилмагани айтилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси муносабат билдирди.
Мазкур йўналишда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан ҳар бир ходмга бирор бир “план” бажариш юклатилмаган. Лекин уларнинг вазифаси жамоат тартибини бузаётган шахсларни аниқлаш. Оммавий ахборот воситаларидан бу масалада объектив бўлишларини ва ҳар қандай масалада ўз вазифасини бажариб келаётган ички ишлар органлари ходимларидан камчилик қидирмасликларини сўраб қоламиз”, дейилади муносабатда.
Расмий изоҳда шундай. Бироқ топшириқ бераётган Аброр Худойбердиевнинг мана бу гапларини ўқинг. Кейин давом этамиз.
“Профилактика инспекторлари, мана ҳозир мен ваъда бердим. Соат 12:00 гача 300 та қилишим керак. Ҳозир оғайни, биттанг агар “парод” қилсанг хафа бўлма. Ҳамманг – “ноч-поч”, ҳамма чиқсин ҳозир. Мен ўзим ҳам чиқаман, мана”, дейди у.
Хўш нимага бир соат вақт қолди? 22:00 да нима бўйича ҳисоб-китоб қилинади? Нега протоколлар сонини 500 тага чиқариш кераклигини айтган. Бу ваъда кимга берилган? Ҳаммани кўчага чиқиб баённома расмийлаштириши кераклигини, ҳатто ўзи ҳам чиқишини айтадиган даражада ким талаб қўйяпти? Афсуски бу саволларга жавоб йўқ. Ҳозирда текширув тайинланган.
Юқорида айтганимиздек бу соҳа вакиллари билан алоқадор ҳодисалар, айниқса салбий воқеалар тезда кўзга кўринади. Ҳатто ўзи эмас, уларнинг яқинлари қоидабузарлик қилса ҳам отиладиган тана тошлари биринчи бўлиб форма эгасига тегиши мумкин. Исботини яқиндагина кўргандик.
Жорий йил 30 март куни тунда Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги кўчаларнинг бирида маст ҳайдовчи рақамсиз Малибуни бошқарган, бошқа бир автомобиль билан тўқнашган, кейин эса у ҳайдовчи билан жанжаллашган. Шундан сўнг фуқаро 102 рақамига қўнғироқ қилиб вазият юзасидан шикоят қилган. Воқеа жойига келган ЙПХ ва ППХ ходимларига эса спиртли ичимлик истеъмол қилган қоидабузар жиддий қаршилик кўрсатган, ҳатто хизмат вазифасини бажараётган ходимларнинг бирига зарба ҳам берган.
Аслида бу каби жанжалли ҳолатлар баъзи-баъзида кузатилиб туради. Аммо айни шу ҳолат каби бу қадар кўп муҳокама қилинмайди. Бунинг сабаби сифатида айнан ўша мушт отган шахснинг акаси подполковник экани ва жанжал пайтида у ҳам ўша ерда бўлганини кўрсатиш мумкин. Видео давомида ҳам ҳолатни тасвирга олаётган шахс томонидан бу жиҳат бир неча бор тилга олинган.
Видеодан англаш мумкинки, ака-ука бир машинада кетаётган бўлган. Яъни укаси маст ҳолатда ўтирганини ака жуда катта эҳтимол билан билган. Бироқ уни тўхтатмаган деган хулосага келиш мумкин. Ходимга мушт туширган маст фуқаро қилар ишни қилиб қўйиб, акасига бир неча маротаба умид кўзи билан қарагани, ҳозирда собиқ Подполковник деб аталаётган шахс эса укасини бу қилмишини қоралаганини кўриш мумкин.
Уканинг бу қилмиши акага ҳам қимматга тушди. 3 апрель куни подполковник ишдан олинди. Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасида ўтказилган йиғилишда жанжалли ҳолат хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ва мансаб мавқеидан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланиш эҳтимолини кўрсатувчи салбий ҳолат сифатида баҳоланган. Ҳа, ишониб берилган ваколатдан шахсий манфаат йўлида фойдаланишни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Бироқ подполковник даражасига етиш ҳам осон эмаслиги аниқ. Укасининг кайфда қилган иши сабаб умрининг катта қисмини сарфлаб эришган мақомидан бир неча дақиқада айрилган ака бу даражага келиш учун неччи йиллик йўлни босиб ўтган бўлиши мумкин?
Келинг кўриб чиқамиз!
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органларида подполковник унвонига чиқиш учун ходимдан нафақат вақт, балки маълум бир лавозимда фаолият юритиш ҳам талаб этилади. Бу жараён “Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом” билан тартибга солинган. Ўртача ҳисобда, агар ходим хизматни лейтенант унвони билан бошласа, подполковник даражасига етиши учун камида 15-18 йил вақт талаб этилади. Бу муддатни поғонама-поғона таҳлил қиладиган бўлсак, ҳар бир унвонни кейингисига алмаштириш учун белгиланган минимал муддатлар бор: лейтенантдан катта лейтенантгача 2 йил. Катта лейтенантдан капитангача 3 йил. Капитандан майоргача 4 йил. Майордан подполковникгача 5 йил. Шунда жами “унвонда юриш” муддатининг ўзи 14 йилни ташкил этади. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Подполковник унвонини олиш учун ходим одатда офицерлик таркибига кириши керак. Бу эса ИИВ Академиясида ўқишни назарда тутади. Кундузги таълимда ўқиш муддати бўлган 3 йил ҳам хизмат стажига қўшилади. Агар ходим оддий сафдорликдан бошлаб, кейин офицер бўлган бўлса, бу муддат янада узайиши мумкин.
ИИВ тизимидаги ходим ва яқин қариндошлар ҳақида гап кетганда шов-шувга сабаб бўлган 106 та жариманинг ўчириб берилгани ёдингизга келса керак. 2025 йил 4 июлда Фарғона вилояти ЙҲХБ бошлиғи подполковник Акмал Бахтиёрович Аҳмедовнинг турмуш ўртоғига тегишли экани айтилган Малибу-2 да 106 та қоидабузарлик содир этилган. Аммо улар вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маъмурий амалиёт бўлими бошлиғи капитан Умаралиев қарори билан ўчириб юборилган.
“Фарғонада қонунсизлик ва коррупция авж олаяпти” деб эътирозлар кўпайгач, вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, ЙҲХБнинг 5 нафар ходимларига нисбатан интизомий жазо тайинланганди. Вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи подполковник Акмал Аҳмедов эса эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Автомашинага белгиланган жарималар давлат фойдасига тўлиқ ундирилган. Жазо-ку берилди, аммо одамлар миясига жойлашган “ҳа демак ими-жимида ўзларини ишини ёпиб юборарканда” деган фикр қанчалик ўчди, бу даргумон. Шу сабаб ҳам бир нечта шахснинг қилмиши билан бутун тизимга нисбатан фикр шаклланишини унутмаслик керак!
Навбатдаги доғ эса одам ўлими билан тугаган ва жиноят яширилган паллада тушган. Бекобод шаҳар ИИБнинг катта тезкор вакили маст ҳолатда автомашина бошқариб, 43 ёшли пиёдани уриб юборган. Автоҳалокат оқибатида эркак вафот этган. Воқеа 2025 йилнинг 11 декабрь куни Бекобод тумани “Қорақўйли” маҳалла ҳудудидан ўтган “Қорасув-Бўка-Бекобод” автомобил йўлида содир бўлган.
ИИБ ходими жиноят изини яширишга уриниб, хотинига қўнғироқ қилган ва Матиз’да у айтган жойга етиб келишини тайинлаган. Сўнг жасадни ўзининг Nexia’сидан Матиз’га олиб ўтган. Уни воқеа жойидан, тахминан, 35-40 км узоқликдаги “Дўстлик” каналига оқизиб юборган. 2025 йилнинг 12 декабрь кунидан бошлаб эркакнинг жасади махсус бўлим ходимлари томонидан қидирилган. Қарийб 80 кун ўтиб унинг мурдаси сувга ташланган жойдан 4-5 км узоқликдан топилган.
Ўша тунда, мастлик ва тезлик туфайли 43 ёшли бир инсоннинг ҳаёти узилди. Ҳодисани содир этган шахс — жиноятга қарши курашиши, адолатни қарор топтириши керак бўлган соҳа вакили эди. У ҳам инсон, у ҳам ўша сонияларда қўрққандир, шошиб қолгандир... Шокка тушгандир... Аммо оддий одам ва махсус форма кийган ходимнинг фарқи — масъулиятда. Жиноятчини топиши керак бўлган одам, ўзи жиноятчига айланди. У қурбонга ёрдам кўрсатиш, “тез ёрдам” чақириш ёки айбига иқрор бўлиш ўрнига, қилган қасамёдига қарши йўлни танлади — изларни яширишга уринди. Адолатни ҳимоя қиладиган қўллар жасадни каналга отар экан, нафақат бир инсон, балки тизимга бўлган ишончнинг яна бир бўлаги ҳам ўша лойқа сувда оқиб кетди.
Кейинги доғлар эса жиноятни яшириш учун олинган пора билан боғлиқ. Тошкент шаҳар ИИББ Жиноят қидирув бошқармасининг ва Шайхонтоҳур тумани Жиноят қидирув бўлимининг катта тезкор вакиллари аниқланган жиноятдан манфаат олишмоқчи бўлган. Улар Олмазор туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган фуқаронинг ёнидан 3 грамм “гашиш” топилгани ҳолати юзасидан уни жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига 2200 АҚШ доллари сўраган. Ҳатто, аввалроқ гумондордан 1000 АҚШ доллари олган. Тезкор вакил қолган 1200 АҚШ долларини кўчада ё бир ҳилват жойдамас, қонун устунлигини таъминлаш учун унга ажратиб берилган хизмат хонасида олаётган вақтида ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан ушланган.
Бунақа ҳолатлар Республиканинг турли жойларида ҳам афсуски тез-тез аниқланяпти. Масалан: Тошкент вилоятида ИИВнинг Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходими истеъмолга яроқсиз гўштни олиб киришга уринаётган эркакка чора кўрмаслик эвазига 500 АҚШ доллари олган пайтда ушланган.
Самарқанд вилоятида эса Пастдарғом тумани ИИБ профилактика инспектори иш юритувидаги ҳужжатлар бўйича фуқарога чора кўрмаслик эвазига 800 доллар олаётганда қўлга олинган.
Наманган вилояти, Давлатобод туманида эса ИИ Бўлими патруль-пост хизмати ходими фуқаронинг автомобилида гиёҳванд моддаси топилгач, тегишли чораларни кўрмаслик эвазига 11 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни пора сифатида олаётганда қўлга олинган.
Сирдарё вилоятининг Ховос туманида эса икки нафар ИИБўлими ходими ўғрилик ишини бости-бости қилиш эвазига пора талаб қилган. Улар Ховос туманида боғдорчилик билан шуғулланувчи МЧЖга тегишли дала майдонидан полиэтилен селлофан ўғрилаб кетилгани ҳолати бўйича гумон қилиб, 4 фуқарони мажбурий тарзда ИИБ биносига олиб келган. Ишни ими-жимида ҳал қилиш учун 55 млн сўм сўраган. Тезкор-қидирув хизматининг бу икки ходимининг бирида подполковник иккинчисида эса майор унвони бўлган. Барча вазият бўйича тизимга доғ туширганлар лавозимидан озод қилиниб, чора кўрилган.
Ўтган йилнинг ўзида тизимдан юзлаб ходим айнан мана шундай қилмишлари, яъни қасамёдига содиқ қолмагани учун четлатилди. Бу рақамлар ортида тизим тозаланаётгани кўринсада, иккинчи томондан ўша тозаланган ўринларни кимлар эгаллаётгани ҳақидаги оғриқли савол туғилади. Зеро, давлат берган формани кийиш — бу имтиёз эмас, бу — халқнинг ишончи олдидаги қарздорликдир.
Энг муҳим бўлган давлатнинг ички ишларига алоқадор одам жиноят содир этса, у нафақат ўзининг, оиласининг, балки бутун бошли давлат идорасининг шаънига лой чаплайди. Токи қуйи тизимда “план” ё “режа” тушунчаси инсон тақдиридан устун турар экан, токи юқори даражали офицерлар ўз ваколатини яқинларининг “қалқони” деб билар экан — бундай доғларни ювиш қийин бўлаверади. Чунки фуқаролар Ички ишлар ходими тимсолида қонунни ва уни ишлаш даражасини танийди.
Live
Барчаси