Францияда G7 саммити бошланди (видео)
Олам
−
15 Июнь 2256 2 дақиқа
Франциянинг Эвиан-ле-Бен шаҳрида “Катта еттилик” – G7 давлатлари раҳбарларининг саммити бошланди. Бу ҳақда “Reuters” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, саммитнинг асосий мавзуларидан бири Эрон билан боғлиқ вазият бўлади. Шунингдек, иштирокчилар Украинадаги уруш, жаҳон иқтисодиётидаги номутаносибликлар ҳамда Хитойга қарамликни камайтириш мақсадида муҳим минерал ресурслар таъминотини диверсификация қилиш масалаларини муҳокама қилади.
АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам саммитда иштирок этиш учун Францияга етиб келиши кутилмоқда. Франция расмийларининг таъкидлашича, унинг қатнашишини муҳим дипломатик ютуқ бўлиши мумкин. Трамп саммит доирасида Яқин Шарқ давлатлари раҳбарлари билан учрашиши ва Украина Президенти Владимир Зеленский билан музокаралар ўтказиши режалаштирилган.
Эрон ва АҚШ ўртасидаги дастлабки келишув G7 раҳбарларининг асосий диққат марказида бўлади. Маълум қилинишича, келишув меморандумининг расмий имзоланиши 19 июнь куни Швейцарияда бўлиб ўтади. Бироқ ҳужжат шартлари ҳозирча тўлиқ ошкор қилинмаган.
Саммитда Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Миср вакиллари ҳам иштирок этади. Ушбу давлатлар Эрон билан боғлиқ музокараларда воситачилик қилган томонлар сифатида кўрилмоқда.
Таҳлилчиларга кўра, Франция Президенти Эммануэль Макрон учун мазкур саммит унинг президентлик фаолиятидаги муҳим дипломатик тадбирлардан бири бўлиб қолиши кутилмоқда. Макрон жаҳон иқтисодиётидаги мувозанатсизликларга қарши чоралар кўриш ташаббусини илгари сурмоқда. Унинг фикрича, Хитой ортиқча ишлаб чиқаряпти, АҚШ ортиқча истеъмол қиляпти, Европа эса етарлича сармоя киритмаяпти.
Маълум қилинишича, саммит муҳокамаларида иштирок этиш учун Бразилия, Ҳиндистон, Кения ва Жанубий Корея раҳбарлари ҳам таклиф қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ва Эрон ўртасида тинчлик келишувига эришилгани ҳақида хабар қилинганди.
Live
Барчаси