ФВВ “Aviator”даги даҳшатли ёнғиндан сўнг огоҳлантириш билан чиқди (видео)

Жамият

image

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги савдо марказлари ва умумий овқатланиш жойларида кенг кўламли текширувлар бошланганини маълум қилиб, ёнғин хавфсизлиги талаблари жиддий бузилган тақдирда объектлар фаолияти тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирди.

Унга кўра, Ўзбекистондаги амалдаги қонунчиликка мувофиқ, объект ҳудуди ва бино иншоотларида ёнғин хавфсизлик талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш маскан раҳбарларига юклатилган. 

“Шу сабабли қуйидаги асосий талабларга риоя этишингизни сўраб қоламиз: Биноларнинг эвакуация чиқиш йўллари доимий очиқ ва шай ҳолатда бўлиши зарур. Бинолар ёнғин сигнализацияси ва бошқа ёнғинга қарши техник ҳимоя воситалари билан жиҳозланиши ва доимий ишчи ҳолатда бўлиши ва бу ишлар назорат қилиб борилиши зарур. Бинолар ҳудуди ва қаватлари ёнғин ўчиришнинг бирламчи воситалари билан етарли миқдорда таъминланиши керак”, дейилади ФВВ огоҳлантиришида. 

Қўшимча қилинишича, объект ҳудуди ёки биноларини ижарага бериш даврида ижарага олувчи томонидан ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этилиши шартнома шартларида белгиланиши зарур. 

“Тошкент шаҳридаги “Aviator” савдо марказида содир бўлган бу каби бахтсиз ҳодисаларнинг келгусида олдини олиш мақсадида юқорида қайд этиб ўтилган талабларга қатъий риоя этилиши ғоят муҳим ҳисобланади. Республикамиз миқёсида бу тоифадаги объектларда қайд этиб ўтилган ишларни тўғри ташкил этилгани, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилаётгани ва бу каби бошқа тадбирлар назорат қилиш юзасидан жойларда ишчи гуруҳлар тузилиб, ўрганиш ишлари ўтказилмоқда. Ўрганишлар жараёнида ёнғин хавфсизлиги талабларининг кўп бузилиш ҳолатлари аниқланган ҳолатларда объектлар фаолияти вақтинча ваколат доирасида аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар тўхтатилмоқда. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, объект ҳудуди, бино ва иншоотларида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилмаслиги, бу талаблар бузилиши оқибатида келиб чиққан ёнғин ҳодисалари юзасидан объект раҳбари ва бошқа масъул шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган”, дейилади хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 январь куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги “Aviator” савдо-кўнгилочар марказида ёнғин содир бўлганди ва оқибатда 3 ёшли қизалоқ вафот этганди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 192-11- (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 259-моддалари (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Aviator

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг