G7 мамлакатлари сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича 5 та тамойилга келишиб олди
Олам
−
30 Апрель 2023 4563 2 дақиқа
G7 мамлакатлари сунъий интеллект қўлланилишининг ўсиши фонида бундай технологиялардан масъулиятли фойдаланишнинг беш тамойилини келишиб олди. Бу ҳақда бугун, 30 апрель куни Япониянинг Такасаки шаҳрида бўлиб ўтган G7 мамлакатларининг рақамлаштириш ва технология идоралари раҳбарларининг йиғилиши якунлари бўйича эълон қилинган баёнотда айтилди.
Ҳужжатда айтилишича, сунъий интеллектдан фойдаланишда қонун устуворлиги, қонуний тартиб-қоидаларга риоя қилиш, инновация имкониятларидан фойдаланиш, демократия ва инсон ҳуқуқларига риоя қилиш талаб қилинади.
“Биз демократик қадриятларга путур етказувчи, сўз эркинлигини бўғувчи ва инсон ҳуқуқларига таҳдид солувчи сунъий интеллектнинг суиистеъмол қилинишига қаршимиз”, дейилади вазирлар баёнотида.
Йиғилиш кун тартибига сунъий интеллектдан фойдаланиш билан боғлиқ масалаларни киритиш тўғрисидаги қарор улар асосидаги бундай технологиялар ва хизматлар, масалан, ChatGPT чат-ботининг оммавийлиги ортиб бораётгани билан боғлиқ. Шу муносабат билан G7 давлатлари тарафкашлик ва нотўғри маълумотлар, муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши ҳамда сунъий интеллектдан зарарли мақсадларда фойдаланишнинг тарқалишини олдини олиш йўлларини ўрганмоқда.
Маълумот учун, Американинг OpenAI компаниясининг ChatGPT чат-боти 2022 йил охирида ишга туширилди. Хизмат фойдаланувчи билан мулоқот режимида ишлайди. Чат-бот қўшимча саволларга жавоб бериши, хатоларини тан олиши, нотўғри буйруқларга эътироз билдириши ва номақбул сўровларни рад этиши мумкин. Хизмат имкониятлари жамоатчилик эътиборини тортди. Янгилик турли мамлакатлардаги талабалар томонидан имтиҳон топшириш ва илмий мақолалар тайёрлаш учун ишлатилганидан кейин танқид қилинди.
Live
Барчаси