Германия Россиянинг НАТО ҳудудига бостириб киришини моделлаштирди
Олам
−
07 Февраль 3294 2 дақиқа
Германияда ҳарбий ўйинлар ўтказилиб, унда Россиянинг НАТО ҳудудига бостириб кириши сценарийси моделлаштирилди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, ўйинлар ташкилотчиси “Die Welt” газетаси бўлиб, у Германия Ҳарбий ўйинлар маркази билан ҳамкорлик қилган. Машғулотлар 2025 йил декабрь ойида Гамбургдаги Германия қуролли кучлари университетида ўтказилган.
Ўйин сценарийсига кўра, Россия 2026 йил октябрь ойида Калининград вилоятидаги гуманитар инқирозни баҳона қилиб Литвага кирган. Россия қўшинлари Россия ва Беларусь чегараларидан бир неча ўн километр узоқликда жойлашган Мариямполе шаҳрини эгаллаган.
Москванинг ўз ҳаракатларини гуманитар деб атаган баёнотлари АҚШнинг Шимолий Атлантика шартномасининг 5-моддасини қўллашдан воз кечиши учун етарли бўлган. Ушбу моддага кўра, НАТОга аъзо давлатлардан камида бирига қуролли ҳужум қилинган тақдирда, барча аъзолар буни ўзларига қарши ҳужум сифатида баҳолайди ва ҳужумга учраган томонга ёки томонларга ёрдам кўрсатади.
Бироқ, ўйин сценарийсига кўра, Германия иккиланиб қолган, Польша эса қўшинларини сафарбар қилиб Литва чегарасига йўл олган, аммо уни кесиб ўтмаган. Натижада Россия бир неча кун ичида НАТОга бўлган ишончни издан чиқара олган ва атиги 15 мингга яқин ҳарбийдан иборат контингентни жойлаштирган ҳолда Болтиқбўйи минтақаси устидан назорат ўрнатган.
“Тийиб туриш фақат имкониятларга эмас, балки рақиб бизнинг иродамиз ҳақида нима деб ўйлашига ҳам боғлиқ. Ҳарбий ўйинлар давомида мен ва “россиялик ҳамкасбларим” буни билардик: Германия иккиланади. Ғалаба учун шу етарли эди”, дея изоҳ берган ҳарбий таҳлилчи Франц-Штефан Гади.
У Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи ролини ижро этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ НАТО 2027 йил охирига қадар Россия ва Беларусь билан чегара қисмини эҳтимолий ҳарбий ҳужумдан ҳимоялаш мақсадида роботлар ва дронлар билан жиҳозлаши, бундан ташқари, чегарада масофадан бошқариладиган робот тизимлари билан жиҳозланган бўлим ҳам ташкил этилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиПушкиннинг чевараси оламдан ўтди
07 Февраль