Гренландия АҚШни оролга нисбатан ҳурматсизликни тўхтатишга чақирди

Олам

image

Гренландия парламентининг беш сиёсий партияси АҚШнинг ҳурматсиз муносабатига чек қўйишни талаб қилиб, қўшма баёнот эълон қилди. Бу ҳақда маҳаллий “Sermitsiaq” газетаси хабар берди.

“Биз америкалик бўлишни истамаймиз, биз даниялик бўлишни истамаймиз, биз гренландиялик бўлишни истаймиз”, дейилади баёнотда.

Сиёсатчилар Гренландиянинг келажагини фақат унинг фуқаролари белгилаши кераклигини, ташқи аралашувга йўл қўйилмаслигини билдирган. Шунингдек, Гренландия АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари билан ҳамкорликни давом эттиришни хоҳлашини маълум қилган.

Маълумот учун, АҚШ Президенти Дональд Трамп қайта ҳокимиятга келганидан буён бир неча бор Гренландияни АҚШ таркибига қўшиш режаcи ҳақида гапириб келмоқда. Жумладан, “The Atlantic” нашрига берган интервьюсида у оролни Вашингтонга мудофаа учун зарурлигини айтган. Бошқа бир баёнотида эса Россия ва Хитой билан ўзаро рақобати сабаб аҳоли розилигисиз ҳам Гренландия устидан назорат ўрнатишга тайёр эканини билдирган.

Трампнинг Гренландия бўйича махсус вакили, Луизиана губернатори Жефф Лэндри эса маъмуриятнинг мақсади босиб олиш эмас, балки иқтисодий куч ва ҳимоя таклиф қилиш эканини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ расмийлари Гренландия аҳолисига бир марталик тўловларни амалга оширишни муҳокама қилган ва бу орқали уларни Даниядан ажралиб чиқишга ҳамда АҚШга қўшилишига ишонтирмоқчи эди. Бироқ бу узоқ йиллардан бери мустақиллик ва Данияга қарамликни муҳокама қилиб келаётган Гренландия аҳолиси учун бу ҳаддан ташқари таҳқирловчи таклиф тарзда қабул қилиниши мумкинлиги таькидланган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Гренландия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг