Қирғиз “қаҳрамонининг” жиноятга бой карьераси

Таҳлил

image

Қирғизистонда бошланган “тозалаш” ишлари ҳақида кўп ва хўп гапирган эдик. Мамлакатда Президентдан кейинги иккинчи одам сифатида кўрилган  Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раҳбари Қамчибек Ташиевнинг кутилмаганда лавозимдан олиниши кўпчиликни ҳайрон қолдирган эди. Буни қарангки, “Давлат бирлигини мустаҳкамлаш” важи билан бўшатилган Ташиевнинг   аста-секин “қулоқ эшитмаган” жиноятлари чиқиб келмоқда.

Тандемнинг парчаланиши

Қирғизистоннинг янги тарихида 2020 йилги октябрь воқеалари нафақат ҳокимият алмашинуви, балки мамлакат бошқарувига “сиёсий тандем” тушунчасининг кириб келиши билан муҳрланди. Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев иттифоқи ўтган беш йил давомида мамлакатнинг ички ва ташқи қиёфасини тубдан ўзгартирган асосий куч бўлиб хизмат қилди. 2020 йил 16 октябрда Президент томонидан Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси этиб тайинланган Ташиев тез орада мамлакатдаги энг нуфузли давлат арбобларидан бирига айланди. Бу шунчаки янги тайинлов эмас, балки давлатни бошқаришнинг янги моделини яратиш эди. Жапаров “юмшоқ куч” (soft power) ва стратегик йўналишларини ўз зиммасига олди. Ташиев эса тизимнинг “темир қўли”га айланиб, коррупцияга қарши кураш, чегара масалалари ва ички тартибни сақлаш вазифасини бажарди.

Шундан сўнг Ташиев қўлидаги имкониятлар ҳам кенгайиб борди. Коррупцияга қарши кураш хизматидан тортиб Бош прокуратурагача ўз таъсирини ўтказа олган Ташиевни халқ мамлакат раҳбаридан кўра кўпроқ таниган. Унинг қўл остида жамланган ўнлаб давлат тузилмалари ҳукуматдан деярли мустақил бўлиб қолган эди. Ҳатто, баъзи халқаро экспертлар уни кейинги президент бўлиши мумкин деган прогнозлар қилишган. Бундай ортиқча шов-шув, ваниҳоят Ташиевнинг “бошини еди”.

Жорий йилнинг 10 февраль санасида Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиевнинг лавозимидан озод қилиниши мамлакатнинг ўзига хос сиёсий тизимига якун ясади. Қирғизистон президенти матбуот хизматининг хабар беришича, “Бу қадамнинг асосий мақсади давлат бирлигини мустаҳкамлаш ва жамиятда, жумладан, давлат идоралари ўртасида бўлинишларнинг олдини олиш эди”.

Бироқ бошқа сабаблар ҳам бисёр. Кўплаб мутахассисларнинг фикрича, Ташиев ўз амбициялари қурбони бўлган. Бу воқеалар Қирғизистон президентига муддатидан олдин сайловлар ўтказиш бўйича мурожаат фонида содир бўлди. Жапаров матбуот котибининг хабар беришича, Ташиевнинг яқин атрофидаги шахслар гўёки депутатларга қўнғироқ қилиб, уларни “генерал томонга ўтишга” ва президентликка муддатидан олдин янги сайловларини ўтказиш ташаббуси билан чиқишга кўндиришга ҳаракат қилган.

Энг қизиғи, 75 киши бу ҳақида Президент ва парламент раисига расмий хат юборган. Улар орасида академиклар, собиқ депутат ва амалдорлар борлигига қараганда, ушбу 75 талик кимгадир ишониб, Президентга чақирув ташлаган. Айримлар бунда Ташиевнинг қўли борлиги ҳақида гапирган. Шу сабабли, Жапаров ва унинг атрофидагилар янги ҳуқуқий вакуум фонида Ташиевда хавф кўрган, эҳтимол. Гарчи Ташиевнинг ўзи бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган бўлса-да, сиёсатда потенциал хавфга ўрин йўқ.

Ташиевнинг истеъфоси ортидан тизимда жиддий “тозалаш ишлари” бошланди. Биринчилардан бўлиб, Ташиевнинг ўринбосарлари лавозимидан айрилди. Чегара хизмати Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) таркибидан чиқарилди, шунингдек, бевосита президентга бўйсунувчи янги Давлат қўриқлаш хизмати ташкил этилди. Маҳаллий парламент спикери Нурланбек Тургунбек ўғли истеъфога чиқарилди. Транспорт прокуратураси бошлиғи лавозимидан Ташиевнинг жияни Нургази Матисаков ҳам олинди.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларида Ташиевнинг “ўқул бола”, яъни асраб олинган ўғли деб аталиб келинган Транспорт ва коммуникация вазири Абсаттар Сирғабоев ҳам лавозимидан озод қилинди. Шунингдек, Иқтисодиёт ва тижорат вазирлиги ҳузуридаги Монополияга қарши кураш хизмати раиси ҳам алмашди. Бунгача ушбу хизматни МХДҚ собиқ раисининг синфдоши Женале Орозбаев бошқариб келган эди.
Атрофини таниш-билиш билан тўлдириб олган Қамчибек Ташиевнинг сиёсий карьерасининг бу тарзда “қулаши”, атрофдаги унга боғлиқ мансабдорларни ҳам тортиб кетди.

Янги “қилмишлар”

Бир вақтлар Қирғизистонда коррупцияга қарши кураш рамзига айланган собиқ хавфсизлик бошлиғи Қамчибек Ташиевнинг ўзи эндиликда давлат пулини ўмаришда айбланмоқда. Расмий риторикада “тозалаш” сиёсати тарғиб қилинаётган бир пайтда, амалиётда давлат ресурслари устидан назорат ким қўлида экани ҳақидаги саволлар кун тартибига чиқди.

“Қирғизнефтгаз” атрофида очилган сўнгги суриштирувлар бу тизимнинг ички механизмини очиб берди. 2021–2025 йиллар оралиғида давлат нефть компанияси камида 4 миллиард сомдан (45 миллион доллар) ортиқ зарар кўргани аниқланган. Бу оддий иқтисодий хатолик эмас – бу тизимли схемалар натижаси сифатида талқин қилинмоқда.

Суриштирув уч асосий механизмни кўрсатади. Биринчиси – ишлаб чиқаришдаги “йўқотишлар”ни сунъий ошириш. Расмий ҳисоботларда 29 минг тонна нефть йўқотилган деб кўрсатилган, ҳолбуки реал технологик йўқотишлар бундан бир неча баравар кам бўлиши керак эди. Беш йил давомида “Қирғизнефтгаз” қарийб 879 минг тонна нефть қазиб олган бўлиб, мутахассисларининг кўрсатмасига кўра, реал йўқотишлар қазиб олинган ҳажмнинг 1 фоизидан ошмаган. Бу шуни кўрсатадики, беш йиллик йўқотишлар кўпи билан 9 минг тонна бўлиши мумкин. Демак, тахминан 20 минг тонна хомашё “ғойиб бўлган” ва бу 560 миллион сомлик зарар дегани.

Иккинчи схема – воситачилар орқали даромадни “сўриб олиш”. Давлатга қарашли “Қирғиз нефть компанияси” заводи мавжуд бўлишига қарамай, нефть аввал хусусий фирмаларга сотилиб, кейин улар нефтни қайта ишлаш учун яна давлат заводига ўз номларидан топширган. Бу жараёнда асосий фойда айнан воситачилар қўлида қолган. Ҳисоб-китобларга кўра, бу схема орқали давлат камида 3 миллиард сом даромаддан маҳрум бўлган.

Энг муҳим нуқта эса учинчи схемада очилади. Ушбу тизимнинг якуний босқичи тайёр маҳсулотларни сотишдаги танловли ёндашув бўлган. Энг фойдали маҳсулотлар, хусусан дизель ва мазут, тор доирадаги хусусий компаниялар орқали сотилган. Бу компаниялар орасида Ташиевга яқин ёки қариндошлари билан боғлиқ бизнес субъектлари борлиги қайд этилади. Шундан сўнг ушбу ёқилғи бошқа харидорларга, жумладан, хорижий трейдерларга қайта сотилган. Айрим ҳолларда мазут яна ўша давлат заводининг ўзига қайтиб келган. Масалан, “Регион Ойл” фирмаси бир неча йил ичида қарийб 466 миллион сомлик мазут сотиб олган. Заводдан дизель ёнилғисини Тай-Мурас Ташиевга тегишли фирма олиб, кейинчалик уни Жалолобод вилоятидаги муниципал корхоналарга сотгани бўйича ҳолатлар ўрганилган.

Ташиевнинг қариндошлари харидоргир бўлмаган АИ-80 бензини ва нафтани сотиб олишга қизиқиш билдирмаган, шу сабабли завод уларни мамлакатнинг йирик нефть трейдерлари – “Альфа Ойл” ва “Партнёр Нефть”га сотишга мажбур бўлган.

Бу ерда масала фақат коррупция эмас – бу давлат активларининг “оилавийлаштирилиши” – непотизм ҳақида. Хусусан, Ташиевнинг қариндошлари нефтни қайта ишлаш ва реализация тизимининг турли босқичларида фаол иштирок этгани айтилади. Ҳатто, унинг жияни Бойғози Матисоқов нефтни қайта ишловчи “Қирғиз Петролеум Компани” (ҚПК) корхонасига раҳбарлик қилгани ҳам қайд этилган.

Ҳозирги вақтда ушбу занжирда иштирок этган хусусий компанияларнинг аксарияти ўз фаолиятини тўхтатган ёки изоҳ беришдан қочмоқда. Солиқ органлари миллий бюджетга етказилган зарарнинг якуний кўламини аниқлаш учун текширувларни давом эттирмоқда.

Тизимнинг инқирозли ҳолатини “Қирғизнефтгаз” ОАЖнинг янги раҳбари Самсали Четимбоев тасдиқлаган.

“Агар хомашёни ўзимиз қайта ишлаб сотганимизда, фойда анча кўп бўлар эди. Қайта ишлашдан воз кечиш – бу “Қирғизнефтгаз” манфаатларига мутлақо зид бўлган хатодир. Мен иш бошлаганимда компания ҳисобида бор-йўғи 1 миллион 200 минг сом маблағ бор эди. Иш ҳақидан қарзларни ёпиш учун жуда қийналдик. 10 мартдаги тайинловимдан сўнг зўрға бир ойлик маошларни тўлай олдик”, дейди Четимбоев.

Парадокс шундаки, айнан шу даврда Ташиев жамоатчиликка коррупцияга қарши кескин кураш олиб бораётганини таъкидлаб келган. У ҳатто, 2026 йилга бориб мамлакатда коррупцияни деярли йўқ қилишни ваъда қилган эди. Аммо фактлар шуни кўрсатадики, тизим ичида янги “марказлашган фойда оқими” шаклланган. Коррупционернинг ўзи порахўрликка қарши курашувчи қаҳрамон ниқобида.

Яна бир муҳим жиҳат – бу схемалар давлат компанияси фойда кўрган даврга тўғри келади. Масалан, 2023 йилда компания миллиардлаб сом фойда қилган. Бу эса саволни янада кескинлаштиради: агар компания фойда қилаётган бўлса, унда миллиардлаб йўқотишлар ким ҳисобидан ёпилган?

Шунга қарамай, буларнинг бари Ташиев феноменининг обрўсини пасайтириш, халқнинг севимли амалдорини унутишга ундаш ёки унга нисбатан нафрат кайфиятини шакллантиришга қаратилган ҳаракатлар ҳам бўлиши мумкин. Лавозимдан кетган бўлса-да, ҳануз тарафдорларга эга бўлган собиқ хавфсизлик қўмитаси раҳбарининг “ҳокимият курсиси” учун жиддий рақиб сифатида кўрилиши ҳеч кимга сир эмас. Аммо барча далиллар унга қарши ишлаётган бир пайтда бундай фикрлар ўринсиздек кўрилади.

Бу воқеалар Марказий Осиёда кенг тарқалган моделни эслатади: расмий равишда коррупцияга қарши кураш олиб борилади, аммо амалда иқтисодий ресурслар тор элита қўлида жамланади. Ташиев мисолида бу модель янада аниқроқ кўринади – давлат аппарати ва оилавий бизнес манфаатлари ўртасидаги чизиқ деярли йўқолган.

Хулоса қилиб айтганда, “Қирғизнефтгаз” атрофидаги можаро оддий иқтисодий жиноят эмас, балки тизимли муаммо – давлат капиталининг сиёсий ва оилавий манфаатларга хизмат қила бошлаганининг ёрқин мисолидир. Агар бу тенденция давом этса, Қирғизистон нефть сектори иқтисодий эмас, балки сиёсий ресурсга айланиши эҳтимоли юқори.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Жапаров Ташиев Қирғизнефтгаз Тандем схема Альфа Ойл Партнёр Нефть Самсали Четимбоев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг