Иккиламчи зарба: миллионлаб одам қашшоқлик ва иқлим таҳдидларидан азият чекмоқда

Олам

image

Экстремал қашшоқликда яшаётган одамларнинг деярли 80 фоизи, яъни дунё бўйича 1,1 миллиард аҳолининг 887 миллиони иссиқлик тўлқинлари, сув тошқинлари, қурғоқчилик ёки ҳавонинг ифлосланиши каби оғир иқлим ҳодисаларининг таъсирига дуч келмоқда. Бу маълумотлар янгиланган Кўп ўлчовли қашшоқлик глобал индекси (MPI) ҳисоботида келтирилган.

Ушбу ҳисобот БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) ҳамда Оксфорд университети қошидаги Қашшоқлик ва инсон ривожланишини ўрганиш ташаббуси томонидан Бразилияда бўлиб ўтадиган Иқлим конференцияси арафасида эълон қилинди. Унда айтилишича, иқлим инқирози қашшоқлик ҳақидаги тасаввурларни тубдан ўзгартирмоқда.

Ҳисоботга кўра, ўта қашшоқликда яшаётган 651 миллион киши бирданига икки ёки ундан ортиқ иқлим билан боғлиқ хавфга дуч келмоқда, 309 миллион киши эса уч ёки тўртта хавф билан бир вақтда тўқнаш келмоқда.

“Қашшоқлик эндиликда фақат ижтимоий-иқтисодий муаммо эмас. Аксинча, у тобора кучайиб бораётган иқлим инқирози оқибатлари билан чамбарчас боғланиб кетган”, дейди UNDP’нинг вақтинча маъмури Хаолян Сюй.

Билдирилишича, ўрта даромадли мамлакатлар қашшоқликнинг яширин марказига айланган. Уларда дунёдаги барча қашшоқ аҳолининг деярли учдан икки қисми яшайди. Айнан шу давлатларда қашшоқлик ва иқлим инқирози энг яқин даражада ўзаро боғланган.

Тадқиқотга кўра, қашшоқлик даражаси энг юқори бўлган мамлакатлар энг кучли иқлим таъсирларини бошдан кечирмоқда. Улар аср охирига бориб янада юқори ҳарорат ўсишига дуч келади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бугунги кунда бутун дунёда қарийб 733 миллион киши очликдан азият чекаётгани ҳақида хабар берган эди. Маълумотларга кўра, ҳар куни бир миллиарддан ортиқ порция яроқли озиқ-овқат ташлаб юборилмоқда. Бу миқдордаги овқат эса очликдан азият чекаётган барча одамларни кунига камида бир марта тўйдиришга етади.


Мақола муаллифи

Теглар

иқлим қашшоқлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг