Instagram’да сохта кийим дўкони очиб, одамларни “ухлатган”лар ушланди
3-саҳифа
−
12 Сентябрь 5785 2 дақиқа
Тошкент вилоятида ўтказилаётган “Хавфсиз кибермакон” тезкор-профилактика ойлиги доирасида “онлайн кийим дўкони” ниқоби остида ташкил этилган фирибгарлик фош этилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум бўлишича, 4 нафар шахс осон даромад орттириш мақсадида Instagram ҳамда Telegram орқали “эркаклар кийимлари савдоси” ниқоби остида сохта саҳифалар очиб, арзон нархларда маҳсулотлар таклиф қилган. Улар харидорлардан олдиндан пул ўтказишни сўраб, маблағларни бегоналарга тегишли банк карталарига туширган ва шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб келган.
Хусусан, жорий йилнинг 11 июнь куни Тошкент туманида яшовчи фуқаро Instagram орқали уларга боғланиб, реклама қилинган кийимни сотиб олиш учун 1 миллион сўмни улар кўрсатган карта рақамига ўтказиб берган. Бироқ пул ўтказилгач, барча ёзишмалар ўчирилиб, мулоқот тўхтатилган.
Дастлабки тергов жараёнида аниқланишича, сўнгги бир ой давомида улар фуқароларнинг жами 279 та банк пластик карталаридан алдов йўли билан 101 миллион сўмдан ортиқ маблағларни қабул қилиб олган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
“Шу ўринда Тошкент вилояти ИИББ фуқароларни яна бир бор огоҳликка чақиради! Онлайн харидда шошилманг, олдиндан пул ўтказманг. Арзон эълонларга алданманг, фақат ишончли саҳифалардан фойдаланинг. Шубҳали ҳолатларда эса дарҳол ички ишлар органларига хабар беринг. Огоҳ бўлинг”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида Android қурилмалари учун яратилган APK кенгайтмали вируслар орқали 133 кишининг картасидан қарийб 3 млрд сўмни ўғирлаган шахcлар қўлга тушган эди.
Live
Барчаси