Интернетда 600 одамни 1 млрд сўмга “ухлатганлар” ушланди
3-саҳифа
−
10 Ноябрь 4349 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқлар орқали 600 нафар фуқароларни алдаб, қарийб 1 миллиард сўм пулларини ўзлаштирган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Telegram ва Instagramʼда фуқароларга кредит лимитини нақд пул қилиб беришни ваъда қилиб, улардан олинган жами 1 миллиард 32 миллион сўм пулларни ўзлаштирган аноним шахслар Киберхавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланган.
Тошкент вилояти ИИББ Тезкор қидирув хизмати “Ахборот соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси” тезкор ходимлари томонидан Оҳангарон туманида яшовчи 2005 йилда туғилган фуқаро Б.Н. ва унинг уч нафар шериклари қўлга олинган.
Аниқланишича, улар Telegram мессенжери ҳамда Instagram ижтимоий тармоғида “лимитлаш хизмати” номли саҳифа очиб, фуқароларга микромолия ташкилотлари томонидан ажратилган кредит лимитларини нақдлаштириб беришни ваъда қилган.
Шу орқали гумондорлар ўзлари рўйхатдан ўтказган тадбиркорлик субъекти орқали онлайн савдо платформаларида фаолият юритиб, фуқаролардан олинган жами 1 миллиард 32 миллион сўм пул маблағларини алдов йўли билан ўзлаштирган.
Мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Билдирилишича, ҳозирда фуқароларга етказилган моддий зарарларни ундириш чоралари кўрилиб, дастлабки тергов ҳаракатларига киришилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда сўнгги беш йилда кибержиноятлар сони 68 баробарга кўпайгани ҳақида хабар берилганди.