Ислом тараққиёт банки Ўзбекистон йўллари ва таълими учун 164 млн доллар ажратади
Жамият
−
09 Февраль 1188 2 дақиқа
Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонга йўл реконструкцияси учун 70 млн доллар ва таълим учун 94,06 млн доллар ажратади. Бу ҳақда банкнинг расмий сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, кеча, 8 февраль куни ривожланаётган бозор иқтисодиётлари бўйича иккинчи AlUla конференцияси доирасида Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Муҳаммад Ал Жассир ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров муҳим инфратузилма ва ижтимоий ривожланиш лойиҳаларини илгари суриш мақсадида молиялаштириш битимларини имзолаган.
Ҳужжатларни имзолаш маросимидан аввал томонлар икки томонлама музокаралар ўтказиб, ИТБ –Ўзбекистон ҳамкорлигини кенгайтириш, Ўзбекистоннинг миллий ривожланиш мақсадларига мос юқори самарали ташаббусларни жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилган.
Биринчи битим ИТБ томонидан ажратилаётган жами 192 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағнинг 70 миллион долларлик босқичини ўз ичига олади. Ушбу маблағ 4R40 Даштобод–Зомин–Бахмал–Ғаллаорол автомобиль йўлини реконструкция қилиш лойиҳасига йўналтирилади. Молиялаштириш Жиззах вилоятидаги 4R40 минтақавий автомагистралининг 143 километр қисмини қайта қуриш ҳамда 30 километр маҳаллий ва қишлоқ йўлларини таъмирлашни назарда тутади.
Билдирилишича, мазкур ташаббус транзитдаги тор жойларни бартараф этиш ва 200 минг нафар аҳолининг хавфсизлигини оширишга қаратилган. М39 халқаро йўлагига туташ муҳим йўлни модернизация қилиш орқали лойиҳа бозорларга ва ижтимоий хизматларга киришни яхшилайди ҳамда ҳудуднинг иқтисодий ва туризм салоҳиятини очиб беради.
Иккинчи битим ИТБнинг жами 160,25 миллион долларлик ҳиссасининг 94,06 миллион долларлик босқичини расмийлаштиради. Маблағ SmartEd лойиҳасини амалга оширишга йўналтирилади.
SmartEd лойиҳаси доирасида республика бўйлаб 58 та янги таълим муассасаси қурилиб, жиҳозланади ҳамда мавжуд мактабларга қўшимча 2 431 та синфхона қурилади. Лойиҳа ҳар йили 72 930 нафар ўқувчига фойда келтирадиган инклюзив ва компетенцияга асосланган таълим тизимини шакллантиришни, шунингдек 36 115 нафардан ортиқ ўқитувчи ва маъмурий ходимлар учун махсус тайёргарлик дастурларини ташкил этишни кўзда тутади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон Республикасига Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик -коридорининг асосий қисмини модернизация қилиш учун 233,1 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз ажратишни маъқуллаган эди.
Live
Барчаси