Исроил ҲАМАС қўмондонини ўлдирди
Олам
−
14 Декабрь 4012 2 дақиқа
Исроил ҳарбийлари кеча, 13 декабрь куни Ғазо шаҳрида автомашинага берилган зарба билан ҲАМАСнинг юқори лавозимли қўмондони Раед Саид ўлдирилганини билдирди. Исроил томонига кўра, у 2023 йил 7 октябрда Исроилга қарши уюштирилган ҳужумларнинг асосий режалаштирувчиларидан бири бўлган.
Бу жорий йил октябрь ойида Ғазода ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув кучга киргандан бери ҲАМАСнинг энг таниқли юқори лавозимли вакилига нисбатан амалга оширилган суиқасд ҳисобланади.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Мудофаа вазири Исроил Кац қўшма баёнотда Саид ҲАМАС томонидан ўша куни амалга оширилган, икки исроиллик аскар жароҳат олган портловчи қурилма ҳужумига жавобан нишонга олинганини айтди.
Ғазо соғлиқни сақлаш идоралари маълумотига кўра, Ғазо шаҳридаги автомашинага қилинган зарба оқибатида беш киши ҳалок бўлган, камида 25 киши яраланган. ҲАМАС ёки тиббий манбалар Саид ҳалок бўлгани ҳақида дарҳол тасдиқ бермади.
Исроил ҳарбий манбаси Саидни ҲАМАСнинг юқори лавозимли аъзоси сифатида таърифлаб, у гуруҳнинг қурол ишлаб чиқариш тармоғини яратиш ва ривожлантиришда муҳим роль ўйнаганини билдирди.
“Сўнгги ойларда у ҲАМАСнинг салоҳиятини ва қурол ишлаб чиқаришни қайта тиклаш билан шуғулланди, бу эса ўт очишни тўхтатиш келишувининг очиқдан-очиқ бузилиши”, дейди исроиллик манба.
ҲАМАСга яқин манбалар эса Саидни гуруҳнинг қуролли қанотида Изз ад-Дин ал-Ҳаддаддан кейин иккинчи шахс деб атаган. У аввал ҲАМАСнинг энг йирик ва яхши жиҳозланган бўлинмаларидан бири ҳисобланган Ғазо шаҳри батальонига раҳбарлик қилган.
ҲАМАС баёнот билан чиқиб, ҳужумни ўт очишни тўхтатиш келишувининг бузилиши деб қоралади, бироқ Саидга зарар етган-етмаганини айтмади ва жавоб чоралари билан таҳдид қилишдан тийилди.
Ғазодаги уруш 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС етакчилигидаги жангчилар жанубий Исроилга ҳужум қилиб, асосан тинч аҳолидан иборат 1200 кишини ўлдиргани ва 251 кишини асир олганидан кейин бошланган. Ғазо соғлиқни сақлаш идоралари маълумотига кўра, Исроилнинг ҳужумлари оқибатида 70 700 дан ортиқ фаластинлик, аксарияти тинч аҳоли ҳалок бўлган.
Жорий йил 10 октябрдаги ўт очишни тўхтатиш келишуви юз минглаб фаластинликларнинг Ғазо шаҳри вайроналарига қайтишига имкон берди. Исроил қўшинлари шаҳар ичидаги позициялардан чекинди, гуманитар ёрдам оқими ҳам ошди.
Шу билан бирга, зўравонлик тўлиқ тўхтамади. Фаластин соғлиқни сақлаш идоралари келишувдан бери Исроил зарбаларида камида 386 киши ҳалок бўлганини айтади. Исроил эса ўт очиш тўхтатилгандан бери уч нафар аскари ҳалок бўлганини ва ўнлаб жангчиларга зарба берилганини маълум қилди.
Live
Барчаси