Исроил 30 га яқин ёрдам кутаётган ғазоликни ўлдирди
Олам
−
03 Июнь 3478 2 дақиқа
Исроил армияси Ғазо секторининг жанубида инсонпарварлик ёрдамини кутаётган 27 ғазоликни ўлдирди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.
Ғазонинг Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳодиса Рафаҳ шаҳрининг Эл-Алем ҳудудидаги ёрдам тарқатиш пунктида содир бўлган. Ҳужум оқибатида 27 киши ҳалок бўлган, 90 дан ортиқ одам тан жароҳати олган. Баъзи яраланганларнинг аҳволи ниҳоятда оғир экани билдирилган.
Исроил баёнотига кўра, ҳарбийлар ёрдам пунктидан тахминан ярим километр нарида ҳаракатланаётган шубҳали шахсларга қарата олдин огоҳлантирувчи, сўнгра эса “хавф туғдирган” бир неча гумонланувчига қарата ўқ узган.
Сўнгги ҳафталарда Исроил армиясининг ёрдам тарқатиш жойларига уюштирган ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 79 нафарга етди. Исроил 27 майдан бошлаб АҚШ ва Исроил кўмагида ташкил этилган “Ғазо гуманитар ёрдами фонди” доирасидаги тақсимлаш пунктларига зарбалар бера бошлаган. Бу ҳудудларда ёрдам олиш учун келган тинч аҳоли вакилларига қарата ўт очилмоқда.
Жорий йилнинг 1 июнь куни Исроил армияси Ғазонинг икки ҳудудида ёрдам кутаётган одамларга ҳужум уюштириб, 32 кишини ўлдирди, 232 нафарга яқин одамни яралади. Исроил расмийлари эса ёрдам кутаётган тинч аҳолига қарата ўқ узилганини ва ўнлаб одамлар ҳалок бўлганини рад этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил блокада остидаги Ғазо секторига йўл олган қарийб 3 мингта гуманитар ёрдам юк машинасининг киришига тўсқинлик қилгани ҳақида хабар берилганди.