Исроил Ливандаги қишлоқда рейд ўтказди. Ўнлаб қурбонлар бор
Олам
−
08 Март 2258 3 дақиқа
Эрон қўллаб-қувватлайдиган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи билан уруш кескинлашиб бораётган бир пайтда Исроилнинг кенг кўламли ҳаво ва қуруқлик операциялари оқибатида Ливанда ўнлаб одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Бекаа водийсининг шарқий қисмидаги шаҳарларидан бирида ўтказилган Исроил операцияси давомида бир кечада камида 41 киши ҳалок бўлган, яна 40 киши жароҳат олган. Бу ҳудуд ҳозир тобора кучайиб бораётган жангларнинг асосий ўчоқларидан бири ҳисобланади.
Ҳалок бўлганлар орасида Ливан армиясининг уч нафар ҳарбий хизматчиси ҳам бор. Маҳаллий аҳоли эса ўлдирилганлар орасида болалар ҳам борлигини айтиб, уларнинг исмларини санаб ўтган.
Наби-Шит шаҳрида ўтказилган операциянинг мақсади 40 йил аввал Ливанда бедарак йўқолган исроиллик ҳарбий учувчининг қолдиқларини топиш бўлган.
Кеча, 7 март куни куни қишлоқ қабристонининг бир бурчагида қазилган чуқур пайдо бўлган — у ерда қабр очилган.
“Улар уни шу ерда деб ўйлашган, лекин қабр бўш чиқди”, дейди маҳаллий аҳолидан бири бўш қабрни кўрсатиб.
Шаҳарнинг бошқа жойида ўқлар билан тешиб ташланган вайрон автомобиль кўринган, унинг ўриндиқлари эса қонга беланган.
Атрофдаги бинолар вайронага айланган, ерда эса улкан кратер пайдо бўлиб, қўшни уйлар ҳам зарар кўрган.
Вайроналар орасидан кундалик ҳаётга оид буюмлар — болалар китоби, расмлар ва ошхона жиҳозлари ҳам топилган.
Бу ҳудудда устун куч ҳисобланган “Ҳизбуллоҳ” журналистларга қишлоққа киришга рухсат берган. Бу ташкилот Буюк Британия, АҚШ ва бошқа бир қатор давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган.
Ливан ҳарбийларининг маълум қилишича, жорий йил 6 март куни кечқурун Ливан ва Сурия чегараси яқинида тўртта Исроил самолёти пайдо бўлган, улардан иккитаси қўниб, махсус кучлар аскарларини туширган.
Шундан сўнг, “кенг кўламли ҳаво бомбардимони” бошланган.
“Ҳизбуллоҳ” билан Исроил ўртасидаги урушдан четда туришга ҳаракат қилаётган Ливан армияси ўз бўлинмалари “зудлик билан жанговар шайлик ва мудофаа чораларини кўрганини”, қўниш жойини аниқлаш учун ёритувчи ракеталардан фойдаланганини билдирган.
Наби-Шит кўчаларида Исроил кучлари, “Ҳизбуллоҳ” жангчилари ва уйларини ҳимоя қилган маҳаллий аҳоли ўртасида тўқнашувлар юз берган.
“Ярим тунда қишлоқнинг бир томонида ғалати ҳаракатни пайқадик. Маълум бўлишича, бу қандайдир топшириқни бажариш учун туширилган Исроил бўлинмаси экан. Кейин уларни қуршаб олишди, оғир жанглар бошланди. Шундан сўнг авиация уларни эвакуация қилиш учун зарбаларни кучайтирди ва бу улкан вайронагарчиликка олиб келди”, дейди маҳаллий амалдор.
“Ҳизбуллоҳ” вакиллари ва маҳаллий аҳоли айтишича, Исроил махсус кучлар чекиниши учун уларни ҳимоя қилиш мақсадида бу ҳудудга қарийб 40 марта ҳаво зарбаси берган.
Гувоҳлар BBC’га Исроил ҳарбийлари Ливан армияси формасида келганини ва “Исломий соғлиқни сақлаш ташкилоти” рамзлари туширилган тез ёрдам машиналаридан фойдаланганини айтган. Бу тузилма “Ҳизбуллоҳ” билан боғлиқ ҳисобланади.
Кейинчалик Ливан армияси бош қўмондони бу маълумотни маҳаллий ОАВга тасдиқлаган, бироқ Исроил армияси BBC’нинг сўровига жавоб бермаган.
Қишлоққа Исроил томонидан эвакуация буйруғи ҳам берилган бўлиб, маҳаллий аҳоли операция бошланишидан сал олдин яна бир бор тинч аҳолига уйларини тарк этиш чақириғи янграганини айтмоқда.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳафта бошидан буён бутун мамлакат бўйлаб Исроил ҳарбийлари ҳаракатлари оқибатида камида 294 киши ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил армияси Эронга қарши операция билан бир вақтда Ливан жанубида ҳам ҳаракат қилаётгани ва “олдинги мудофаани кучайтириш учун” чегара яқинидаги бир нечта нуқталарда позицияларни эгаллагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси