Исроилдаги ўзбекистонликларга мамлакатни тарк этиш йўллари айтилди
Жамият
−
18 Июнь 9333 3 дақиқа
Ҳозирги хавфсизлик вазияти муносабати билан Исроилни мустақил равишда тарк этиш истагида бўлган Ўзбекистон фуқаролари бир нечта назорат-ўтказиш пунктлари орқали мамлакатни тарк этиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси маълумот берди.
Хусусан, ушбу назорат-ўтказиш пунктлари орқали мамлакатдан чиқиб кетиши мумкин:
- “Менахем Бегин” / “Таба” – Исроил-Миср чегарасида жойлашган (Исроилнинг Эйлат ва Мисрнинг Таба шаҳарлари ўртасида);
- “Шайх Хусайн” – Исроил-Иордания шимолий чегарасида жойлашган (Исроилнинг Байт-Шеан ва Иорданиянинг Ирбит шаҳарлари ўртасида);
- “Ицхак Рабин” / “Вади Арава” – Исроил-Иордания жанубий чегарасида жойлашган (Исроилнинг Эйлат ва Иорданиянинг Акаба шаҳарлари ўртасида).
Барча кўрсатилган чегара пунктлари ҳозирда одатий тартибда (24 соат) фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистон фуқаролари “Менахем Бегин” / “Таба” назорат-ўтказиш пунктни кесиб ўтиб, Мисрга визасиз (“Синай кириш муҳри” орқали) кира олади. “Синай кириш муҳри” – 14 кунгача фақат Синай ярим ороли ҳудудида бўлиш ҳуқуқини беради (Қоҳира ва бошқа шаҳарларга сафар қилиш мумкин эмас).
- 21 ёшга тўлмаган фуқароларга ота ёки оналаридан бири ҳамроҳлик қилиши шарт.
- “Таба”дан Шарм аш-Шайхгача (270 км) автобус ёки автомобилларда ҳаракатланиш имконияти мавжуд.
Авиақатновлар (Шарм аш-Шайх аэропортидан):
- UzAirways: ҳафтасига 3 марта (сешанба, чоршанба, шанба, соат 12:35) Тошкентга;
- Turkish Airlines: ҳар куни 1 ёки 2 марта Истанбулга (Истанбул халқаро аэропортига. Тошкентга транзит);
- Pegasus Airlines: ҳар куни 1 ёки 2 марта Истанбулга (Сабиҳа Гўкче аэропортига. Тошкентга транзит).
Иордания орқали:
“Шайх Хусайн” (Байт-Шеан шаҳри) ёки “Ицхак Рабин” / “Вади Арава” (Эйлат шаҳри) назорат-ўтказиш пункти орқали Иордания пойтахтигача бориб, кейин қуйидаги авиайўналишлардан фойдаланиш мумкин:
- “Уммон – Истанбул – Тошкент”;
- “Уммон – Дубай – Тошкент”.
Эслатма: Иорданияга кириш учун мамлакат ИИВ сайти орқали виза олиш зарур:
- https://www.moi.gov.jo
- https://moi.gov.jo/EN/Pages/Visa_E_Applications
- https://www.eservices.moi.gov.jo.
Зарур ҳолларда Ўзбекистон элчихоналарининг фавқулодда телефон рақамларига мурожаат қилиш мумкин:
- Мисрда (+202 333-617-23; +20 128 666-1441, eg.uzembassy@mfa.uz);
- Саудия Арабистонида, ўриндошлик асосида Иорданияда (+966 11 263-5223, +966 56 721-7731, uzbembriyadh@gmail.com);
- Исроилда (+972 (3) 672-2466, 672-2371, 758-5075, 758-5076, (54) 485-1397, il.uzembassy@mfa.uz).
Исроил ҳудудини тарк этаётганда шахсий хавфсизлик эҳтиёт чораларини кўриш ва Фронторти буйруғи томонидан берилган кўрсатмаларга қатъий амал қилиш сўралади.
Қайд этиш жоиз, олдинроқ Эрон ва Исроил ўртасидаги уруш тобора авж олиб бораётгани боис Исроилдаги ўзбекистонликларга хавфсизлик масалалари бўйича Фронторти буйруғи томонидан махсус огоҳлантиришлар берилиши хабар қилинган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов 16 июнь ҳолатига кўра, 30 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Эрон ҳудудидан Туркманистон ва Озарбайжон орқали муваффақиятли эвакуация қилинганини билдирган эди.
Кейинроқ эса Ўзбекистон ва яна 16 давлатдан бўлган 600 нафар фуқаро Эрон ҳудудидан Озарбайжон орқали олиб чиқилгани хабар қилинди. Хусусан, МДҲ давлатларидан Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари эвакуация қилинган.
Live
Барчаси