Истанбулда метро поезди рельсдан чиқиб кетди (видео)
Олам
−
20 Июнь 2540 2 дақиқа
Кеча, 19 июнь куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Кадикўй ва Сабиҳа Гўкчен халқаро аэропорти ўртасида қатновчи M4 метро йўналишидаги поезд Бостанжи бекатида рельсдан чиқиб кетди. Ҳодиса оқибатида 3 киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Metro İstanbul” хабар берди.
Баёнотда поездда носозлик юзага келгани ва қатновлар кечикишлар билан давом этаётгани билдирилган. Бироқ носозлик нимадан иборат эканлиги ҳақида ҳеч қандай тафсилот берилмаган.
“M4 Кадикўй-Сабиҳа Гўкчен аэропорти метро йўналишида техник носозлик сабабли қатновлар Малтепе ва Сабиҳа Гўкчен аэропорти бекатлари оралиғида амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда.
“T24” хабарига кўра, ушбу ҳодисадан сўнг воқеа жойига ўт ўчириш ва тиббий ёрдам гуруҳлари жўнатилган. Поезддан эвакуация қилинган йўловчилар бир муддат туннель бўйлаб пиёда юришга мажбур бўлган.
Ижтимоий тармоқларда пост қолдирган кўплаб йўловчилар қатновларнинг кечикаётганидан шикоят қилган.
Мазкур масала юзасидан Истанбул вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдуллоҳ Эмре Гунер баёнот берган.
“M4 Кадикўй-Сабиҳа Гўкчен аэропорти метро линиясида юз берган ҳодисадан сўнг ҳудудга кўплаб 112 тез тиббий ёрдам бригадалари ва Миллий тиббий қутқарув гуруҳи ходимлари йўналтирилди. Гуруҳларимиз воқеа жойида зарур тиббий хавфсизлик чораларини кўрдилар ва тегишли ташкилотлар билан мувофиқликда ишларни давом эттиришмоқда”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Лондон шимолидаги Бедфорд шаҳри яқинида иккита йўловчи поезди тўқнашиб кетиши оқибатида камида бир киши ҳалок бўлгани, яна ўнлаб одамлар жароҳатлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси