Ижодкорларга уй олиш ва ижара тўловини тўлашда ёрдам берилади
Маданият-санъат
−
01 Июнь 1267 2 дақиқа
Эндиликда ҳар йили 1 минг нафар шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат вакиллари, музей ходими ва рассомларга уй-жой олиш учун ипотека кредити дастлабки тўловининг 50 фоизи қоплаб берилади. Бу ҳақда бугун, 1 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашувида маълум қилинди.
Қайд этилишича, ижодий ташкилотлар, маданият ва санъат муассасаларига бошқа ҳудуддан келиб ишлаётган соҳа вакиллари ҳам кўп. Бугундан бошлаб уларга уй-жой ижараси учун Тошкент шаҳрида ойига 2,5 миллион сўмгача, вилоятларда 1 миллион 600 минг сўмгача харажатини қоплаб бериш йўлга қўйилади.
Ҳар йили фаолиятида яхши натижага эришган 1 минг нафар соҳа ходими давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳисобидан бепул даволанади. Яна 2 минг нафар ижодкорга давлат томонидан тиббий суғурта пакети тақдим этилади. Камида 10 йил ишлаган ходимларга санаторийларига бепул йўлланма берилади.
15 июндан халқ артисти, халқ шоири, халқ ёзувчиси каби юксак фахрий унвонга эга ижодкорларнинг аэропорт ва вокзаллардаги VIP заллардан бепул фойдаланиши таъминланади.
Ашула ва рақс ансамблларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 1-сентабрдан бошлаб улардаги барча ходимларнинг иш ҳақи 2 карра оширилади.
Рақс усталарига пенсия учун талаб этиладиган рақс стажи 20 йилдан 15 йилга қисқартирилиб, қолган 5 йилини балетмейстер, репетитор ва педагог сифатида давом эттиришига рухсат берилади.
Президент Янги Тошкентда қурилиши бошланган Мақом маркази ёнида замонавий ва муҳташам Рақс саройини барпо этишни таклиф қилган. Мутасаддиларга рақс санъатини ривожлантириш бўйича катта дастур ишлаб чиқиш топширилган.
Композитор ва бастакорлар фаолиятини молиялаштириш, уларни моддий рағбатлантириш тизими ҳам тўлиқ қайта кўриб чиқилиши қайд этилган.
Ҳар йили уларга опера, симфония каби мумтоз ва замонавий жанрлар бўйича камида 20 та янги асар яратиш учун давлат буюртмаси бериб борилади.
Аэропорт, вокзал, метро, парк, йирик савдо-сервис объектлари, кафе ва ресторанларда миллий куй ва қўшиқлар доим янграб туриши кераклиги таъкидланган.
Live
БарчасиШавкат Мирзиёев Россияга боради
02 Июнь